Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Yangiliklar

25
Карантин муносабати билан халқаро савдо битишувлар ва халқаро шартномалар шартлари бажарилмаса енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлар сертификатларини қандай олиш мумкин?

Ҳаммамизга маълум, шу йилнинг 19 март куни муҳтарам Президентимизнинг "Короновирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги 5969-сон Фармони кабул қилинди.
Ушбу Фармонга кўра, Ўзбекистон Республи
каси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси уч кун муддатда чекловлар амал қиладиган давр учун енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлари келиб чиққанлиги ҳақида расмий хабарнома эълон қилиши ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг мурожаатлари асосида бир кунлик муддатда тегишли сертификатлар бериш вазифаси юклатилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 15 февралдаги 63-сон қарори билан тасдиқланган "Енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатларини тасдиқлаш тартиби тўғрисида" Низомга асосан енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш манфаатдор томоннинг енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари кўрсатилган ёзма аризаси асосида Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан бериш йўли билан амалга оширилади.
Аризага белгиланган тартибда тасдиқланган шартномалар ҳамда шартномага спецификациялар нусҳаси, шартнома бўйича бажарилган мажбуриятлар ҳажмлари тўғрисида маълумотлар, енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатларини тасдиқлаш тўғрисида сертификат олиш учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати нусҳаси илова қилинади.
Ариза ва илова қилинаётган ҳужжатлар аризачи томонидан бевосита Вазирликка тақдим этилади ёки почта орқали юборилади.
Қандай ҳолатлар енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлар?
Мазкур Низомга мувофиқ, енгиб бўлмайдиган кучлар (форс-мажор) ҳолатлар — бу томонларнинг иродаси ва фаолиятларига боғлиқ бўлмаган табиат ҳодисалари (зилзила, кўчки, бўрон, қурғоқчилик ва бошқалар) ёки ижтимоий-иқтисодий ҳолатлар (уруш ҳолати, қамал, давлат манфаатларини кўзлаб импорт ва экспортни тақиқлаш ва бошқалар) сабабли юзага келган шароитларда томонларга қабул қилинган мажбуриятларни бажариш имконини бермайдиган фавқулодда, олдини олиб бўлмайдиган ва кутилмаган ҳолатлардир.
Қарорга кўра, сертификат ариза берувчига барча ҳужжатлар билан ариза берилган кундан бошлаб йигирма иш куни мобайнида берилади.
Мазкур сертификатда шартнома томонларининг номи, унинг тартиб рақами ва тузилган санаси, енгиб бўлмайдиган кучлар ҳолатлари тавсифи, улар содир бўлган жой, вақт, давр кўрсатилади ва вазирлик муҳри билан тасдиқланади.

22
КОРРУПЦИЯСИЗ ҲАЁТ ВА ЖАҲОН АМАЛИЁТИ!

Инсонни қийин аҳволга туширадиган, руҳан эзадиган ҳолатлар ичида энг оғири адолатсизлик ҳисобланади. Унинг бир илдизи коррупция билан боғлиқ бўлиб, бу шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқейидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишида ифодаланади. ХХ асрнинг бошида коррупция дунё ҳамжамиятига йилига 80 млрд АҚШ доллари зарар келтирган бўлса, 2016 йилда дунёда яратилган ялпи ички маҳсулотнинг 2,0 % ни пора ташкил этган. Бу қарийб 1,5-2,0 трлн. АҚШ доллари дегани. БМТ ва Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти коррупция туфайли йилига 1.5 – 2.6 триллион доллоргача зарар кўрмоқда. БМТ бош котиби Антониу Гуттеришнинг 2019 йилги сўзлаган нутқида бу рақамларни таъкидлаб, барча давлатлар раҳбарлари ушбу офат билан муросасиз курашишга чақирилди.

Ҳозирги даврда коррупция глобал ҳодиса бўлиб, унга қарши жаҳоннинг барча мамлакатлари курашмоқдалар. Бу иллатга қарши курашда фақат давлат давлат ҳокимияти ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг кучи билангина ютуққа эришиб бўлмайди. Бунда жамоатчилик иштироки ва назорати ОАВ, телевидения радио, интернет имкониятларидан кенг фойдаланиш билан самарага эришиш мумкин.

Бу борада жаҳон тажрибасига эътибор қаратсак, дунёда коррупцияга қарши қарши курашиш тўғрисидаги илк қонунлардан бири Буюк Биританияда 1889 йилда қабул қилинган бўлиб, иллатга қарши курашда ҳамиша жамоатчилик фикри ва унинг назоратига таяниб келинади. Анъанага мувофиқ, халқнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти, билим савияси жамият билан ҳамоҳанг юксалиб бориши, инсон ҳуқуқлари ҳимояси таъминланиши, лоқайдлик, бефарқлик касалликларидан ҳоли эканлиги, қонун олдида жамият аъзоларининг тенглиги, ҳуқуқ-тарғибот органларида юксак профессионализм кўникмаларига эга бўлиш одатий ҳол ҳисобланади. Масалан, жамиятда салбий иллатлар, жиноятчилик ҳақидаги хабар дарҳол ОАВ орқали аҳолига етказилади, жойларда мавзу муҳокамасига оид дебатлар бошлаб юборилади ва бу иллатга ҳуқуқий баҳо берилгунга қадар жамоатчилик назоратида бўлади. Бундан кўриниб турибдики, очиқлик ва шаффофлик таъминланишида аҳоли ҳамда давлат органлари биргаликда ҳаракат қилади.

Шунингдек, Буюк Британияда икки давлат қўмитаси – коррупцияга қарши ва оммавий соҳа стандартлари қўмиталари профилактика чоралари – таниқли шахслар иштирокида тузилган шартномалар ва уларни молиялаштириш масалалари билан шуғулланади. Мамлакатнинг коррупцияга қарши куршиш учун аниқ стратегияси мавжуд бўлиб ҳалоллик, тўғрилик принципларини жамиятнинг ҳамма соҳаларига сингдиришга эришган. Ана шу принциплар асосида давлат хизматчиларининг Ахлоқ кодекси ҳам тузилган. Таъкидлаш жоизки, рейтинги юқори бўлган деярли барча мамлакатларда давлат хизматлари ходимларининг Ахлоқ кодекси мавжуд.

Канада ҳам халқаро рейтингда бу жиҳатдан юқори ўринлардан бирини эгаллаб келади. Мамлакатда давлат хизмати коррупция ҳолатларидан холидир. Порахўрлик – давлат хоинлигига тенглаштирилган бўлиб, икки тарафга, берувчига ва олувчига бир хил жазо белгиланиб, барча имтиёзлар бекор қилинади ҳамда 14 йилга озодликдан маҳрум қилиниб, кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Швеция халқаро рейтингда коррупция даражаси паст бўлган барқарор мамлакатдир. Коррупция иллатига қарши курашишда айниқса фуқароларнинг даромадлари ва харажатлари ҳақидаги очиқ маълумотлар мунтазам берилиши муҳим аҳамиятга эга. 1923 йилда ташкил этилган “Порага қарши институт” соҳада маърифий тушунтириш ишларини олиб боради. Швеция прократурасида бор йўғи 7 нафар махсус прокурорлар, шунингдек, 25 нафар махсус политсиячилар коррупцияга қарши шуғулланди. Улар юксак профессионал ва ахлоқий хислатларга эга бўлган ходимлар бўлиб мамлакатнинг барча ҳудуди учун етарли ҳисобланади. Таъкидлаш жоизки, мамлакатда фуқароларнинг ҳуқуқ органлари ҳамда ОАВга ишончи катта.

Сингапурда эса коррупцияга қарши курашнинг ўзига хос усуллари мавжуд. Коррупция ҳолатларини суриштирувчи махсус бюро сиёсий ва функсионал мустақилликка эга бўлиб, давлат ва ҳамда хусусий секторларда коррупция ҳолатлари давлат хизматлари ходимларининг мансабини суиистеъмол қилиш ҳоллари бўйича чора кўриш учун тегишли органларга зудлик билан хабар беради. Жамоатчилик назорати натижасида аниқланган ҳолатлар бўйича очиқлик ва шаффофлик тамойилларига таянган ҳолда фаолият олиб боради. Ушбу иллатнинг келиб чиқиши шарт-шароитларини минималлаштириш ёки бутунлай бартараф этиш чораларини кўради.

Финландия жаҳондаги энг барқарор мамлакатлардан бўлиб, айниқса матбуот эркинлиги рейтингида етакчилик қилиб келмоқда. Жумладан, коррупцияга қарши курашда очиқлик принципи амал қиладиган, жамоатчилик билан фаол ҳамкорликда давлат органлари хизматчилари ва ходимларидан, депутатлардан, президент ҳамда судьялардан дахлсизлик мақоми олиб ташланишига эришилган қонун олдида ҳамма баробар бўлган мамлакат. Бу давлатда ишлар шу даражада мукаммал ташкил этилганки, коррупцияга қарши кураш олиб борадиган махсус органи йўқ, коррупциянинг ўзи ҳам йўқ.

Японияда ҳам қонун чиқарувчи орган сайлов кампанияларини, номзодларнинг молиялаштиришга қаттиқ чекловлар қўяди. Зарур ҳолларда санкциялар қўллайди, кўплаб мамлакатларда бўлгани каби Японияда ҳам кадрлар сиёсати коррупцияга қарши куршнинг бош йўналишларидан ҳисобланади. Давлат хизматчилари кафолатланган иш ҳақи билан таъминлаб қўйилган. Шу боис, сиёсатчи ва хизматчиларнинг ахлоқий қиёфаларига жиддий эътибор берилади. Жамоатчилик назорати вакиллари ОАВ билан яқиндан ҳамкорлик қилади, салбий ҳолатларни зудлик билан жамоатчилик муҳокамасига қўяди.

Фикримизча, ушбу иллатга қарши курашда жамоатчилик назоратининг хорижий тажрибаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, авваламбор, бу иллатга қарши куршда фақат давлат органларининг саъй-ҳаракатлари етарлича эмаслиги, давлат ва жамият жамоатчилик назорати вакиллари фаоллигини кучайтиришдан манфаатдорлиги, фуқаролар, ёшлар онгида коррупция иллатига қарши муносабатини шакллантириш, давлат ва ҳокимият органлари фаолиятида очиқлик ҳамда шаффофлик тамойиллари устуворлигига эришиш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш, ҳуқуқий негилизмни бартараф этишда хорижий мамлакатлар тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда, давлат органлари ходимлари ва хизматчилари, шунингдек, ОАВ вакилларининг Ахлоқ кодексини жорий этиш вақти келганини даврни ўзи кўрсатмоқда.

Шу ўринда шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, ўз шахсий манфаатлари қулига айланган, уларни давлат ва жамият манфаатларидан юқори қўйган ходим, шубҳасиз, коррупциянинг осон ўлжасига айланди. Маънавий дунёси чегараланган одамлар эртами-кечми, ахлоқий тубанликка юз тутади. Айнан шундай муҳит коррупциянинг юзага келишига сабаб бўлади.

Мамлакатимизда ушбу соҳада ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлашда тизимли ишлар амалга ошириляпти.

2019-2020 йилларда коррупцияга қарши кураш давлат дастури ижроси бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, унга биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси палаталари олдидаги ҳисобдорлиги тартибини такомиллаштириш каби муҳим вазифалар шулар жумласидандир.

Шунингдек, қарорлар қабул қилиш жараёнида фуқаролар иштирокининг шаффоф ва самарали усулларини жорий этиш вазифалари амалга оширилмоқда. Мазкур фармон билан “Коррупциясиз соҳа” лойиҳасини амалга оширишнинг дастлабки босқичида қурилиш ва таълим соҳалари танланди.

Ушбу фармонга биноан, маъсул давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда ОАВ ва интернет ресурсларида, шу жумладан, чет эл ОАВ да кенг кўламдаги ахборот-тарғибот ишларини ташкил этиш уларда таниқли олимлар, давлат органлари вакиллари ҳамда жамоатчилик вакилларининг чиқишларини назарда тутиб, коррупцияга қарши курашиш масалалари бўйича брифинглар, интернет-конференциялар, телевизион кўрсатувлар, радио эшиттиришларда иштироки таъминланмоқда. Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашда изчиллик билан амалга оширилаётган дастурий тадбирлар жамиятимизни ушбу иллатдан соқит қилишга қатъий киришилганлигининг тасдиғидир.

20
КОРРУПЦИЯГА ЙЎҚ ДЕЙЛИК!

Коррупция қонун устуворлигига, демократия ва инсон ҳуқуқларига, самарали давлат бошқарувига таҳдид солади, тенглик ва ижтимоий адолат принципларини бузади, демократик инситутлар фаолияти ва жамиятнинг ахлоқий нормаларини издан чиқаради. Коррупция ва порахўрлик давлатни ич-ичидан емиради.
Барчамизга маълумки сўнги пайтларда коррупция кенг илдиз отиб бораётган салбий иллатлардан биридир. Коррупция – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят. Коррупция фаолияти хуфёна иқтисодиётнинг асосий турларидан бири ҳисобланади.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши куршиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бир қатор, фармон ва қарорлар қабул қилинган. Коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурлари ишлаб чиқилмоқда. Мисол қилиб ўтсак Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 27 май куни Ўзбекистонда Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ҳужжат коррупцияга қарши курашиш тизимини самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш мамлакатнинг Халқаро майдондаги  ижобий обрў эътиборини оширишга қаратилган.
Фармон билан 2019-2020 йилларда “Коррупцияга қарши курашиш давлат дастури” қабул қилинди. Ушу дастурга асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Халқ депутатлари Кенгашлари, туман ва шаҳар Халқ депутатлари Кенгашлари таркибида коррипсияга қарши курашиш камиссиялари ташкил этилиши тавсия қилинди. Улар зиммасига:
•  Жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишлар ҳолатини комплекс ўрнатиш;
•  Жойларда коррупция кўринишлари намоён бўлишига олиб келадиган тизимли муаммолар ва коррупциянинг ҳолати тўғрисида Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарининг коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари бўйича қўмиталарга ушбу соҳадаги фаолиятни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритилган ҳолда мунтазам равишда ахборот бериб бориш функциялари юкланди;
Бу Коррупцияга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар кучайтирилиб борилаётганидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонунда турли соҳаларда коррупцияни олдини олиш  чора-тадбирлар белгиланган:
•  Давлат бошқаруви соҳасида коррупцнянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар;
•  Ижтимоий иқтисодий ривожланиш ва тадбиркорлик соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар;
•  Манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уни бартараф этишга доир чора-тадбирлар;
•  Маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар;
•  Давлат харидларини  амалга ошириш соҳасида корупсияни олдини олишга чора-тадбирлар;
•  Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси;
Давлат органлари фаолиятининг очиқлигини ва уларнинг ҳисобдорлигини таминлаш, давлат бошқаруви тизиминини самарадорлигини ошириш, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларнинг ва бошқа ҳодимларининг ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши юзасидан масъулятини кучайтириш.
Бу чора-тадбирлар мамлакатимизда коррупцияни таг-томири билан суғуриб ташлаш учун амалга оширилмоқда. Бунга қўшимча равишда коррупция жиноятини  яъни пора олиш-беришда воситачилик қилган шахсларга нисбатан қўлланиладиган жазо чоралари ҳам кучайтирилмоқда.
Хусусан пора олиш жиноятини содир этган шахсга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақини эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этган ҳолда икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёҳуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш кўп миқдорда ёки тамагирлик йўли билан содир этилган бўлса беш йилдан онг беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.(Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодески 210-моддаси).
Пора бериш жиноятини содир этган шахсга нисбатан эса энг кам ойлик иш ҳақини эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима  ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёҳуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Бу жиноятни такроран ёки кўп миқдорда содир этиган бўлса беш йилдан онг йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.  Шунингдек пора олиш ёки пора беришда воситачилик қилган шахсларга нисбатан ҳам жазо чоралари белгиланган.
Дарҳақиқат бу чора-тадбирлар ўзини оқламоқда, чунки мамалакатимизда порахўрлик жиноятини содир этганлар сони камайиб бормоқда. Бу ҳар томонлама чуқур ўйланган ва тўғри сиёсат олиб борилётганидан далолат беради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш бутун жамият иши эканлигини таъкидлаган ҳолда қуйидагича эътироф этилган: “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари табир жоиз бўлса  “Ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган  юксак марраларга эриша олмаймиз”.

19
ҲУҚУҚИНИ БИЛГАН ИНСОН – ОЗОДДИР!

Халқимизда эскидан қолган маталлар бор. Масалан, кимдир бирор тартибни бузса, ноҳақлик қилса, ўзга мулкига кўз олайтирса унга нисбатан: “Ҳаддингни бил!” ибораси ишлатилади.
    Ҳадни билиш-аслида ҳуқуқни билишдир. Ҳар ким ўзининг ҳаққи ва ҳуқуқини биларкан, иш фаолиятда бўлсин, ҳаётдаги турли мажороли, баҳсли ўринларда қийналмайди.
    Ҳуқуқини билган одам уни талаб ҳам қила олади.
    Афсуски, кўпчилик бунга эътиборсизлик билан қарайди ва кейинчалик ўзининг ҳуқуқи бузилгани ёки камситилганидан норози бўлиб юради.
    Юртимизда ислоҳотларнинг янги босқичида бошқа соҳа ва тизимларда бўлгани каби айнан ҳуқуқ соҳасида ҳам сўнгги йилларда кескин бурилишлар кузатилмоқда. Бу тизимни ислоҳ қилиш борасида қабул қилинаётган қонунларда ўз аксини топаётир.
     Аслида инсонга ўз ҳақ ва ҳуқуқларини тизимли равишда болаликдан ўргатиш лозим. Юртимизда бу борада истиқлол йилларида бир қатор ишлар амалга оширилди. Пойтахтимизда Юридик университет ташкил қилинган бўлса, вилоятларда юридик таълимни ўргатишга ихтисослашган даргоҳлар иш бошлади. Муқаддам лицей мақомида иш олиб борган бу билим масканлари қисқа фурсатда ҳуқуқий таълимга қизиқувчан минглаб ёшларимиз учун кейинги фаолиятларини бошлашда ўзига хос бир босқични ўтади. Эндиликда бу даргоҳларга техникум мақомига эга бўлди.
    Шу йил 29 апрель санасида қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони айнан юридик таълим соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда.
    Ушбу Фармонда юридик таълимни тамомила янгича босқичга олиб чиқиш учун бир қатор янгиликлар жорий қилинаётир. Аввало, ҳуқуқ бўйича олий маълумотли  мутахассисларга бўлган эҳтиёжларни тўла қоплаш учун Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар янгидан ташкил қилинаётганини алоҳида қайд қилиш керак. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳам ташкил қилинаяпти.
    Булардан кўзланган мақсад юридик таълим ва фанни янада ривожлантириш ва шу орқали юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрларни тайёрлашни таъминлашдир.
   Президентимиз Фармонида алоҳида кўрсатилган ушбу сифатлашлар таҳсинга лойиқ. Негаки, илк бора ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар атамаси алоҳида тилга олинаяпти. Нега деган ҳақли савол туғилади.
    Ҳеч кимга сир эмаски, собиқ шўро даврида ҳам ва ўтган чорак асрлик вақтда ҳам ҳуқуқ соҳасида эскича, қотиб қолган бир хилдаги қолиплар асосий иш мезони бўлиб келди. Шундан, Халқ қабулхоналарига тушаётган шикоятларнинг аксари суд тизими, ҳуқуқ органлари фаолиятидан.
    Терговчи бўладими, судья бўладими қонун бузилиши билан боғлиқ бирор фаолиятни тергов қилиш ёки унга ҳуқуқий баҳо беришда аввало амалдаги қонунларга қатъий риоя қилмоқлари керак. Бунда масалага холис ва ҳалол ёндашиш бирламчи ҳисобланади. Фақат шундагина адолат қарор топади.
    Бунинг учун эса ҳуқуқ тизимида ишлайдиган юридик кадрлар ҳалол бўлмоқликлари ва ижодий фикрга эга бўлишлари керак. Айнан шунинг учун Фармонда бу борада энг мукаммал ҳорижий тажрибаларни тизимга тадбиқ қилиш механизмларини яратиш ҳам белгилаб берилган. Биргина мисол: Тошкент Давлат юридик университетида Япон ҳуқуқларини ўрганиш маркази фаолият юритиши белгилаб берилган. Шунингдек, ҳуқуқ тизими ривожланган Германия ва бошқа давлатлар тажрибалари ҳам кенг ўрганилиши, бу борада тадқиқотлар олиб бориш белгиланган.
    Президентимизнинг бу Фармони юридик таълим ва фанни янгича босқичга олиб чиқиш учун мустаҳқам пойдевор вазифасини ўташи ҳеч шубҳасиз.

18
Адлия аралашгач!

Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро О.Иноятованинг давлатимиз томонидан ижтимоий ҳимояга мухтож аёлларга моддий ёрдам берилаётганлиги муносабати билан бу юзадан амалий ёрдам беришни сўраб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига қилган мурожаатлари кўриб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ вилоят адлия бошқармасининг аралашуви билан “Умид” маҳалла фуқаролар йиғини қошидаги нафақа тайинлаш комиссиясининг 2020 йилнинг 13 майдаги 5-сонли қарорига асосан фарзанди учун 2020 йилнинг июнь ойидан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа пули тайинланиши таъминдланди.

15
ОИЛА – ВАТАН ИЧРА МЎЪЖАЗ ВАТАН

Бахтли оилалар туфайли бахтли жамоа вужудга келади. Чунки бахтли ота-оналар бахтли болаларни улғайтирадилар, бир-бирига меҳр қўйган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирларига меҳр қўядилар.

Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятларнинг ривожини таъминлайдиган, янги авлодни дунёга келтириб, уни маънавий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялайдиган, жамиятнинг асосий негизи ҳисобланувчи муқаддас маскандир.

Оила – кишилар ҳаётининг энг муҳим қисми, фуқаролик жамиятининг таянч нуқтасидир. Бу муқаддас масканда инсон дунёга келади, айнан мана шу ерда у маънавий ва ахлоқий жиҳатдан камол топади.

Оилада меҳр-муҳаббатнинг юзага келиши ва ҳукм суриши учун қуйидаги шартларнинг бўлиши кўзда тутилади:

–    оила аъзоларининг бир-бирини қадрлаши;

–    оила аъзоларининг бир-бирларига ишониши ва ҳимоялаши;

–    яқинлик, ўзаро ёрдам ва ўй-фикрларини ўртоқлашиш;

–    масъулиятни ҳис қилишлари (ота-оналарнинг ўз бурч ва масъулиятларини ҳис этиши);

–    қийинчиликларга қарши биргаликда курашиб, уларни ҳал қилишлари;

–    ўзлигини ифода эта олиш ва бахтли яшаш учун муносиб муҳит ярата олиш;

–    соғлом моддий ва маънавий ҳаётга эга бўлишлари;

Юртдошларимиз бир-бири билан учрашганда оилангиз тинчми, бола-чақангиз омонми, ҳамма саломатми дея ҳол – аҳвол сўрайдилар. Халқимиз оилани асрашни азалдан муқаддас вазифалардан бири, деб билиши бежиземас. Бу туйғу неча асрлар давомида авлоддан – авлодга ўтиб келмоқда.

Зеро, муқаддас заминимизда қадимдан миллий урф-одат ва анъаналаримизни ёш авлод онгига сингдиришда, уларни жисмонан баркамол, маънан етук, меҳр-оқибатли инсонлар қилиб тарбиялашда оила муҳити муҳим ўрин эгаллаб келган. Кексаларнинг ибратли ҳаёт йўли, ўгитлари, йиллар силсиласида тобланган тажрибаси ёшларимизнинг тўғри йўлни танлашларида йўлбошчи вазифасини ўтамоқда.

Мамлакатимизда оила мустаҳкамлигини таъминлаш, айниқса, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, зарур шарт-шароитларни яратиш борасида Биринчи Президентимиз раҳномалигида кенг чора-тадбирлар амалга оширилган. Хусусан, 2012-йил “Мустаҳкам оила йили”муносабати билан Давлат дастури ишлаб чиқилиб, фуқаролар фаровонлигини, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Оила тушунчаси ҳамиша Давлатимиз томонидан ҳам, халқимиз томонидан ҳам диққат-эътиборда бўлиб келган ва бундан кейин бош сиёсати бўлиб қолаверади. Шу боис Мустақилликка эришганимиздан кейин йилларнинг номланишида оилаларнинг фаровонлигини яна-да оширишига катта эътибор қаратилган. Хусусан, йилларнинг “Соғлом авлод йили”, “Оила йили”, “Мустаҳкам оила йили” деб аталиши бежиз эмас.

Оилани мустаҳкамлаш дунё миқёсида бош масала даражасига кўтарилган муаммолардан биридир. Оилалар аҳиллиги ва мустаҳкамлигига эришиш мақсадида, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблияси 1993 йил 20 сентябрдаги йиғилишида 15 майни ҳар йили “Халкаро оила куни” сифатида нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилди. 1994 йилнинг 15 майидан буён бутун дунёда, жумладан юртимизда ҳам “Халқаро оила куни” кенг нишонланиб келинади. Ўтган йиллар мобайнида юртимизда оила тушунчаси, унинг мазмун-моҳияти, жамиятда тутган ўрни масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, барча ҳуқуқий асослар яратилганини таъкидлаш лозим. Айниқса, аёллар ва болалар манфаатлари, саломатлигини ҳимоя қилиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Конституциямизнинг XIV-бобида ҳам оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги, жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши қатъий белгилаб қўйилган. Оила кодекси ва бошқа қонунлар орқали ёш ва кўп болали аёлларни ишга қабул қилишда имтиёзлар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепсиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-3808 сон қарорига мувофиқ 15 май ҳар йили халқаро оила куни сифатида республика бўйлаб кенг нишонланиши белгилаб қўйилди. Халқаро оила кунини ўтказишдан мақсад жаҳон ҳамжамияти диққатини оилавий қадриятларга ва оила институти билан боғлиқ муаммоларга қаратишдир. Зероки, оиланинг зиммасидаги муқаддас бурчларнинг бири – улкан тарбия ўчоғи эканлигидир. Оила ўз фарзандларини тарбиялаб уларга умуминсоний қадриятларни сингдириш билан уларга бошланғич ижтимоий йўналиш беради. Ўзбек оилаларимиз катта Ватан ичидаги мўъжаз Ватандир!

Хоразм вилояти юридик коллежи ўқитувчиси

Ниёзжон Султанова

12
САВОЛ БЕРИНГ – ЖАВОБ БЕРАМИЗ

САВОЛ: Ходим ўз ҳисобидан таътил олиш мажбурийми?
    ✅ ЖАВОБ: Кўпчилик корхоналар, айниқса давлат ташкилотлари карантин шароитида ходимларини ўз ҳисобидан таътилга чиқариб юборишган. Бунда аксарият ҳолларда ходимларнинг розилиги сўралмаган ҳам. Шунчаки «аризангизни ёзинг» дейишган, тамом. Ходимлар ҳам ёки раҳбар топшириқларини бажариш, ёки андиша қилиб, ёки яна бошқа сабабларга кўра, индамай ёзиб беришган.
   Аммо мажбуран ўз ҳисобидан таътил олган ходимлар оиласини қандай боқади? Ойликдан бошқа даромади бўлмаган оиласининг ягона боқувчиси бўлган ишчи, хизматчи, ҳодимларнинг аҳволи қандай кечади?
Меҳнат кодексининг 150-моддасига кўра, ходимга ўз ҳисобидан мажбурий таътил бериш мумкин эмас (Ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин, унинг давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади, лекин у ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак), бунга фақат икки томон рози бўлиши шарт, яни иш берувчи ва ҳодим ўртасида ўзаро келишув тузилган бўлиши шарт
   Бундан ташқари агар корхоналар карантинда ишламаётган бўлса, унда ходимларга ойлик тўланадими? Деган савол ҳам туғилиши табиий албатта Ҳа, тўланади! МК 159-моддасига кўра, ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади.
Пандемия ёки карантин бўлгани учун бирорта ходимларнинг айби йўқ. Шундай экан, уларга мажбуран ўз ҳисобидан ариза ёздириш ҳам қонунга зид, бундай ҳолларда ҳар бир ҳодимнинг ўзи қайтадан ишга чиқиш учун раҳбарига бевосита ариза билан мурожаат қилиши керак. Агар раҳбар бизда иш йўқ ҳозир сени иш билан таъминлай олмайман деса унда ҳодимнинг ўртача ойлик иш ҳаққини сақлаган ҳолда ойлик маошини тўлаб бериши лозим бўлади
Байрам кунлари ҳодимларнинг ишга чиқиши мажбурийми?
    ✅ ЖАВОБ: Ходимларни шу кунлари иш берувчининг фармойиши бўйича ишга жалб этишга фақатгина жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, – иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланган асослар бўйича йўл қўйилади.
    Ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда, аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда, шунингдек кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида байрам (ишланмайдиган) кунлари ишлашга йўл қўйилади.
    Дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади.
    Байрам (ишланмайдиган) кунлари арафасида кундалик иш (смена) муддати барча ходимлар учун камида бир соатга қисқартирилади.

08
ИНСОН АЗИЗ ХОТИРА МУҚАДДАС!

Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсадларига олижаноблик бағишлайди. Хотира ва қадрлаш – халқимизнинг асрий қадриятлари, улуғ фазилатларидан биридир. Эл-юртнинг тинчлиги, осойишталиги, эрки ва озодлиги учун курашган инсонлар ҳамиша халқимиз ардоғидадир. Ана шундай мардлик ва жасорат намунасини кўрсатганларга, жанг майдонларида жонини фидо қилган боболаримиз, сабр-бардош билан катта қийинчиликларни енгиб ўтган момоларимизни шарафлаш, хотирасини абадийлаштириш, уларга ғамхўрлик ва эътибор кўрсатиш мустақиллик йилларида янгича маъно-мазмун билан бойитилди.

Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов ташаббуси билан 1999 йилнинг 9 май куни пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Хотира майдони очилди ва шу кундан эътиборан 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиб келинмоқда. Хотира ва қадрлаш кунида ўтганлар хотираси ва уларнинг жасоратлари, эзгу ишлари ҳурмат билан тилга олинади. Биз билан ҳамнафас яшаётган пири бадавлат фахрийларимизга, жисмоний имконияти чекланган юртдошларимизга, боқувчисини йўқотган оилаларга, умуман меҳрга муҳтож кишилар моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватланади. Шу ўринда улуғ ватан уруши даврини қонли фожиаларини эсламасдан илож йўқ. Уруш даврида Ўзбекистонда яшаган 6,5 миллион аҳолининг 1,5 миллиони фронтга кетган, улардан 420 минги қайтиб келмаган, 640 минг нафари яраланган. 120 минг ўзбекистонликлар орден ва медаллар билан тақдирланган. Уруш йилларида Ўзбекистон хавфли ҳудудлардан эвакуация қилинган 1,5 миллион киши учун бошпана бўлган. Бугунги кунда ҳамон орамизда қанчадан-қанча уруш қатнашчилари, фронт ортида меҳнат-машаққат чекканлар бор. Мамлакатимизда ҳар йили байрам арафасида Президентимизнинг махсус фармон ва қарорлари асосида 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фахрийларига пул мукофотлари топширилиб уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилади,уларнинг турар жойлари ва уй хўжаликлари ободонлаштирилади.

Мустақиллик йилларида Хотира ва қадрлаш куни чинакам миллий умумхалқ байрамига айланди. Бу байрамда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотираланади, Афғонистон урушида ҳалок бўлганлар умуман, ўтганлар руҳи ёдга олинади, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг хотираси олдида ҳурмат бажо келтирилади. Иккинчи жаҳон урушидаги қўлга киритилган ғалаба миллионлаб бегуноҳ кишиларнинг, жумладан, бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистон халқининг қони,фронтда ва фронт ортидаги ҳаддан зиёд машаққатли меҳнати ва буюк инсонпарварлиги туфайли қўлга киритилди. Фашизимга қарши курашда ҳалок бўлган минглаб ватандошларимизнинг сўнмас хотираси ҳеч қачон унитилмайди.

Бизнинг тинчлигимиз ва осойишталигимиз йўлида жон олиб жон берган боболаримизни номи қалбимизда бир умрга сақланиб қолади!

06
ХОРАЗМ ВИЛОЯТИДА ХУСУСИЙ НОТАРИСЛАРНИНГ ФАОЛИЯТИ БОШЛАНДИ!

Жорий йилнинг 5 май Хоразм вилоятида ҳам хусусий нотариус фаолиятини бошлади.

Дастлабки иш кунида автотранспорт олди-сотди шартномаси, ипотека, гаров шартномалари, кўчмас мулк олди-сотди шартномалари ва бошқа турдаги битим ва шартномалар хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар томонидан нотариал расмийлаштирилди.

05
Бир мурожаат изидан!

Янгибозор туман адлия бўлими томонидан “Туямўйин-Урганч” МСҚФБ ДУК Янгибозор туман бўлими собиқ ходимлари Т.Матқурбанов ва бошқаларнинг ойлик маошлари берилмаганлигидан норози бўлиб қилган мурожаатлари ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 ноябрдаги «Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш ва унинг сифатини яхшилаш учун Ўзбекистон Республикасининг сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5883-сон Фармони ҳамда “Республика сув таъминоти тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4536-сон Қарорларига асосан, «Туямўйин-Урганч» минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш бошқармаси» ДУК тугатилиб, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида «Ўзсувтаъминот» АЖ “Хоразм сув таъминоти” корхонаси ташкил этилганлиги, корхонанинг шартномалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий ворислари қилиб белгиланганлиги аниқланди.

Ўрганишда, “Туямўйин-Урганч” МСҚФБ ДУК Янгибозор туман бўлимида ишлаган 31 нафар собиқ ишчи ходимларнинг 2020 йил январь, февраль, март ойларига ҳисобланган 50 392 724 сўм ойлик иш ҳақлари тўланмаганлиги аниқланди.

Бу юзадан бўлим томонидан “Хоразм сув таъминоти” корхонаси раҳбари номига қарздорликни тўлаб бериш юзасидан 13.04.2020 йилда 22-1/46-сон тақдимнома ҳамда қонуннинг бузилишига йўл қўймаслик хусусида огохнома киритилган бўлишига қарамасдан, жамият 16.04.2020 йилдаги 4/4-сон хат билан ушбу қарздорликни карантин пандемия тадбирлари тугатилгандан сўнг тўлаб берилишини билдирган.

Маълумки, бугунги кунда коронавирус пандемияси даврида бир қатор ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, биринчи навбатда иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақаларни ўз вақтида тўлаш назарда тутилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг                             161-моддасида “Меҳнатга ҳақ тўлаш муддатлари жамоа шартномаси ёки бошқа лоқал хужжатлар белгиланади ва ҳар ярим ойда бир мартадан кам бўлиши мумкин эмас” деб белгилаб қўйилган ҳамда ушбу Кодекснинг 154-моддасида, “иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ, 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт”лиги белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, бўлим томонидан корхона ходимларининг ойлик маошларини ундириб бериш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судига ариза киритилди ва суднинг 2020 йил 24 апрель кунги буйруғи асосида ходимларнинг 50 392 724 сўмлик ойлик иш ҳақлари тўлаб берилди.