Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Yangiliklar

29
Санитария-эпидемиология хизмати ходимларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилмоқда

Ҳаммамизга маълумки, жаҳон миқёсида тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари коронавирус инфекцияси (COVID-19) тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлиги ва санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашда жонбозлик кўрсатишмоқда.

Мамлакатимизда фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қўшаётган улкан ҳиссаларини ва фидокорона хизматларини эътироф этган ҳолда, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари амалга оширилиб борилмоқда.

Жорий йилнинг 24 апрель куни “Коронавирус пандемияси даврида санитария-эпидемиология хизмати ходимларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори  қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги  ва унинг ҳудудий бўлинмалари тиббиёт ходимларининг:

-  лавозим маошига меҳнатнинг соғлиқ учун хавфлилиги ва оғир шароитлари учун белгиланадиган қўшимча тўловлар миқдори тегишинча 15 фоиздан 50 фоизга ҳамда 40 фоиздан 75 фоизга оширилади;

- меҳнатга ҳақ тўлаш разрядлари бўйича тариф коэффициенти 5 фоизга оширган ҳолда қўлланади.

 Мазкур моддий рағбатлантириш чоралари 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб, республикада коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирлари расман тўхтатиладиган ой якунига қадар амал қилади.

Шунингдек, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб этилган даврда Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари тиббиёт ходимлари учун ойлик лавозим маошига нисбатан 6 фоиз миқдорида кунлик қўшимча тўлов, шунингдек, қонунчиликда кўзда тутилган бошқа устамаларни олиш ҳуқуқи сақланиб қолади.

Қарорга кўра, Агентликнинг марказий аппаратида Моддий-техника базасини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб этиш бошқармаси ташкил этилди.

Қарор билан  Бош давлат санитария врачларига карантин даврида, давлат ва нодавлат тиббиёт муассасаларининг тиббиёт ва бошқа ходимларини жалб қилган ҳолда эпидемияга қарши вақтинчалик отрядларни ташкил этиш ҳуқуқи берилди.

Карантин даврида вақтинчалик отрядлар таркибига жалб этилган давлат тиббиёт муассасалари ходимларининг асосий иш жойидаги меҳнатга ҳақ тўлаш тартиби, шартлари ва миқдорлари сақланиб қолиши белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, бу каби ислоҳотлар санитария-эпидемиология хизмати ходимларининг муносиб ижтимоий ҳимоясини таъминлайди.

28
МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМНИНГ БУГУНГИ КУНДАГИ ЎРНИ

Ҳозирги кунда компьютер ва ахборот технологиялари жадал суратлар билан янгиланиб, ривожланиш билан бирга кундалик турмушимизнинг асосига айланиб қолмоқда. Жумладан, фан ва техникада, ишлаб чиқариш, банк тизими ва матбуот, радио-телевидение, маиший хизмат кўрсатиш, савдо-сотиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, медицина ва бошқа барча соҳаларда компютерлар шу соҳа ходимлари учун асосий иш қуроли – воситаси бўлиб қолмоқда. Айниқса интернетнинг пайдо бўлиши бу ўзгаришлар ичида алоҳида ўрин тутади. Интернет мультимедиа маълумотларни, ахборотларни узоқ масофаларга узатиш ва қабул қилиш воситасидир. Дунёнинг бир чеккасида юз берган ҳодисалар ҳақидаги янгиликлар, маълумотлар интернет воситасида бошқа мамлакатларга сонияларда етиб боради. Худди шу имкониятларга кўра интернет сайёрамизда сиёсий-иқтисодий, молиявий, таълим ва бошқа соҳаларда халқаро ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштиришга бебаҳо ҳисса қўшмоқда.

Таълим тизимида ўқув жараёнини янгидан ислоҳ қилиш, янги информацион технологияларга асосланган ўқитиш усулларини ишлаб чиқиш, уларни кенг жорий қилиш бугунги куннинг талабидир. Бунда масофавий таълим тизимини жорий қилиш мақсадга мувофиқдир. Масофавий таълим – бу информацион ва коммуникацион технологиялар электрон почта, интернет, видео конференция, аудио, видео маълумотлар ва мультимедиа ўқув қўлланмаларига асосланган узоқдан туриб ўқитиш, ўргатиш усулидир. Масофавий таълимда талабадан доимий фаолият – интерактив ўқитиш талаб этилади. Бу эса талабанинг билими ва қобилиятини сифат характеристикасини оширади. Кейинги пайтларда масофавий таълимнинг ижобийлиги исботланган. Бу борада биринчилик учун АҚШнинг Миллий Технология Университети ва Буюк Британиянинг очиқ Университетлари курашмоқда. Шу билан биргаликда Ўзбекистонимизда ҳам бундай ҳаракатлар жадаллашган. Аслида ҳозирги пайтда масофавий таълим ва ўқитиш муассасалари сони уларнинг классификациясини келтириш учун етарлидир. Масофавий таълим системасининг корпоратив системаси алоҳида синф бўлиб, ташкилотлар ва ишлаб чиқариш ходимларининг малакасини оширишга ва қайта тайёрлаш учун мўлжаллангандир. Масофавий таълимни қўллашнинг бир қатор устунлик ва қулайлик томонлари мавжуд, жумладан: Таълим вақти ихтиёрий, талаба ихтиёрий вақтда ўқиши, ўрганиши мумкин; Машғулотларни аудиторияда ўтиши шарт эмас; Талабаларга мустақил шуғулланишни ўргатади; Ўқитувчилардан юқори тайёргарликни талаб қилади; Талабалар амалий ва сифатли билим олишлари мумкин; Талабаларнинг мустақил фикрлаш ва қарор қабул қилиш қобилияти ривожланади; Талабаларда техник қурилмалар билан, компютер, интернет, электрон почта тизимларидан фойдаланиш кўникмаси ривожланади; Таълимга кетадиган маблағ арзон. Айниқса кам таъминланган оилалардаги иқтидорли ёшларнинг билим олишига янги шароит пайдо бўлади; Агар таълим олишга вақти кам бўлса ёки яшаш жойидан узоқда бўлса, ўзи учун қулай вақтда ишдан ажралмаган ҳолда таълим олиши мумкин; Таълим олиш чегара танламайди, яни талабалар бошқа жойларда – вилоятда туриб билим олиши мумкин.

Масофавий таълим нафақат таълим соҳасида, балки кундалик турмушимизнинг барча соҳаларида ҳам қўллаш мумкин ва яхши натижаларни беради: Банк ва молия соҳасида – турли маълумот олиш, алмашиш; Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларида – тезда маълумот алмашиш; Савдо-сотиқ соҳаларида; Боғча-яслиларда қўллаш; Транспорт тизимида фойдаланиш; Ҳарбий соҳаларда қўллаш; Медицинада ҳамкорликда иш олиб боришда қўллаш; Кутубхона тизимида фойдаланиш; Дам олишда ва бошқа соҳаларда фойдаланиш имкониятлари мавжуд. Шундай экан бугунги кунда юртимизда масофавий таълим ва имкониятларни ривожлантириш инсонларнинг улкан муваффақиятларга эришишида ва кундалик ишларини тез бошқаришида катта кўмакчи бўла олади деб айтиш мумкин.

27
САВОЛ БЕРИНГ - ЖАВОБ БЕРАМИЗ⁉️

САВОЛ: Муддатидан олдин ёшга доир пенсия кимларга, қандай ҳолларда тайинланади?
✅ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги Қонунининг 14-моддасига мувофиқ технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган эркаклар — 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлган тақдирда, аёллар — 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлган тақдирда ёшга доир пенсияларни муддатидан олдин олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

САВОЛ: Ишсизлик нафақаси кимларга, қанча муддатга тайинланади?
✅ЖАВОБ: Ўзбекистон Республикаси “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ, ишсизлик нафақаси ушбу Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, ишсиз деб эътироф этилган шахсларга тайинланади. Қарамоғида учтагача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркакларга ишсизлик нафақаси улар ҳақ тўланадиган жамоат ишларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда иштирок этган тақдирда тайинланади.
Ишсизлик нафақаси уларга маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ёзилади ва тўланади.
Ишсизлик нафақаси кўпи билан:
Ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта;
илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётган шахсларга эса ўн икки ойлик давр мобайнида ўн уч календарь ҳафта тўланади.
Ишсиз ишсизлик нафақасини олиш даврида иш қидириши ва ҳар икки ҳафта дакамида бир марта маҳаллий меҳнат органига ишга ёки касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга, малакасини оширишга йўлланма олиш учун мурожаат қилиши шарт.

САВОЛ: Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам кимларга тайинланади?
✅ЖАВОБ: Ўзбекистон РеспубликасиВазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 30 мартдаги 165-сон билан тасдиқланган “Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдамни тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 7-бандига асосан, бир марта бериладиган моддий ёрдам тўлиқ давлат таъминотида бўлмаган, ҳаётий мураккаб вазиятга тушган оилалар (фуқаролар) тоифаларига, биринчи навбатда, қуйидагиларга Комиссия қарори билан тайинланади:
ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз фуқаролар ва пенсионерларга (ишга лаёқатсизларга ва ишга лаёқатли оила аъзолари бўлмаганларга), боқувчиси ногирон бўлган оилалар ва бошқа кам таъминланган аҳоли тоифаларига ва оилаларга;
I гуруҳ ногирони бўлган ёки оғир касалга чалинган (бутунлай ёки қисман ўз-ўзини боқиш имконига эга бўлмаган, иш фаолиятини олиб бора олмайдиган) фуқароларга;
ўлим оқибатида ягона боқувчисини йўқотган оилаларга (уч ой муддат мобайнида);
ногирон бола ёки I ёки II гуруҳ ногирони бўлган ёки молиявий харажатларни талаб этадиган жарроҳлик аралашуви ёки узоқ вақт (беш ойдан кўпроқ) амбулаторияда даволаниши зарур бўлган оғир касалликка чалинган бошқа оила аъзосига қараб турган тўлиқ бўлмаган оиланинг ота-оналарига (оила аъзосига);
ота-оналардан бири I ёки II гуруҳ ногирони бўлган, иккинчиси эса иш фаолиятини тўхтатган ҳолда беморга қарашга мажбур бўлган ёки иккала ота-она ҳам I ёки II гуруҳ ногирони бўлган икки нафар ва ундан қўп фарзандли тўлиқ оилаларга.


24
“СИНОВЛИ КУНЛАРНИ ЕНГИБ ЎТИШДА ДАВЛАТИМИЗНИНГ ИҚТИСОДИЙ СОҲАГА ОИД ҚЎЛЛАЁТГАН ИМТИЁЗЛАРИ”!

Тарихдан маълумки, инсоният бошига тушган ҳар қандай оғир табиий офат ва инқирозлардан кейин одамлар янада кучлироқ, мустаҳкамроқ бўлиб шаклланган. Бундай қийинчиклардан тўғри ва оқилона иш тутиб ривожланишда юксак натижаларга эришган кўплаб давлатлар мавжуд. Мамлакатимиз аҳолиси ҳам бутун инсоният билан биргаликда катта синовдан ўтмоқда. Биламизки, аждодларимизнинг метин иродаси, бирдамлиги, хоразмчада айтганда оғзибирлиги туфайли кўплаб машаққатли кунларни манонат билан енгиб ўтишган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, кўпни кўрган халқимиз янада жипслашиб, аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, бу мураккаб синовларни ҳам мардона енгиб ўтади.Бунда албатта халқ, давлат ва жамият учбурчагида марказий ўринни инсон эгаллаши принципидан, тадбиркор элга мададкор шиоридан келиб чиққан ҳолда, давлатимиз томонидан иқтисодиётни, тадбирокрларни фаол қўллаб-қувватлаш бўйича қўлланилаётган солиқ имтиёзлари ҳақида алоҳида тўхталиш жоиз.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 апрелдаги “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5978-сонли фармонига мувофиқ, мамлакатимизда карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. 2020 йил 1 апрелдан 31 декабрга қадар, қуйидагилар:
• Туроператор, турагентлар ва меҳмонхона хизматлари кўрсатувчи субьектлар
• “Uzbekiston Airways” Аж ва унинг таркибий бўлинмалари
• “Uzbekiston Airports”АЖ ва “Ўзаэронавигация маркази”ДУК юридик шахслардан оинадиган ер солиғи ва юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилинади. Шунингдек, ижтимоий солиқни камайтирилган ствкада 1 фоиз миқдорида тўлайди.
Фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари, яшаш учун мўлжалланмаган иншоотларга, шу жумладан 2020 йил 1 апрелга қадар аниқланганларга нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг оширилган ставкаларини қўллаш, шунингдек, пеня ҳисоблаш ва мажбурий ундириш чораларини кўриш тартиби тўхтатилиши белгиланган.
Асосий қомусимизнинг 22-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши кўрсатиб ўтилган.

23
Собиқ ходимнинг иш ҳақлари тўланиши таъминланди!

Янгиариқ туман адлия бўлими томонидан Янгиариқ тумани, Сардорлар маҳалласи Табиат кўчаси 6-уйда яшовчи фуқаро А.А.Машариповнинг Туямўйин-Урганч МСҚФБ Янгиариқ туман бўлимидан феврал ва март ойининг 10 кунлик иш ҳақларини ундиришда амалий ёрдам беришни сўраб телефон алоқаси орқали қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш давомида Туямўйин-Урганч МСҚФ бошқармаси давлат унитар корхонаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 ноябрдаги “Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5883-сонли фармони талабларидан келиб чиқиб мулкчилик шакли ўзгартирилиб, 2020 йил 10 март куни Хоразм сув таъминоти корхонаси қилиб қайта ташкил қилинганлиги, собиқ бошқарманинг Янгиариқ туман бўлими тугатилганлиги ҳамда Хоразм сув таъминоти корхонасининг ҳуқуқий ворис қилиб белгиланганлиги аниқланган.
Адлия бўлими томонидан Хоразм сув таъминоти корхонасига фуқаро А.А.Машариповнинг Туямўйин-Урганч МСҚФ бошқармаси давлат унитар корхонасига қарашли Янгиариқ туман бўлимида ишлаган даврлари бўйича 2020 йил феврал ойи ҳисобидан 773.443 сўм, март ойи ҳисобидан 312.335 сўм жами 1.085.778 сўм иш ҳақларинитўлаб бериш юзасидан киритилган тақдимнома асосида жами 1.085.778 сўм ойлик маошлари тўлаб берилиши таъминланди.

23
Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби қандай?

Кўпчиликка маълумки, жорий йилнинг 25 март куни Ҳукуматимиз томонидан “Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” қарор қабул қилинди.
Ушбу қарор аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа аҳоли қатламларига кўмаклашиш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Субсидия ўзи нима?
Мазкур қарор билан тасдиқланган Низомга кўра, субсидия — бу ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ва (ёки) кредит фоизининг бир қисмини қоплаш мақсадида давлат бюджетидан фуқаро учун банкда унинг номига очилган тегишли ҳисобварағига ўтказилган маблағлар;
Қарор билан тасдиқланган Низомга мувофиқ:
уй-жой сотиб олишга ипотека кредитининг бошланғич бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисми Республика Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади;
уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар томонидан субсидия олиш учун ариза берилади, ариза берувчи ижтимоий мезонлар бўйича баҳоланади;
туман (шаҳар)да уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган талабгорларни танлаш бўйича комиссиялар фаолияти ташкил этилади ва ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш натижалари кўриб чиқилади;
сотиб олинадиган уй-жойларни аниқлаш, ажратиладиган ипотека кредити бўйича субсидияни ҳисоблаш, ипотека кредитини расмийлаштириш ва субсидияларни тўлаб бериш тартиби белгиланди.
Қарорга кўра:
Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бўлинмалари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган шахсларни танлаш жараёнида кўрсатиладиган хизматлар;
тегишли ташкилотлар томонидан уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган шахсларни танлашда фойдаланиладиган маълумотлар (ҳужжатлар) истисно тариқасида тўловларсиз амалга оширилади.
Ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш тартиби белгиланди.
Низомга мувофиқ, ариза берувчи субсидия олиш учун исталган туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказларига ўзи келиб мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида давлат хизматидан электрон тарзда фойдаланиш учун рўйхатдан ўтади.
Ўзи келиб мурожаат этганда Давлат хизматлари марказлари ходими ариза берувчи номидан, Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилинганда эса ариза берувчи мустақил равишда анкета-аризани электрон тарзда тўлдиради ва тегишли ҳужжатларни илова қилади.
Меҳнат мигрантлари номидан ипотека кредитлари бўйича субсидия олиш тўғрисидаги аризани унинг оила аъзолари бериши мумкин.
Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиладиган хизматлар ариза берувчиларга тўловларсиз амалга оширилади.
Субсидия олиш учун ариза бериш муддати йилнинг 1 мартидан 1 октябргача бўлиб, ушбу муддат тугагандан кейин тақдим этилган аризалар кўриб чиқилмайди.
Масъул ташкилотлар 10 иш кунида ариза берувчининг ижтимоий мезонларга мувофиқлигини у томонидан тақдим этилган ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқади.
Субсидия тўланадиган фуқароларни танлаб олиш бўйича комиссия тақдим этилган ҳужжатлар ва маълумотлар асосида ҳамда ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш натижаларига кўра ариза берувчига ипотека кредитлари бўйича субсидия бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Бошланғич бадал шаҳарларда сотиб олинадиган квартира қийматининг камида 20 фоизи, қишлоқ жойларда эса камида 10 фоизини ташкил этади.
Тақдим этиладиган субсидиялар бир оилага (оила аъзоларининг биттасига) фақат 1 марта берилади.

21
Адлия аралашгач!

Боғот тумани, “Деҳқонбозор” қишлоғи, “Боғистон” маҳалласида яшовчи фуқаро Ш.Хўжаниязовнинг Боғистон маҳалласининг Митан аҳоли яшаш пунктида жойлашган “Ғойиб бобо” қабристонининг кириш дарвозаси ёнидан ўтган ичимлик суви қувури ёрилганлигини ва ичимлик суви исроф бўлаётганлигини ҳамда уни тузатишда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати туман адлия бўлими томонидан ўрганиб чиқилди.
Аниқланишича, фуқаро Ш.Хўжаниязов мазкур ҳолат бўйича бир неча идора ва ташкилотларга мурожаат қилганлиги, бироқ мурожаат натижаси ижобий ҳал этилмаганлиги маълум бўлди.
Мурожаатни ўрганиш давомида Хоразм сув таъминоти корхонаси Боғот туман бўлимига адлия бўлими томонидан тегишли кўрсатмалар берилиб, мурожаатда қайд қилинган сув қувури носозлиги қисқа муддатда тузатилиши таъминланди.

21
ОИЛАНГИЗНИ ТАНЛАНГ!

Юртимизда баҳор! Кўм-кўк дарахтлар, яшил водийлар, қушлар сайраши, шитирлаб булоқлардан оқаётган сувлар, эндигина унаётган майсалар… Баҳор нафаси!, Баҳор ҳавоси!, Баҳорнинг ифори! Булар қанчалик мўъжиза ва гўзаллик белгиси.
Аммо осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч бўлишига қарамасдан, қалбларимиз беором, дилларимиз хира, кўнглимизни оғир тош босиб тургандай гўё… негаки, озчиликни ташкил қилса ҳам баъзи юртдошларимиз кўзида уйқу, лабларида табассум йўқ.
Бу кичик зарра биздан ҳаловатни, мовий осмон остида фарзандларимизнинг жажжи бармоқларидан тутиб дунё гўзалликларини кўзчаларида акс эттиришдек бахтни, ширин ва ғаниматли вақтимизни ўғирлаётганга ўхшайди. Вақт ўтиб борар экан, бу кичик зарра (COVID-19) яна кимларнинг ширин уйқуларини бедор тунларга айлантириши инсонга маълум эмас. Лекин сиз бундай “Таъқиқланган” вазиятда оила даврасида бўлишингиз, ғаниматли ота-онагизнинг кўзларига меҳр ила боқинг(ахир иш кўплигидан баъзида эътибор ҳам беролмаган эдингизку), кун бўйи сизни ишдан қайтишингизни интизорлик билан кутган дилбандларингиз сўзларига қулоқ солинг, улар қулоғингизга ўзининг орзуларини шивирламоқчи бўлишяпти, яқинларингизга табассумингизни ҳадя қилинг.
Оллоҳ берган нозу неъматларга шукроналик туйғуси билан оила даврасида баҳам кўринг. Бу ҳам ўткинчи синовли кундир. Сиз яна ўз фаолиятингизга қайтишингиз аниқ. Лекин бугунги кунда вазият қалтис бир пайтда ўзини ва яқинларини хавф-хатарга қўйиб кўча-кўйда маъно-мазмунсиз, мақсадсиз юрганлар ҳам бор.
Бундай инсонларга юзланиб, шуни айтиш мумкинки, таъқиқланган ишни қилмаслик ҳам Ислом динида “нафсни тийиш” деб юритилади. Уламоларимиз “ёмон нафс – йиртқич қушдир”деб таъкидлайдилар. Демак ўз нафсини бошқаролмай, кўча-кўйни кўрай деб, ўзи каби фикрлайдиган дўстлар даврасида бўлишга интилишга зарурат сезиш, ёмонликни хоҳлаб турувчи нафсдир. Билиб туруб аммо бунга амал қилмайдиган инсон йиртқич кабидир!.
Йиртқич ҳайвонлар гўшт мазасини уни тамини яхши кўргандай, юқорида йиртқичга қиёсланган баъзи бир юртдошларимиз ҳам бу хатти-ҳаракатлари билан кўплаб бегуноҳ чақалоқлар, қариялар, аввало ўз оила аъзоларини аяш, асраш фикридан узоқдадурлар.
Президентимиз Ш. Мирзиёев нутқларида: “Ватанга хиёнатдир”- агар карантин пайтида ўзини ва яқинларини асрамаслик деган фикрлари жуда ҳам ўринли. Тўғри, инсон 120 кун она қорнида ҳомила пайтида унинг тақдирию – умри куни ёзилади деб айтилган муқаддас китобларда лекин, биз бу сўзни ўзимизча нотўғри таҳлил қилсак, мулоҳазали фикр юритмасак кўзга кўринмас ёв билан соғлом кураша олмаймиз. Умрингиз узоқ бўлсин! Аммо инсон Жаннат боғлари-ю, дўзахнинг оловли тоғларини ўз ҳаёт йўлини, босадиган қадамини ўзи танлар экан, ҳудди шунингдек ўзингизнинг шу кўзга кўринмас офат билан касалланишингизни ҳам ўзингиз танлайсиз.
Тинч кунларимиз ортида минглаб сизни ҳимоя қилаётган жангчи либоси-ю, жангчи ниқобини таққан, Сиз сизнинг соғлигингиз учун ўзингиздан зиёда қайғуриб, яқинларини бағрига босишдан чекланган, фарзандлари дийдорини соғиниб қучишни истаган, оғир кунларда елкадош рафиқининг меҳрли кўзларига боқа олмаётган, кўчаларда соатлаб тик туриб меҳрибон онасининг кўксига бош қўйишга имтинган, кулиб турган аёлининг ширин сўзларини соғиниб эслаган, ўз жонини хатарга қўйиб сизнинг тану-жонингиз соғ бўлиши учун кўзга кўринмас лашкарлар билан курашаётган, ўз бурчини адо қилаётганлар бор. Шундай экан Ватандошим сиздан бир ўтинчим “Меҳрга тўла қўрғонингизда қолинг”, буни қадрига етинг шукроналикни унутманг!!!

20
СИНОВЛИ КУНЛАР СИНОВИНИ БИРГАЛИКДА ЕНГАМИЗ!

Жорий йилнинг 15 март куни коронавирус инфекциясини юқтириб олган бемор аниқланди. Бу нохуш ҳолат бутун республикамизни сергаккликка чорловчи ҳодиса бўлди.
Вирусли юқумли касалликлар ҳозирда тиббиётимизнинг долзарб муаммоларидан биридир. Тиббиёт ходимларининг самарали ҳаракатлари натижасида баъзи касалликлар бутунлай бартараф этилган бўлсада, айрим касалликлар даражаси юқорилигича қолмоқда. Шундай касалликлардан бири COVID-19 вирусидир. Вирус ҳаво томчи йўли орқали тез юқади. Минг афсуски бугунги кунгача касалликка қарши вакцина ҳаётга татбиқ қилингани йўқ.
Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кескин чораларга ва таъқиқларга қарамасдан касаллик юқтирганлар сони тобора кенгайиб бормоқда.
COVID-19 вируси билан зарарланганлар сони апрель ойидан кескин кўпая бошлади. Бу ҳолат эса биз ва сизнинг касалликка оддий шамоллаш деб ёки беътибор қараганлигимиздадир.
Касалланганлар сони 11-12 апрель кунлари 98 та , 13 апрель куни 133 та, 14 апрель куни эса беморлар сонининг ўсиши рекорд натижани кўрсатди, яъни рақамлар сони 167 тани ташкил қилди. Рақамларнинг ўсиб боришига ўзимизнинг эътиборсизлигимиз сабабдир. Вирусдан азият чекаётган 1320 нафар фуқаронинг ҳолати ҳар биримизнинг, фарзандларимиз, яқинларимиз ҳаётида содир бўлиши мумкин, қачонки биз гигиена ва чекловларга риоя қилмасак!
Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, орамизда бу “қора ўлат”нинг аянчли натижаларини англамаганлар учраб турибди. Бутун дунёни ларзага солаётган бу офатга менсимай қарашимиз хонадонимизга, жамиятимизга, юртимизнинг иқтисодий ижтимоий ривожига ўзининг салбий оқибатларини кўрсатмай қолмайди. Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан шуни кўришимиз мумкинки, карантин қоидаларига риоя қилиш карантин муддатини қисқаришига ёрдам беради.
Куни кеча адлия вазирлиги томонидан карантин ва “ўзини яккалаш” тартиби ижтимоий тармоқлар орқали оддий, халқона тилда тушунтириб берилди. “Ўзини яккалаш” бу — карантинга оид чора-тадбирларнинг бир қисми. Карантинга олинган шахслар тиббиёт ёки санитария-эпидемиология ходимларининг доимий кузатуви ва назорати остида бўлади. “Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзида эса фуқаро тиббий кузатув ёки назорат остида бўлмайди.
“Ўзини яккалаш” бўйича ўрнатилган карантин чекловларини бузиш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳисобланади ва бунинг учун фуқароларга 4 миллион 460 минг сўмдан 6 миллион 690 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 6 миллион 690 минг сўмдан 11 миллион 150 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида “ўзини яккалаш” тартиби 6 апрелдан мажбурий жорий этилди. Унга кўра, шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва бошқалар) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланди.
Ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади. 65 ёшдан юқори ёшда ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилди.
Ўзбекистонда карантиннинг қачон тугаши эса номаълум. У Республика махсус комиссияси қарорига кўра амалга оширилади. Айни вақтда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга озиқ-овқат ва дори-дармон карантин даври охиригача бепул етказиб берилади.
Бундан ташқари шифокорлар такрор ва такрор айтилаётган қўлингизни тез-тез совун билан ювинг, зарурат бўлмаса кўчага чиқманг, уйда қолинг деган жумлалар шунчаки баландпарвоз гаплар эмас, балки ҳаётимизда ўз тасдиғини топган асл ҳақиқатлардир. Агар биз бугун юқоридаги қоидаларга риоя қилмасак, эртага коронавирусга чалинган беморлар орасида сиз, биз ёки фарзандларимиз бўлиши мумкин.
Шундай экан бир ёқадан бош чиқариб, карантин муддатини қисқартиришга ўз ҳиссамизни қўшайлик!

16
Келажак авлод учун уйда қолинг!

Инсоният ўзининг матонати, ақл-заковати ила не-не синовларни, не-не довонларни ошиб ўтган. Бугун эса бутун ер юзига коронавирус балоси хавф солиб турибди. Афсуски, COVID-19 оддий вирус эмас. Ушбу вирус ҳақида гап кетганда рақамларга юзланмасдан иложимиз йўқ. Чунки коронавирус қисқа вақт ишида дунёнинг 190 мамлакатида тарқалиб 2 миллиондан ортиқ одамни ўз домига тортди. Минг афсуслар бўлсинки, коронавирус қайд этилган давлатлар орасида серқуёш ва жаннатмакон Ўзбекистонимиз ҳам бор. Тўрт фасл ҳам бирдек ўз жамолини кўрсатадиган ушбу Ватанда, айниқса, фасллар келинчаги бўлмиш баҳорда табиат ўз гўзаллигини ҳар доимгидан ҳам ортиқроқ намоён қилади. Инсон беихтиёр ўйга толади: ”Наҳотки табиат уйғона бошлаган, унинг гўзалликларидан баҳраманд бўладиган бир пайтда уйда ўтириш мумкин бўлса…”. Ушбу саволга бугунги синовли кунларда ҳеч иккиланмасдан ва бир овоздан шарт ва зарур дея жавоб бериш керак. Чунки бугунги мураккаб вазиятда уйда қолиб ўзимиз ва яқинларимизни асраш нафақат Ватанимиз, балки бутун инсоният олдидаги энг шарафли, шу билан бирга, энг асосий бурчимиздар. Зероки, бизни олдинда яна минглаб баҳорлар, қанчадан қанча бахтли кунлар кутиб турибди.
Тўғри, беш қўл баробар бўлмаганидек, орамизда вазиятдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда тартиб-қоидаларга риоя қилаётганлар билан бирга ўткинчи ҳою ҳавасларга берилиб ўз оёғига, ўз келажагига билиб-билмай болта ураётганлар, яъни карантин қоидаларини бузиб ўзи ва оиласини хавф остида қолдираётган лоқайд кимсалар учраб турибди. Айнан шулар сабабли бугун Ўзбекистон Республикасида коронавирусга чалинганлар сони мингдан ошиб кетди. Коронавирусга беписанд муносабатда бўлиб карантин қоидаларига риоя қилмаётганларга шуни айтмоқчимизки, ҳар куни ойнаи жаҳон орқали такрор ва такрор айтилаётган қўлингизни тез-тез совун билан ювинг, зарурат бўлмаса кўчага чиқманг, уйда қолинг деган жумлалар шунчаки баландпарвоз гаплар эмас, балки тасдиғини топган асл ҳақиқатлардир. Агар биз бугун юқоридаги қоидаларга риоя қилмасак, эртага коронавирусга чалинган беморлар орасида сиз, биз ёки фарзандларимиз бўлиши мумкин. Ахир, бекорга айтилмаган-ку касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхши деб. Шу ўринда яна бир нарсага эътибор қаратмоқчиман, 5 ёки ошиб борса 15 кишилик оилани бошқариш, ҳимоя қилиш қанчалик мушкул, 30 миллиондан ортиқ халқни ҳимоя қилишни-чи, ҳеч тасаввур қила оласизми? Англаганингиздек, бу осон иш эмас. Шундай экан, бугунги мураккаб вазиятда ўзининг бор имкониятини ишга солган ҳолда миллат тақдири учун мардонавор курашаётган юртбошимизга мингдан минг раҳматлар айтсак ҳам кам. Азизлар, бизни деб жонини хатарга қўяётган, неча-неча тунларни бедор ўтказаётган инсонлар учун ҳам уйда қолайлик! Биз уйда қолсаккина ўзимизни, оиламизни, Ватанимизни, келажагимизни асраган бўламиз. Барчаси ўз қўлимизда. Фарзандингиз учун уйда қолинг! Ота-онангиз учун уйда қолинг! Оилангиз учун уйда қолинг! Ватанингиз учун уйда қолинг! Инсоният учун уйда қолинг! Бахтли келажак учун уйда қолинг! Қилинмаган эзгу ишлар учун уйда қолинг! Келажак авлод учун уйда қолинг!