Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

Кенг кўламли чора-тадбирлар


Адлия органлари томонидан тадбиркорликни ривожлантиришнинг самарадорлигини оширишга, кичик бизнес вакилларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.SAM_1299.JPG

Ушбу вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари, тижорат банклари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари ҳамкорлигида “Тадбиркорларга яратилган қулай имкониятлар” мавзусида анжуман ташкил этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодий фаолиятнинг энг самарали мулк шаклларидан бири бўлиб, тез ўзгариб турадиган бозор талабларига мослашувчан, замонавий ишлаб чиқариш тузилмаларини шакллантира олиш каби афзалликларга эга. Шу боис, мамлакатимизда хусусий секторни ривожлантириш, унинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Натижада тадбиркорлик субъектлари сони йил сайин кўпайиб, уларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши муттасил ошиб бораётир.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганининг ўзи иқтисодиётимизнинг таркибида бўлаётган ижобий ўзгаришлардан ҳам дарак беради. Фақатгина ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда 26 мингдан зиёд кичик бизнес субъекти иш бошлади, ушбу секторда фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг умумий сони эса ўтган йил охирига келиб 190 мингтага етди.

Айни пайтда ишлаб чиқарилаётган жами саноат маҳсулотларининг 23 фоизи, кўрсатилаётган бозор хизматларининг деярли барчаси, маҳсулот экспортининг 18 фоизи, иқтисодиёт тармоқларида иш билан банд бўлган аҳолининг 75 фоизи кичик бизнес улушига тўғри келмоқда.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар, қўшимча имтиёз ва преференциялар яратиш ҳамда уларнинг экспорт салоҳиятларини мустаҳкамлаш ва кенгайтириш масалаларида қатор қонунларга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилиб улар бугунги кунда амалиётга изчил жорий этилмоқда.

Жумладан, “Риэлторлик фаолияти тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширишлар қисқартирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Рақобат тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар қабул қилинди. Мазкур соҳани жадал суръатлар билан ривожлантириш ички бозорни рақобатбардош ва сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш, янги иш ўринларини яратиш, бунинг асосида аҳоли даромадлари ва фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.SAM_1308.JPG

Тадбир иштирокчилари, бу каби имтиёзлар ўз ўрнида тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш, молия, статистика ҳисоботлари тизимини янада соддалаштириш ва уларни электрон шаклда тақдим этиш каби механизмлар кенгайиб бораётганлигида кўриш мумкинлигини таъкидладилар.

Шуни қайд этиш жоизки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш фаолияти юзасидан адлия органлари маҳаллий бошқарув идораларига яқиндан ёрдам кўрсатиб келмоқда. Шунингдек, бу борадаги ҳар қандай бюрократик тўсиқларни бартараф этишга қаратилган амалдаги қонунчилик доирасида ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмоқда.

Сўзга чиққанлар, мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти тадбиркорлик соҳасидаги ютуқлар билан ўлчанаётганлигини, хўжалик юритувчи субъектларда текширишлар сони кескин қисқартирилиб, улар фаолиятига назорат органларининг асоссиз аралашувларини чекловчи мустаҳам механизм яратилганлигини, бу айниқса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлаш имконини бераётганлигини аниқ мисолларда иштирокчиларга тушунтириб бердилар.