Yangiliklar
Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан “MUHAMMAD NIYOZMETOV” хусусий болалар боғчаси раҳбари Ш.Ниязметовнинг Урганч тумани Юқорибоғ қишлоғи Оқ олтин маҳалласи ҳудудида жойлашган болалар боғчаси ер ва молк-мулк солиғидан имтиёзга эга бўлишига қарамасдан, Урганч туман давлат солиқ инспекцияси томонидан жами
61 116 485,1 сўмлик солиқ ва устама ҳисобланиб, уни ундириш тўғрисида ижро варақа бериш юзасидан судга даъво ариза киритилганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати кўриб чиқилди.
Мурожаатни кўриб чиқиш якуни бўйича вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига киритилган қарши даъво аризага асосан суднинг 2019 йил 19 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан Урганч туман давлат солиқ инспекциясининг даъво аризасини қаноатлантириш рад этилиб, Урганч туман давлат солиқ инспекциясига фуқаро Ш.Ниязметовга нисбатан 2018 йил 31 декабрь ҳолатига ҳисобланган мол-мулк солиғидан 29 304 379,92 сўм, ер солиғидан
29 385 148,75 сўм ва СОРЖ (устама суммаси) 2 426 956,43 сўм
жами 61 116 485,1 сўм солиқ қарздорлигини бекор қилиш мажбурияти юклатилди.
Урганч туман адлия бўлими томониндан тумандаги 7 та тадбиркорлик субъектлари турли фаолиятлар билан шуғулланиш мақсадида 2018 йилнинг август ойида туман ҳокимининг тегишли қарорларига асосан ер майдонлари ажратиб берилганлиги бироқ, собиқ бош прокуратура ҳузуридаги агроинспекциясининг вилоят бошқармаси томонидан 2019 йилнинг январь ойида туман ҳокимлигига киритилган протестга асосан ушбу тадбиркорларга ер ажратиш тўғрисидаги қарорлар бекор қилинганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари ўрганилди.
Ўрганиш натижасига кўра, Урганч туман адлия бўлими томонидан тадбиркорларга ажратиб берилган ер участкалари амалдаги қонун ҳужжатларига номувофиқ равишда олиб қўйилганлиги аниқланиб, туман ҳокимлигига тақдимнома киритилди ва туман ҳокимининг қарорини бекор қилиш орқали тадбиркорларнинг белгилнган ерлари қайтариб берилди.
Хоразм вилояти адлия бошқармасида 2019 йил ноябрь ойи якуни бўйича амалга оширилган ишлар таҳлилига асосан ойнинг энг яхши ходими аниқланди. Унга асосан Хоразм вилоят адлия бошқармаси Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими бошлиғи Бабажанов Нуриддин Фахреддинович “Ойнинг энг яхши ходими” дея эътироф этилди.
Шу муносабат билан Хоразм вилояти адлия бошқармаси жамоаси Бабажанов Нуриддин Фахреддиновичнинг келгуси фаолиятига омад тилаган ҳолда унинг бошқарма фаолиятига қўшиб келаётган ҳиссаси учун чуқур миннаддорчилик билдиради.
Қўшкўпир туман “Қоромон” маҳалласида 2019 йил 12 февраль куни туман адлия бўлими томонидан ўтказилган сайёр қабул давомида фуқаро К.Машарипованинг ерга бўлган ҳуқуқни тиклаш бўйича мурожаати қилинди. У мурожаатида турмуш ўртоғи марҳум Қ.Бобожонов томонидан 2011 йил
11 ноябрдаги “Кўчмас мулк савдо хизмати” МЧЖ ўтказилган танлов савдосида танловга қўйилган туманнинг Кенагас қишлоғи Қоромон маҳалласи ҳудудидан “Тикувчилик цехи” қуриш учун 330 м2 ер участкасини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан 150.000 сўмга танлов ғолиби бўлиб,
3-сонли баённома асосида расмийлаштирилган бўлсада, туман ҳокимлиги томонидан ер майдони шу кунга қадар ажратилмаганлигини билдирди.
Ўрганиш давомида, туман ҳокимлиги томонидан мазкур туманнинг Кенагас қишлоғи Қоромон маҳалласи ҳудудидан “Тикувчилик цехи” қуриш учун 330 м2 ер участкаси ўрганиш кунига қадар турли хил сабабларга кўра ажратиб берилмаганлиги, фуқаро Қ.Бобожонов 2014 йил 20 февраль йилда вафот қилганлиги, шундан кейин ер майдонини ажратиш масаласида унинг турмуш ўртоғи К.Машарипова туман ҳокимлигига бир неча бор оғзаки ва ёзма равишда мурожаат қилиб келган бўлсада, унга ер майдони ажратиб берилмаганлиги аниқланди.
Туман адлия бўлими томонидан фуқаро К.Машарипованинг манфаатини кўзлаб, туман ҳокимлигига сотиб олинган ер майдонини ажратиб бериш мажбуриятини юклаш тўғрисида Қўшкўпир туман маъмурий судига ариза киритилиб, суднинг 2019 йил 26 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан Қўшкўпир туман ҳокимиятига тикувчилик цехи қуриш учун 330 м2 ер участкасини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан марҳум Қ.Бобожоновнинг турмуш ўртоғи К.Машариповага ажратиб бериш мажбурияти юклатилди ва муаллифнинг ерга бўлган ҳуқуқи тикланди.
Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг 22 ноябрь куни Урганч ҳарбий прокуратураси, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов бўйича ўқитиш учун тайинланган мутахассислари билан хамкорликда Урганч шаҳридаги 7260-сонли ҳарбий қисм биносида ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзолари иштирокида семинар тренинг машғулоти ўтказилди. Семинарда асосан харбий қисмларда сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби ва унга қўйиладиган талаблар, харбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини сайлов куни сайлов жараёнларида иштирок этиш тартиби, муддатидан олдин овоз бериш тартиби ва шартлари хусусида атрофлича тушунтиришлар берилиб, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 июндаги “Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Семинар очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, Қонун ижроси ва сайлов қонунчилиги бўйича берилган саволларга бошқарма ходимлари томонидан белгиланган тартибда жавоблар берилди.
Гурлан туман адлия бўлими томонидан тумандаги Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонасида тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган сайёр қабулда якка тадбиркорлар М.Матмуратова ва Ф.Арнамуратоваларнинг туман ҳокими қарорига асосан ажратиб берилган ер майдони заҳирага қайтариб олиниши ҳақидаги қарорининг қонунийлигини ўрганишда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаатлари кўриб чиқилди.
Мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида туман ҳокимининг
2014 йил 17 февралдаги 188-сонли қарорининг якка тадбиркор Ф.Арнамуратовага “Совунчи” маҳалласи ҳудудидан маҳалла гузари қуриш учун 1000 метр квадрат ер майдони ажратиб бериш ҳақидаги қисми, 2013 йил 13 декабрдаги 893-сонли қарорининг М.Матмуратовага “Совунчи” маҳалласи ҳудудидан интернет кафе қуриш учун 72 метр квадрат ер майдони ажратиб бериш ҳақидаги қисми туман қурилиш бўлимининг тақдимномаси асосида туман ҳокимининг 2017 йил 27 мартдаги 839-сонли қарори билан бекор қилинганлиги аниқланди.
Якка тадбиркорлар Ф.Арнамуратова ва М.Матмуратоваларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижасига кўра, туман ҳокими қарорининг уларга ер майдони ажратиш ҳақидаги қисмини бекор қилишда Ўзбекистон Республикаси Ер Кодексининг 38-моддаси талаблари бузилганлиги ҳолати аниқланди. Мазкур қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш ҳамда туман ҳокимининг 2017 йил 27 мартдаги 839-сонли қарорининг бир қисмини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан Гурлан туман маъмурий судига ариза киритилиб, суднинг 2019 йил 20 сентябрдаги ҳал қилув қарорига асосан якка тадбиркорлар Ф.Арнамуратова ва М.Матмуратоваларнинг ер майдонлари ўзларига қайтарилди.
Ҳазорасп туман адлия бўлими томонидан “Туямуйин-Урганч” минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси ДУК Хазорасп туман бўлимида 2019 йил 23 октябрь куни бўлиб ўтган сайёр қабул давомида
15 нафар ишчи-ходимларнинг ушбу ташкилотда ишлаган даври учун иш ҳақлари ўз вақтида тўланмаганлиги ва уни ундиришда амалий ёрдам сўраб қилган мурожатлари юзасидан бўлим фаолиятида қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи мониторинг тартибида таҳлил қилинди.
Таҳлил натижасига кўра, жорий 23 октябрь ҳолатига “Туямўйин-Урганч” МСҚФБ ДУК Хазорасп туман бўлими томонидан бўлимда ишлаб келаётган
15 нафар ходимларга 2018 йил октябрь ойига қадар иш ҳақлари жами 47 млн. 235 минг 285 сўм ҳисобланиб тўланиши лозим бўлса-да, ўрганиш кунига қадар тўланмаганлиги аниқланди.
Юқорида қайд этилган қарздорлик юзасидан “Туямўйин-Урганч” МСҚФБ ДУКга аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди ва ушбу киритилган тақдимномага асосан “Туямўйин-Урганч” МСҚФБ ДУК Хазорасп туман бўлимда ишлаб келаётган
15 нафар ходимларнинг тўланмасдан келаётган иш ҳақилари тўлиқ тўлаб берилишига эришилди.
Ҳонқа туман адлия бўлими томонидан жорий йилнинг 16 ноябрь куни Хоразм вилоят божхона бошқармасида сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов бўйича ўқитиш учун тайинланган мутахассислари билан хамкорликда божхона бошқармаси ходимлари иштирокида “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида семинар ўтказилди. Мазкур семинарда Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 июндаги “Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти йиғилиш иштирокчиларига тушунтирилди. Семинар очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, Қонун ижроси ва сайлов қонунчилиги бўйича берилган саволларга бўлим ходимлари томонидан белгиланган тартибда жавоблар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5415-сонли Фармонида давлат органлари ва ташкилотларининг туман (шаҳар) тузилмаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва таҳлил қилиш туман (шаҳар) адлия бўлимларининг асосий вазифаларидан бири қилиб белгиланган.
Шунга кўра, Шовот туман адлия бўлими томонидан тумандаги ташкилотлар томонидан тадбиркорлик субъектларига (шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорлар) нисбатан қўлланилган маъмурий жарималар аҳволи таҳлил қилинди.
Аниқланишича, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими (кейинги ўринларда Бўлим деб юритилади) томонидан 2019 йил
28 август куни якка тартибдаги тадбиркор Оллобергонов Шоназар Юсуббоевичга (ИНН:538275834, рўйхатдан ўтган санаси 2017 йил
19 октябрь, амал қилиш муддати 2020 йил 31 май) нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, шу куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 109-моддаси билан ветеринария қонунчилиги талабларини бузганлиги учун 111500 сўм миқдорида жарима солиш ҳақида қарор қабул қилинган ва ушбу пул маблағи 2019 йил 28 август куни ундирилган.
Шунингдек, бўлим томонидан якка тартибдаги тадбиркор Бозорбоев Бекзод Икром ўғлига (ИНН:551613613, рўйхатдан ўтган санаси 2019 йил
12 август, амал қилиш муддати 2020 йил 31 август) нисбатан 2019 йил
28 август куни маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган ва шу куни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 109-моддаси билан ветеринария қонунчилиги талабларини бузганлиги учун 111500 сўм миқдорида жарима солиш ҳақида қарор қабул қилинган ва ушбу пул маблағи 2019 йил 28 август куни ундирилган.
Ўрганиш жараёнида ушбу қарорлар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245-моддаси 3-қисми моддаси талабларига зид равишда қабул қилинганлиги аниқланиб, мазкур қонунбузилишларни бартараф қилиш юзасидан Шовот туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимибошлиғи номига 2019 йил 16 октябрь куни тақдимнома киритилди.
Киритилган тақдимнома жорий йилнинг 21 октябрь куни бўлимнинг умумий йиғилишида кўриб чиқилиб тадбиркорларга нисбатан маъмурий жаримага тортиш юзасидан қабул қилинган қарорларни бекор қилинди.
Жорий йилнинг 13 ноябрь куни вилоят адлия бошқармаси, вилоят прокуратураси, Фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича вилоят кенгаши ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Коррупцияга қарши курашиш бўйича “Энг фаол фуқаролар йиғини” кўрик танловининг Хоразм вилоят босқичи бўлиб ўтди. Танлов уч босқичда бўлиб ўтиб, бунда асосан жойларда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар,
савол-жавоб ҳамда коррупциявий ҳолатларни акс эттирувчи турли хил кўринишдаги чиқишлар тадбир иштирокчиларига намойиш этилди. Танлов якуни бўйича, биринчи ўринни Боғот туманидаги “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Н.Давлетова, иккинчи ўринни Янгибозор туманидаги “Хамид Олимжон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ж.Эшчанова ҳамда учинчи ўринни Урганч шаҳридаги “Маърифат” маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Хажиевлар эгаллашди. Кўрик танлов кўтаринки руҳда ўтказилиб, танлов ғолибларига ҳамкор ташкилотлар томонидан диплом ва эсталик совғалари топширилди.