Янгиликлар
Нодавлат-нотижорат ташкилотларининг фаолияти ва истиқболлари
Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоят ҳокимлиги, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан ҳамкорликда “Нодавлат-нотижорат ташкилотларининг фаолияти ва истиқболлари” мавзусида илмий-амалий анжуман ўтказилди.
Мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ Конституциямизда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига доир асосий принципларнинг мустаҳкамлаб қўйилгани бундай ташкилотлар кенг тармоқларининг ривожланиши учун қулай шароит яратди.
Конституциянинг 12-моддасида таъкидланганидек, ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас.
Мамлакатимизда ижтимоий ҳаётни ривожлантиришнинг муҳим йўли бу демократияга асосланган турли сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллигини ривожлантириш бўлиб, улар давлат ва жамият хавфсизлигига тажовуз этмаслиги, аксинча, жамиятни иқтисодий, маданий, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан ривожлантиришга ҳисса қўшмоғи лозимдир.
Шу жиҳатдан фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда.
Анжуманда таъкидланганидек, вилоят адлия бошқармаси томонидан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги ва “Жамоат фондлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунларига мувофиқ, вилоятда жами 360 та нодавлат нотижорат ташкилоти, шундан 80 таси давлат рўйхатидан, 280 таси эса ҳисоб рўйхатидан ўтказилган ва уларга Низомларининг рўйхатга олинганлиги тўғрисида тегишли гувоҳномалар берилган.
Вилоятда фуқаролик жамияти институтлари тизимида нодавлат нотижорат ташкилотларини янада ривожлантириш, уларнинг мустақил иш юритиши, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фаолиятини ташкилий-ҳуқуқий, моддий-техникавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кучайтиришга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилмоқда.
Анжуманда вилоятдаги нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти юзасидан ўтказилган мониторинг натижалари атрофлича муҳокама этилди. Жумладан, ННТлар Низомларида белгиланган фаолият йўналишига оид мақсад ва вазифаларни амалга ошириш, вилоятда мавжуд ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни ҳал этишда улар ташаббусларини қўллаб-қувваатлаш масалалари сўзга чиққанлар томонидан алоҳида қайд этилди.
Иштирокчиларга нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятида бухгалтерия ҳисоботини юритиш, солиқ қонунчилигида нодавлат нотижорат ташкилотлари учун белгиланган имтиёзлар ҳамда бу имтиёзлардан самарали фойдаланиш тартиби, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат Фонди томонидан эълон қилинган Грант лойиҳаларининг танлови бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Анжуман якунида тадбир иштирокчилари мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди, давлат ва нодавлат ташкилотлари ҳамкорлигини янада кенгайтириш, турли йўналишдаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор таклиф ва мулоҳазалар эшитилди ҳамда зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.