Янгиликлар
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизаси
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги, давлат бошқаруви органлари билан ҳамкорликда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар экспертизасини амалга ошириш жараёнлари” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Мамлакатимизда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ҳамда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонунларга мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳудуддаги барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, бирлашмалар, шунингдек мансабдор шахслар ва фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар шаклида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади.
Амалдаги қонунчиликка асосан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив хусусиятга эга бўлган қарорлари лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Анжуманда таъкидланганидек, бу ўз навбатида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятининг янада самарали ташкил қилишга, улар томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатинининг яхшиланишига ва қонунчилик техникаси талабларига тўлиқ жавоб беришига, шунингдек қонунчиликда юзага келадиган турли номувофиқликларнинг олдини олишига хизмат қилади.
Вилоятда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятини янада ривожлантириш, улар томонидан норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлар лойиҳаларини тайёрлаш, ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш билан боғлиқ бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Анжуманда Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан 2012 йилнинг ўтган даврида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив хусусиятга эга бўлган 46 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, 25 таси қабул қилиш учун ҳокимликларга юборилганлиги, қолган 21 таси кўриб чиқиш учун қайтарилганлиги айтиб ўтилди.
Сўзга чиққанлар маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш, эълон қилиш ва манфаатдор шахслар эътиборига етказиш, шунингдек норматив хусусиятга эга бўлган қарор лойиҳаларини адлия бошқармасидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш фаолияти юзасидан ўтказилган мониторинг натижаларини атрофлича муҳокама этдилар. Норматив ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва уни экспертизадан ўтказишда эътибор қаратилиши лозим бўлган жараёнлар ҳақида иштирокчиларга маълумот берилди.
Таъкидланганидек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги фаолияти мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни такомиллаштиришга хизмат қилади.
Анжуман якунида тадбир иштирокчилари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан норматив хусусиятга эга бўлган қарорларни қабул қилишда ва ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш бўйича вилоят адлия бошқармаси билан ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш бўйича бир қатор таклиф ва мулоҳазалар эшитилди ҳамда зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.