Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

21

Аҳоли бандлиги ва изчил тараққиёт


Бугунги кунда мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш орқали уларнинг даромади ва турмуш фаровонлигини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами ниҳоятда кенг. Хусусан, Хоразм вилоятида Президентимизнинг 2007 йил 6 апрелдаги "Аҳоли бандлигини ошириш ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига биноан, жойларда ташкил этилган 11 та Бандликка кўмаклашувчи марказ ҳамда уларнинг 75 та маҳалла фуқаролар йиғини турғун пунктлари самарали фаолият юритяпти.

Мақсадга эришишда эса улар томонидан маҳаллаларда ишсизлар, мавжуд бўш иш ўринлари тўғрисида маълумотлар базаси шакллантирилгани, ишсизларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ишлари яхшилангани, айниқса, қўл келаётир,

Аҳолини иш билан таъминлаш хусусида гап кетганда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари бу борада етакчи кучга айланаётганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Негаки, яратилаётган имтиёз ва имкониятлардан унумли фойдаланиб, фаолиятини тобора ривожлантираётган тадбиркорлар сафи йилдан-йилга кенгайиб бораётир. Вилоят бўйича жорий йилнинг ўтган саккиз ойи давомида 42464 та иш ўрни ташкил этилгани, шундан 82 фоиздан ортиғи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳиссасига тўғри келгани шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир, албатта.

Вилоятда аҳолини иш билан таъминлашда бўш иш ўринлари ярмаркаларини ўтказиш анъанага айлангани ҳам диққатга сазовор. Ўтган йили жойларда 84 та ана шундай меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, 6055 нафар киши, шу жумладан, 4749 нафар ёш мутахассис ишга жойлаштирилган бўлса, жорий йилда уюштирилган 71 меҳнат ярмаркасида 3341 нафар иш изловчига йўлланмалар берилди.

Шунингдек, жорий йилда касб-қунар коллежларини битирган 29447 нафар ўқувчидан 17940 нафарининг бандлиги таъминланди. Айни чоғда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни истаган минг нафардан ортиқ коллеж битирувчиларига 6 миллиард 502 миллион сўмдан ортиқ имтиёзли микрокредитлар тақдим этилди.

Қайд этиш лозимки, бу борадаги ишларни жадаллаштиришда Юртбошимизнинг 2006 йил 5 январдаги "Йирик саноат корхоналари билан касаначиликни ривожлантириш асосидаги ишлаб чиқариш ва хизматлар ўртасида кооперацияни кенгайтиришни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони муҳим аҳамият касб этмоқда. Негаки, ушбу ҳужжатда белгиланган устувор вазифалар асосида касаначилар сафи тобора кенгайтирилиб, бу меҳнат турининг инфратузилмаси янада такомиллаштирилгани аёлларга қулайлик туғдирмоқда.

Қисқача айтганда, вилоятда янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилаётган эътибор, ўз навбатида, аҳоли бандлигини таъминлашга, ишлаб чикариш салоҳиятини юксалтиришга, пировардида мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.