Yangiliklar
Юртимизда баҳор! Кўм-кўк дарахтлар, яшил водийлар, қушлар сайраши, шитирлаб булоқлардан оқаётган сувлар, эндигина унаётган майсалар… Баҳор нафаси!, Баҳор ҳавоси!, Баҳорнинг ифори! Булар қанчалик мўъжиза ва гўзаллик белгиси.
Аммо осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч бўлишига қарамасдан, қалбларимиз беором, дилларимиз хира, кўнглимизни оғир тош босиб тургандай гўё… негаки, озчиликни ташкил қилса ҳам баъзи юртдошларимиз кўзида уйқу, лабларида табассум йўқ.
Бу кичик зарра биздан ҳаловатни, мовий осмон остида фарзандларимизнинг жажжи бармоқларидан тутиб дунё гўзалликларини кўзчаларида акс эттиришдек бахтни, ширин ва ғаниматли вақтимизни ўғирлаётганга ўхшайди. Вақт ўтиб борар экан, бу кичик зарра (COVID-19) яна кимларнинг ширин уйқуларини бедор тунларга айлантириши инсонга маълум эмас. Лекин сиз бундай “Таъқиқланган” вазиятда оила даврасида бўлишингиз, ғаниматли ота-онагизнинг кўзларига меҳр ила боқинг(ахир иш кўплигидан баъзида эътибор ҳам беролмаган эдингизку), кун бўйи сизни ишдан қайтишингизни интизорлик билан кутган дилбандларингиз сўзларига қулоқ солинг, улар қулоғингизга ўзининг орзуларини шивирламоқчи бўлишяпти, яқинларингизга табассумингизни ҳадя қилинг.
Оллоҳ берган нозу неъматларга шукроналик туйғуси билан оила даврасида баҳам кўринг. Бу ҳам ўткинчи синовли кундир. Сиз яна ўз фаолиятингизга қайтишингиз аниқ. Лекин бугунги кунда вазият қалтис бир пайтда ўзини ва яқинларини хавф-хатарга қўйиб кўча-кўйда маъно-мазмунсиз, мақсадсиз юрганлар ҳам бор.
Бундай инсонларга юзланиб, шуни айтиш мумкинки, таъқиқланган ишни қилмаслик ҳам Ислом динида “нафсни тийиш” деб юритилади. Уламоларимиз “ёмон нафс – йиртқич қушдир”деб таъкидлайдилар. Демак ўз нафсини бошқаролмай, кўча-кўйни кўрай деб, ўзи каби фикрлайдиган дўстлар даврасида бўлишга интилишга зарурат сезиш, ёмонликни хоҳлаб турувчи нафсдир. Билиб туруб аммо бунга амал қилмайдиган инсон йиртқич кабидир!.
Йиртқич ҳайвонлар гўшт мазасини уни тамини яхши кўргандай, юқорида йиртқичга қиёсланган баъзи бир юртдошларимиз ҳам бу хатти-ҳаракатлари билан кўплаб бегуноҳ чақалоқлар, қариялар, аввало ўз оила аъзоларини аяш, асраш фикридан узоқдадурлар.
Президентимиз Ш. Мирзиёев нутқларида: “Ватанга хиёнатдир”- агар карантин пайтида ўзини ва яқинларини асрамаслик деган фикрлари жуда ҳам ўринли. Тўғри, инсон 120 кун она қорнида ҳомила пайтида унинг тақдирию – умри куни ёзилади деб айтилган муқаддас китобларда лекин, биз бу сўзни ўзимизча нотўғри таҳлил қилсак, мулоҳазали фикр юритмасак кўзга кўринмас ёв билан соғлом кураша олмаймиз. Умрингиз узоқ бўлсин! Аммо инсон Жаннат боғлари-ю, дўзахнинг оловли тоғларини ўз ҳаёт йўлини, босадиган қадамини ўзи танлар экан, ҳудди шунингдек ўзингизнинг шу кўзга кўринмас офат билан касалланишингизни ҳам ўзингиз танлайсиз.
Тинч кунларимиз ортида минглаб сизни ҳимоя қилаётган жангчи либоси-ю, жангчи ниқобини таққан, Сиз сизнинг соғлигингиз учун ўзингиздан зиёда қайғуриб, яқинларини бағрига босишдан чекланган, фарзандлари дийдорини соғиниб қучишни истаган, оғир кунларда елкадош рафиқининг меҳрли кўзларига боқа олмаётган, кўчаларда соатлаб тик туриб меҳрибон онасининг кўксига бош қўйишга имтинган, кулиб турган аёлининг ширин сўзларини соғиниб эслаган, ўз жонини хатарга қўйиб сизнинг тану-жонингиз соғ бўлиши учун кўзга кўринмас лашкарлар билан курашаётган, ўз бурчини адо қилаётганлар бор. Шундай экан Ватандошим сиздан бир ўтинчим “Меҳрга тўла қўрғонингизда қолинг”, буни қадрига етинг шукроналикни унутманг!!!
Жорий йилнинг 15 март куни коронавирус инфекциясини юқтириб олган бемор аниқланди. Бу нохуш ҳолат бутун республикамизни сергаккликка чорловчи ҳодиса бўлди.
Вирусли юқумли касалликлар ҳозирда тиббиётимизнинг долзарб муаммоларидан биридир. Тиббиёт ходимларининг самарали ҳаракатлари натижасида баъзи касалликлар бутунлай бартараф этилган бўлсада, айрим касалликлар даражаси юқорилигича қолмоқда. Шундай касалликлардан бири COVID-19 вирусидир. Вирус ҳаво томчи йўли орқали тез юқади. Минг афсуски бугунги кунгача касалликка қарши вакцина ҳаётга татбиқ қилингани йўқ.
Ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган кескин чораларга ва таъқиқларга қарамасдан касаллик юқтирганлар сони тобора кенгайиб бормоқда.
COVID-19 вируси билан зарарланганлар сони апрель ойидан кескин кўпая бошлади. Бу ҳолат эса биз ва сизнинг касалликка оддий шамоллаш деб ёки беътибор қараганлигимиздадир.
Касалланганлар сони 11-12 апрель кунлари 98 та , 13 апрель куни 133 та, 14 апрель куни эса беморлар сонининг ўсиши рекорд натижани кўрсатди, яъни рақамлар сони 167 тани ташкил қилди. Рақамларнинг ўсиб боришига ўзимизнинг эътиборсизлигимиз сабабдир. Вирусдан азият чекаётган 1320 нафар фуқаронинг ҳолати ҳар биримизнинг, фарзандларимиз, яқинларимиз ҳаётида содир бўлиши мумкин, қачонки биз гигиена ва чекловларга риоя қилмасак!
Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, орамизда бу “қора ўлат”нинг аянчли натижаларини англамаганлар учраб турибди. Бутун дунёни ларзага солаётган бу офатга менсимай қарашимиз хонадонимизга, жамиятимизга, юртимизнинг иқтисодий ижтимоий ривожига ўзининг салбий оқибатларини кўрсатмай қолмайди. Ривожланган мамлакатлар тажрибасидан шуни кўришимиз мумкинки, карантин қоидаларига риоя қилиш карантин муддатини қисқаришига ёрдам беради.
Куни кеча адлия вазирлиги томонидан карантин ва “ўзини яккалаш” тартиби ижтимоий тармоқлар орқали оддий, халқона тилда тушунтириб берилди. “Ўзини яккалаш” бу — карантинга оид чора-тадбирларнинг бир қисми. Карантинга олинган шахслар тиббиёт ёки санитария-эпидемиология ходимларининг доимий кузатуви ва назорати остида бўлади. “Ўзини яккалаш” ҳаёт тарзида эса фуқаро тиббий кузатув ёки назорат остида бўлмайди.
“Ўзини яккалаш” бўйича ўрнатилган карантин чекловларини бузиш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳисобланади ва бунинг учун фуқароларга 4 миллион 460 минг сўмдан 6 миллион 690 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 6 миллион 690 минг сўмдан 11 миллион 150 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг йирик шаҳарларида “ўзини яккалаш” тартиби 6 апрелдан мажбурий жорий этилди. Унга кўра, шахснинг ўзининг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш ва бошқалар) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши қатъиян чекланди.
Ҳаракатланишда ҳамда савдо дўконлари ва бошқа жойларда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаш талаб этилади. 65 ёшдан юқори ёшда ва сурункали касаллиги бўлган фуқаролар ўз уйларидан ўта заруратсиз ташқарига чиқиши қатъиян ман этилди.
Ўзбекистонда карантиннинг қачон тугаши эса номаълум. У Республика махсус комиссияси қарорига кўра амалга оширилади. Айни вақтда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга озиқ-овқат ва дори-дармон карантин даври охиригача бепул етказиб берилади.
Бундан ташқари шифокорлар такрор ва такрор айтилаётган қўлингизни тез-тез совун билан ювинг, зарурат бўлмаса кўчага чиқманг, уйда қолинг деган жумлалар шунчаки баландпарвоз гаплар эмас, балки ҳаётимизда ўз тасдиғини топган асл ҳақиқатлардир. Агар биз бугун юқоридаги қоидаларга риоя қилмасак, эртага коронавирусга чалинган беморлар орасида сиз, биз ёки фарзандларимиз бўлиши мумкин.
Шундай экан бир ёқадан бош чиқариб, карантин муддатини қисқартиришга ўз ҳиссамизни қўшайлик!
Инсоният ўзининг матонати, ақл-заковати ила не-не синовларни, не-не довонларни ошиб ўтган. Бугун эса бутун ер юзига коронавирус балоси хавф солиб турибди. Афсуски, COVID-19 оддий вирус эмас. Ушбу вирус ҳақида гап кетганда рақамларга юзланмасдан иложимиз йўқ. Чунки коронавирус қисқа вақт ишида дунёнинг 190 мамлакатида тарқалиб 2 миллиондан ортиқ одамни ўз домига тортди. Минг афсуслар бўлсинки, коронавирус қайд этилган давлатлар орасида серқуёш ва жаннатмакон Ўзбекистонимиз ҳам бор. Тўрт фасл ҳам бирдек ўз жамолини кўрсатадиган ушбу Ватанда, айниқса, фасллар келинчаги бўлмиш баҳорда табиат ўз гўзаллигини ҳар доимгидан ҳам ортиқроқ намоён қилади. Инсон беихтиёр ўйга толади: ”Наҳотки табиат уйғона бошлаган, унинг гўзалликларидан баҳраманд бўладиган бир пайтда уйда ўтириш мумкин бўлса…”. Ушбу саволга бугунги синовли кунларда ҳеч иккиланмасдан ва бир овоздан шарт ва зарур дея жавоб бериш керак. Чунки бугунги мураккаб вазиятда уйда қолиб ўзимиз ва яқинларимизни асраш нафақат Ватанимиз, балки бутун инсоният олдидаги энг шарафли, шу билан бирга, энг асосий бурчимиздар. Зероки, бизни олдинда яна минглаб баҳорлар, қанчадан қанча бахтли кунлар кутиб турибди.
Тўғри, беш қўл баробар бўлмаганидек, орамизда вазиятдан тўғри хулоса чиқарган ҳолда тартиб-қоидаларга риоя қилаётганлар билан бирга ўткинчи ҳою ҳавасларга берилиб ўз оёғига, ўз келажагига билиб-билмай болта ураётганлар, яъни карантин қоидаларини бузиб ўзи ва оиласини хавф остида қолдираётган лоқайд кимсалар учраб турибди. Айнан шулар сабабли бугун Ўзбекистон Республикасида коронавирусга чалинганлар сони мингдан ошиб кетди. Коронавирусга беписанд муносабатда бўлиб карантин қоидаларига риоя қилмаётганларга шуни айтмоқчимизки, ҳар куни ойнаи жаҳон орқали такрор ва такрор айтилаётган қўлингизни тез-тез совун билан ювинг, зарурат бўлмаса кўчага чиқманг, уйда қолинг деган жумлалар шунчаки баландпарвоз гаплар эмас, балки тасдиғини топган асл ҳақиқатлардир. Агар биз бугун юқоридаги қоидаларга риоя қилмасак, эртага коронавирусга чалинган беморлар орасида сиз, биз ёки фарзандларимиз бўлиши мумкин. Ахир, бекорга айтилмаган-ку касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхши деб. Шу ўринда яна бир нарсага эътибор қаратмоқчиман, 5 ёки ошиб борса 15 кишилик оилани бошқариш, ҳимоя қилиш қанчалик мушкул, 30 миллиондан ортиқ халқни ҳимоя қилишни-чи, ҳеч тасаввур қила оласизми? Англаганингиздек, бу осон иш эмас. Шундай экан, бугунги мураккаб вазиятда ўзининг бор имкониятини ишга солган ҳолда миллат тақдири учун мардонавор курашаётган юртбошимизга мингдан минг раҳматлар айтсак ҳам кам. Азизлар, бизни деб жонини хатарга қўяётган, неча-неча тунларни бедор ўтказаётган инсонлар учун ҳам уйда қолайлик! Биз уйда қолсаккина ўзимизни, оиламизни, Ватанимизни, келажагимизни асраган бўламиз. Барчаси ўз қўлимизда. Фарзандингиз учун уйда қолинг! Ота-онангиз учун уйда қолинг! Оилангиз учун уйда қолинг! Ватанингиз учун уйда қолинг! Инсоният учун уйда қолинг! Бахтли келажак учун уйда қолинг! Қилинмаган эзгу ишлар учун уйда қолинг! Келажак авлод учун уйда қолинг!
Хаммамизга маълумки мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Бунинг мисолида муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5415-сонли Фармонига асосан ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш жараёнида, биринчи навбатда, ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини, жумладан ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятини сифатли ташкил этиш, изчил ва бир хил ҳуқуқни кўллаш амалиётини шакллантириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишнинг яхлит тизимини жорий этиш йўли билан амалга оширишни кўзловчи адлия органлари ва муассасаларига зиммасига бир қатор вазифалар юклатилди.
Мазкур Фармондан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3666-сонли Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарор билан адлия органларининг янги таркибий тузилмалари тасдиқланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тизимининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган касб-ҳунар коллежлари юридик хизматларининг штат бирликлари ҳисобидан, “республика — вилоят — туман (шаҳар)” уч поғонали принципи бўйича вертикал бошқарувни жорий этган ҳолда туманлар (шаҳарлар)да адлия бўлимлари ташкил этилди.
Шу билан бирга ушбу Қарорга асосан Адлия вазирлиги тузилмасида ҳар бир ҳудудда биттадан – жами 14 та юридик коллежлари ташкил этилди.
Юқорида кўрсатиб ўтилган Фармон ҳамда Қарор ижросини таъминлаш бўйича 2020 йилнинг 1-чораги давомида Хоразм вилоят адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги давлат нотариал идоралари ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив хусусиятга эга бўлган 21 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 17 тасига расмий розилик берилди.
Адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги адлия бўлимлари томонидан инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш, норма ижодкорлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганишни таъминлаш борасида ўтказилган 112 та режа-тадбирлар давомида 7 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида адлия бошқармаси ва унинг тизимидаги адлия бўлимлари томонидан тегишли мансабдор шахслар номига 285 та тақдимнома ва 1578 та огоҳномалар киритилиб, 80 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 1 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича судларга ва бошқа ваколатли органларга киритилган 52 та маъмурий баённомалар ва таклифлар асосида 43 нафар шахсларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.
Фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш, моддий ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисида судларга жами 1 млрд 088 млн 267 минг сўмлик 374 та даъво аризалари киритилган бўлиб, шундан 710 млн 760 минг сўмлик 249 та даъво ариза қаноатлантирилган. Ҳисобот даврининг охирига 126 та даъво аризаси қолдиқ бўлиб ўтган.
Бошқарма ҳамда туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан 2020 йилнинг 1-чораги давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг 1441 та мурожаатлари келиб тушган. Шундан 1282 та мурожаат кўриб чиқилиб, 983 таси қаноатлантирилди ва 299 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида мавжуд бўлган мавжуд бўлган 1-008 рақамли “Ишонч телефон”ларига қилинган 37 та мурожаатларнинг 8 таси қаноатлантирилган.
Шунингдек келиб тушган жами 1441 та мурожаатнинг 109 таси мурожаатлар кўриб чиқишлик учун тегишли ташкилотларга юборилган. 3 та мурожаат кўрмасдан қолдирилди. Ҳисобот даврининг охирига 20 та 47 мурожаат қолдиқ бўлиб ўтган.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан жами 581 та нодавлат-нотижорат ташкилотлари рўйхатидан ўтказилган, шундан 377 таси давлат рўйхатига, 204 таси ҳисоб рўйхатига олинган. Шунингдек, бошқарма томонидан 102 та шундан 98 таси исломий ва 4 таси ноисломий диний ташкилотлар давлат рўйхатидан ўтказилди.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида 7 453 та ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Хоразм вилояти бўйича ташкилотларда мавжуд 185 та юридик хизмат штат бирликларининг амалда ишлаётган 165 нафар юридик хизмат ходимларининг 132 нафари аттестациядан ўтказилди, 132 нафари Юристлар малакасини ошириш марказида малака ошириши таъминланди.
Бугунги кунга қадар ташкилотларнинг сабабсиз равишда малака оширмасдан фаолият кўрсатиб келаётган юридик хизмат ходимларининг малакасини ошириш ва уларнинг белгиланган тартибда адлия бошқармасидан аттестациядан ўтиш бўйича ташкилот раҳбарлари номига 10 та таъсир чоралар киритилди.
Давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан 30.000 дан ортиқ нотариал ҳаракат бажарилиб 9 млрд сўмдан ортиқ миқдоридаги давлат божи, 520 млндан ортиқ миқдоридаги герб йиғими ундирилди, 2 млрд 550 млн сўмлик пуллик ҳуқуқий хизмат кўрсатилди.
Хоразм вилояти бўйича жами 130 та адвокатлик тузилмалари мавжуд бўлиб, шундан 116 таси адвокатлик бюролари, 13 таси адвокатлик фирмалари ва 1 та адвокатлар ҳайъати мавжуд, 2020 йил давомида 4 та адвокатлик бюроси рўйхатдан ўтказилди.
Бундан ташқари, Қарор билан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида Юридик коллежлар ташкил қилиниши белгиланган бўлиб, мазкур коллежларга ҳудудий адлия органларининг раҳбарлари бир вақтнинг ўзида коллежга услубий раҳбарликни амалга оширадиган бўлди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган ғоя ҳаётда ўз ифодасини топаётгани халқ манфаатлари таъминланишига хизмат қилмоғи, ана шу мақсад йўлида барчамиз белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, бор ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамизни, жонажон Ватанимизга фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз керак.
Коронавирусга қарши курашда инсонлараро муносабатни (контакт, яъни қучоқлашиб кўришиш, меҳмондорчилик ва бошқалар) вақтинчалик чеклаш жуда муҳим. Шу муносабат билан Республика махсус комиссияси томонидан жиддий чоралар кўрилмоқда.Сўнги кунларда катта шаҳарларда автотранспорт воситалари ҳаракатланишига қўйилган чекловлар шулар жумласидандир. Хўш, бу қандай натижа бермоқда? Урганч шаҳрида автотранспорт оқими қанчалик камайди?
Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан Питнак шаҳри, Пастом маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Қиличевнинг Туямўйин Урганч минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш давлат унитар корхонаси томонидан ойлик маоши тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб, бу юзадан иш ҳақини ундириб беришда амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати кўриб чиқилди.
Ўрганиш жараёнида Туямўйин Урганч минтақалараро сув қувурларидан фойдаланиш давлат унитар корхонаси томонидан 2019 йилнинг айрим ойлари ва жорий йилнинг февраль ойига қадар бир қатор ишчи-хизматчиларнинг ойлик маошлари тўлаб берилмаганлиги, шу жумладан, унинг ҳам 3.791.043 сўм бўлган иш ҳақингиз тўланмасдан турганлиги аниқланди.Шунга кўра, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш ишчи-хизматчиларнинг иш ҳақлари тўлиқ тўлаб ҳисоб-китоб қилиш бўйича ФИБ Урганчтуманлараро судига суд буйруғини чиқариш юзасидан ариза киритилиб, унинг ижроси юзасидан суднинг жорий йилнинг 2 март кунги юқоридаги пул маблағини ундириш бўйича буйруғи чиқарилиб, фуқаронинг талаби қаноатлантирилиши таъминланди. Шу билан бирга, адлия бошқармасининг юқоридаги корхонадан яна 40 нафар фуқароларнинг ойлик иш ҳақини ундириш бўйича судга киритилган аризасининг ижроси юзасидан ҳам 40 нафар фуқароларга 137.046.302 сўм пул маблағини ундириш бўйича суднинг буйруғи чиқарилди.
Юртимизда халқимизнинг турли муаммоларни биргалашиб ҳал қилиш каби ибратли қадриятлар тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Бу борада маънавий ҳаётимизнинг узвий қисмига айланган ҳашар янгича маъно-мазмунга эга бўлиб, умуммиллий анъанага айланган. Зеро, ҳашар минг йиллар мобайнида кишилар ўртасидаги бир-бирига ўзаро ёрдам, инсонпарварлик, олийжаноблик, саҳоватпешалик каби эзгу туйғуларни ёшлар онгига сингдиришга хизмат қилади. Шу муносабат, билан Хоразм вилоят адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари жамоаси кўтаринки руҳда жорий йилнинг 14 март куни ободонлаштириш ишларини амалга оширди. Ҳашарда бошқарма ва ҳудудий адлия бўлимларининг ҳовлилари, биноларнинг ички ва ташқи қисмлари тозаланди. Шу билан бирга, мазкур ҳашарда 50 дан ортиқ арчалар, 50 дан ортиқ гуллар ҳамда 100 ортиқ мевали кўчатлар бошқарма маъмурий биноси боғига экилди. Умумхалқ ҳайрия ҳашари давом этмоқда.
Вилоят адлия бошқармаси томонидан Гурлан туман “Сахтиён” қишлоғида яшовчи фуқаро У.Искандаровнинг тумандаги “Баркамол авлод” болалар маркази томонидан иш ҳақи берилмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати мутахассислар иштирокида ўрганиб чиқилди.
Мурожаатни ўрганиш жараёнида адлия органларининг аралашуви билан Гурлан туман “Баркамол авлод” болалар маркази томонидан 2019 йил ноябрь ойи учун асоссиз равишда ушлаб қолинган иш ҳақи тўлиқ тўлаб берилиши таъминланди.
Хоразм вилояти адлия бошқармасида 2020 йил февраль ойи якуни бўйича амалга оширилган ишлар таҳлилига асосан ойнинг энг яхши ходими аниқланди. Унга асосан Хоразм вилоят адлия бошқармаси Нодавлат нотижорат ташкилотлар бўлими бошлиғи Алламов Тимур Каримович “Ойнинг энг яхши ходими” дея эътироф этилди.
Шу муносабат билан Хоразм вилояти адлия бошқармаси жамоаси Алламов Тимур Каримовичнинг келгуси фаолиятига омад тилаган ҳолда унинг бошқарма фаолиятига қўшиб келаётган ҳиссаси учун чуқур миннаддорчилик билдиради.