Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

Маҳалла обод — юрт обод


Урганч шаҳрида "Обод турмуш йили" Давлат дастури доирасида Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат кўмитаси, "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ва Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида "Замонавий маҳалла" меъморчилик-режалаштириш намунавий схемаларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни ташкил қилиш масаласига бағишланган республика ўқув-амалий семинари ўтказилди.

Унда вазирликлар, идоралар ва тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари вакиллари, архитекторлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари қатнашди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг ўтган йил октябрь ойида Хоразмга ташрифидан кейин вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган тўртта муҳим қарори қабул қилинди.

Айни чоғда мазкур қарорлар асосида Урганч шаҳридаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини, ҳудудда саноат, қишлоқ хўжалиги ва сайёҳлик соҳаларини тараққий эттиришга йўналтирилган, умумий қиймати 3 триллион сўмга тенг бўлган 2200 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш ишлари изчил олиб борилмокда. Биргина жорий йилнинг ўзида 344 миллиард сўмлик курилиш ва ободонлаштириш юмушлари бажарилди. Бунда асосий эътибор аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилмоқда. Кўп қаватли уй-жой фондини сақлаш ва таъмирлашга тижорат банкларининг имтиёзли кредитларини йўналтириш тизими жорий этилди.

Ҳозир Урганч шаҳрида 10 та фуқаролар йиғинини замонавий маҳаллага айлантириш бўйича қурилиш-ободонлаштириш ишлари бажарилмоқда. Масалан, шаҳардаги Тоза-боғ маҳалласида кенг кўламли бунёдкорлик ва қурилиш ишлари рўёбга чиқарилди. Бу ерда 3 та футбол майдони, болалар майдончаси, япон тош боғлари, 2 та бадминтон майдончаси барпо этилди.

Тадбирда Урганч шаҳрида замонавий маҳаллани ташкил этиш бўйича тўпланган тажриба, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, профессионал бошқарув сервис компаниялари, коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик, маҳаллалар ҳамда улардаги объектларнинг ташқи қиёфасини яхшилаш, болалар спорт майдончаларини барпо этиш тартиби бўйича ишлаб чиқилган замонавий маҳалла бош режаси ҳақида ҳам тўлиқ маълумот берилди.

Семинар қатнашчилари Урганч шаҳридаги Тозабоғ маҳалласида амалга оширилган ободонлаштириш ишлари, уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ҳамда намунали маҳалла фуқаролар йиғинларининг бу борадаги фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Иштирокчилар Урганч шаҳрида олиб борилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари ҳамда намунавий маҳаллалар ҳақидаги ўз таассуротларини ўртоқлашди.

Тадбир давомида иштирокчилар Урганч шаҳридаги "Ёшлар кўли", халқаро аэропорт, темир йўл вокзали ҳамда Ал-Хоразмий кўчасида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, Шовот канали бўйида барпо этилган маиший, дам олиш ва спорт иншоотлари, "Марказий деҳқон бозори"да бажарилган таъмирлаш ишлари ҳамда "Туямўйин — Урганч" сув тозалаш иншооти фаолияти билан танишдилар.