Янгиликлар
Ёшлар учун байрам совғаси
Оила ҳар-бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятларнинг ривожини таъминлайдиган янги авлодни дунёга келтириб, уни баркамол қилиб тарбиялайдиган муқаддас маскандир.Шу жиҳатдан ҳам ҳудудларда оила ришталарини боғлашга хизмат қилувчи замонавий ФҲДЁ бўлимларининг муҳташам бинолари қурилиб фойдаланишга топширилмоқда.
531 миллион сўм маблағ сарфланган иншоотни туман аҳолисига Мурод Самандаров раҳбарлик қилаётган “Ноиб мармар” хусусий таъмирлаш корхонаси бунёдкорлари тақдим этишди.
Миллий ва замонавий талаблар асосида қурилган бино туман аҳолиси ва меҳмонлари учун Наврўз байрамига муносиб совға бўлди.
Сўзга чиққанлар қайд этишганидек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-боби алоҳида оилага бағишланиб, 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги қайд этилган.
Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, юртимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Шу куни янги муҳташам бинода оила қуришга аҳд қилган ёш келин-киёвларга никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома топшириш тантанаси ҳам бўлиб ўтди.