Yangiliklar
Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январдаги ПФ-5618-сон “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони ижроси ҳамда Адлия вазирининг 2019 йил
8 февралдаги 45-ум-сон “Давлат органлари ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган ҳуқуқий маслаҳат курсларини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг февраль-декабрь ойларида жами 18 та идора ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, соҳага доир қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида ҳуқуқий маслаҳат курслари ташкил этилди.
Мазкур тадбирлар бошқарма раҳбарияти томонидан тасдиқланган “Давлат органлари ва ташкилотларда ходимларнинг ҳуқуқий билимларини оширишга қаратилган бепул ҳуқуқий маслаҳат курсларини ташкил этиш” Дастури ва Графиги ўтказилди.
Ўтказилган бепул ҳуқуқий маслаҳат курсларида иштирокчиларга инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ қонун ҳужжатлари, меҳнат қонунчилиги нормалари, соҳа ходимларининг меҳнатга доир ҳуқуқларининг бузилишини олдини олиш чоралари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тартиблари, коррупцияга қарши курашиш, соҳа фаолиятига доир қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Тадбирлар қизғин бахс мунозара асосида ўткакзилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларига батафсил жавоблар берилди.
Шунингдек, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти даражасини аниқлаш бўйича ижтимоий сўровнома ўтказилди.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаро М.Юсуповнинг акаси Э.Юсуповнинг уйи бузилиб ҳокимият томонидан унга ер ажратилмаётганлигидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Президентига қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 11-бандига асосан фуқаролар томонидан умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан фойдаланиладиган, кимошди савдоси асосида сотиб олинган ер участкалари олиб қўйилган тақдирда уларга умрбод эгалик қилиш учун мерос қилиб қолдириш ҳуқуқи билан тенг қийматли янги ер участкаси берилиши кўрсатиб ўтилган.
Шунга кўра, Хива шаҳар адлия бўлими томонидан 2019 йил 5 декабрь куни 3/127-сон билан Хива шаҳар ҳокими номига фуқаро Э.Юсуповнинг турар жойи учун ер майдони ажратиб берилишини таъминлаш юзасидан муносабат хати киритилди.
Ўрганиш натижасига кўра, вилоят адлия бошқармасининг аралашуви билан Хива шаҳар “Янги турмуш” маҳалласи ҳудудида жойлашган акангизнинг турар-жойи йиқилиши муносабати билан бино мулкдори акаси Э.Юсупов номига якка тартибда турар жой қуриш учун шаҳарнинг “Ангариқ” маҳалласи ҳудудидан 400 кв.метр ер майдони ажратиб бериш тўғрисида 2019 йил 4 декабрь куни Хива шаҳар ҳокимининг қарори қабул қилинди.
Гурлан туман адлия бўлими томонидан туман тиббиёт бирлашмаси бўлимида 2019 йил 25 октябрь куни бўлиб ўтган сайёр қабул давомида 26 нафар ишчи-ходимларнинг ушбу ташкилотда ишлаб келиб, хизмат сафарига юборилганлиги учун тўланадиган тўловлари ўз вақтида тўланмаганлиги ва уни ундиришда амалий ёрдам сўраб қилган мурожатлари юзасидан бўлим фаолиятида қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи мониторинг тартибида таҳлил қилинди.
Таҳлил натижасига кўра, жорий 25 октябрь ҳолатига Гурлан туман тиббиёт бирлашмаси томонидан бирлашмада ишлаб келаётган 26 нафар ходимларга 2018 ва 2019 йиллардаги хизмат сафари пуллари жами 19 млн. 973 минг 728 сўм ҳисобланиб тўланиши лозим бўлсада, ўрганиш кунига қадар тўланмаганлиги аниқланди.
Юқорида қайд этилган қарздорлик юзасидан Гурлан туман тиббиёт бирлашмасига аниқланган ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик, уларнинг содир этилишига кўмаклашувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди ва ушбу киритилган тақдимномага асосан Гурлан туман тиббиёт бирлашмасида ишлаб келаётган 26 нафар ходимларнинг тўланмасдан келаётган хизмат сафари пуллари тўлиқ тўлаб берилишига эришилди.
Урганч туман адлия бўлими томонидан туманда ўтказилган сайёр қабуллар давомида 56 та касб-ҳунар коллежларида фаолият юритган фуқароларнинг коллежларда штатлар қисқартирилиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилиниб, моддий компенсация пуллари тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари ўрганилди.
Ўрганиш натижасига кўра, Урганч туман адлия бўлими томонидан касб-ҳунар коллежларидан штатлар қисқартрилиши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган 44 нафар фуқароларнинг манфаатида фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига даъво аризалар киритилиб, МКнинг 67-моддасига мувофиқ моддий компенсация пулларини (85.796.244 сўм) ундириш юзасидан суд буйруғи қабул қилинди ҳамда
12 нафар фуқароларга тақдимнома асосида МКнинг 109-моддасига мувофиқ ишдан бўшатиш нафақасини (8.350.427 сўм) берилиши таъминланди.
Жорий йилнинг 12 декабрь куни Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши биносида вилоят адлия бошқармаси томонидан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги ходимлари билан ҳамкорликда “Интеллектуал мулк объектларининг ҳуқуқий муҳофазаси” мавзусида семинар бўлиб ўтди.
Мазкур ўқув семинарда давлат бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи органлар, тадбиркорлик субъектлари шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Тадбир очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, иштирокчилар томонидан соҳа фаолияти бўйича берилган саволларга мутахассислар томонидан белгиланган тартибда жавоблар берилди.
Тадбир тафсилотлари маҳаллий телеканаллар томонидан тасвирга олинди.
Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан “MUHAMMAD NIYOZMETOV” хусусий болалар боғчаси раҳбари Ш.Ниязметовнинг Урганч тумани Юқорибоғ қишлоғи Оқ олтин маҳалласи ҳудудида жойлашган болалар боғчаси ер ва молк-мулк солиғидан имтиёзга эга бўлишига қарамасдан, Урганч туман давлат солиқ инспекцияси томонидан жами
61 116 485,1 сўмлик солиқ ва устама ҳисобланиб, уни ундириш тўғрисида ижро варақа бериш юзасидан судга даъво ариза киритилганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати кўриб чиқилди.
Мурожаатни кўриб чиқиш якуни бўйича вилоят адлия бошқармаси томонидан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига киритилган қарши даъво аризага асосан суднинг 2019 йил 19 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан Урганч туман давлат солиқ инспекциясининг даъво аризасини қаноатлантириш рад этилиб, Урганч туман давлат солиқ инспекциясига фуқаро Ш.Ниязметовга нисбатан 2018 йил 31 декабрь ҳолатига ҳисобланган мол-мулк солиғидан 29 304 379,92 сўм, ер солиғидан
29 385 148,75 сўм ва СОРЖ (устама суммаси) 2 426 956,43 сўм
жами 61 116 485,1 сўм солиқ қарздорлигини бекор қилиш мажбурияти юклатилди.
Урганч туман адлия бўлими томониндан тумандаги 7 та тадбиркорлик субъектлари турли фаолиятлар билан шуғулланиш мақсадида 2018 йилнинг август ойида туман ҳокимининг тегишли қарорларига асосан ер майдонлари ажратиб берилганлиги бироқ, собиқ бош прокуратура ҳузуридаги агроинспекциясининг вилоят бошқармаси томонидан 2019 йилнинг январь ойида туман ҳокимлигига киритилган протестга асосан ушбу тадбиркорларга ер ажратиш тўғрисидаги қарорлар бекор қилинганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари ўрганилди.
Ўрганиш натижасига кўра, Урганч туман адлия бўлими томонидан тадбиркорларга ажратиб берилган ер участкалари амалдаги қонун ҳужжатларига номувофиқ равишда олиб қўйилганлиги аниқланиб, туман ҳокимлигига тақдимнома киритилди ва туман ҳокимининг қарорини бекор қилиш орқали тадбиркорларнинг белгилнган ерлари қайтариб берилди.
Хоразм вилояти адлия бошқармасида 2019 йил ноябрь ойи якуни бўйича амалга оширилган ишлар таҳлилига асосан ойнинг энг яхши ходими аниқланди. Унга асосан Хоразм вилоят адлия бошқармаси Ташкилий-назорат ва таҳлил ишлари бўлими бошлиғи Бабажанов Нуриддин Фахреддинович “Ойнинг энг яхши ходими” дея эътироф этилди.
Шу муносабат билан Хоразм вилояти адлия бошқармаси жамоаси Бабажанов Нуриддин Фахреддиновичнинг келгуси фаолиятига омад тилаган ҳолда унинг бошқарма фаолиятига қўшиб келаётган ҳиссаси учун чуқур миннаддорчилик билдиради.
Қўшкўпир туман “Қоромон” маҳалласида 2019 йил 12 февраль куни туман адлия бўлими томонидан ўтказилган сайёр қабул давомида фуқаро К.Машарипованинг ерга бўлган ҳуқуқни тиклаш бўйича мурожаати қилинди. У мурожаатида турмуш ўртоғи марҳум Қ.Бобожонов томонидан 2011 йил
11 ноябрдаги “Кўчмас мулк савдо хизмати” МЧЖ ўтказилган танлов савдосида танловга қўйилган туманнинг Кенагас қишлоғи Қоромон маҳалласи ҳудудидан “Тикувчилик цехи” қуриш учун 330 м2 ер участкасини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан 150.000 сўмга танлов ғолиби бўлиб,
3-сонли баённома асосида расмийлаштирилган бўлсада, туман ҳокимлиги томонидан ер майдони шу кунга қадар ажратилмаганлигини билдирди.
Ўрганиш давомида, туман ҳокимлиги томонидан мазкур туманнинг Кенагас қишлоғи Қоромон маҳалласи ҳудудидан “Тикувчилик цехи” қуриш учун 330 м2 ер участкаси ўрганиш кунига қадар турли хил сабабларга кўра ажратиб берилмаганлиги, фуқаро Қ.Бобожонов 2014 йил 20 февраль йилда вафот қилганлиги, шундан кейин ер майдонини ажратиш масаласида унинг турмуш ўртоғи К.Машарипова туман ҳокимлигига бир неча бор оғзаки ва ёзма равишда мурожаат қилиб келган бўлсада, унга ер майдони ажратиб берилмаганлиги аниқланди.
Туман адлия бўлими томонидан фуқаро К.Машарипованинг манфаатини кўзлаб, туман ҳокимлигига сотиб олинган ер майдонини ажратиб бериш мажбуриятини юклаш тўғрисида Қўшкўпир туман маъмурий судига ариза киритилиб, суднинг 2019 йил 26 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан Қўшкўпир туман ҳокимиятига тикувчилик цехи қуриш учун 330 м2 ер участкасини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан марҳум Қ.Бобожоновнинг турмуш ўртоғи К.Машариповага ажратиб бериш мажбурияти юклатилди ва муаллифнинг ерга бўлган ҳуқуқи тикланди.
Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг 22 ноябрь куни Урганч ҳарбий прокуратураси, округ ва участка сайлов комиссиялари аъзоларининг сайлов бўйича ўқитиш учун тайинланган мутахассислари билан хамкорликда Урганч шаҳридаги 7260-сонли ҳарбий қисм биносида ҳарбий хизматчи ва уларнинг оила аъзолари иштирокида семинар тренинг машғулоти ўтказилди. Семинарда асосан харбий қисмларда сайлов участкаларини ташкил этиш тартиби ва унга қўйиладиган талаблар, харбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини сайлов куни сайлов жараёнларида иштирок этиш тартиби, муддатидан олдин овоз бериш тартиби ва шартлари хусусида атрофлича тушунтиришлар берилиб, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 25 июндаги “Сайлов кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунининг мазмун-моҳияти тушунтирилди. Семинар очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, Қонун ижроси ва сайлов қонунчилиги бўйича берилган саволларга бошқарма ходимлари томонидан белгиланган тартибда жавоблар берилди.