Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

06

Ободлик кўнгилдан, остонадан бошланади


Хоразм вилоятида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва ижтимоий-маънавий муҳитни янада барқарорлаштиришга бағишланган “Ватаним остонаси маҳалламдан, оиламдан бошланади” деб номланган форум очилди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ички ишлар, Маданият ва спорт ишлари, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган тадбирда шифокорлар, адиблар, санъаткор ва спортчилар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.

Маҳаллада, оилада ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, тинчлик ва осойишталикни, аҳоли бандлигини таъминлаш, 12 йиллик узлуксиз таълим тизимига ёшларни тўлиқ қамраб олиш масалаларига бағишланган форум тадбирлари вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида бўлиб ўтмоқда.

Анжуманнинг дастлабки кунида унинг иштирокчилари маҳаллалар фуқаролар йиғинлари, мактаб, касб-ҳунар коллежлари, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар, оромгоҳлар, тадбиркорлар офислари, маиший хизмат кўрсатиш марказлари ва уларнинг атрофидаги ободончилик ишлари, мустақиллик йилларида эришилган ютуқларни акс эттирувчи кўргазмали панно ва баннерлар билан безаш ҳамда китоб савдоси ярмаркалари билан танишди.

Форум тадбирлари “Оилага кириш”, “Саломатлик”, “Таълим ва тарбия”, “Бандлик”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” каби бир неча йўналишда ўтказилмоқда.

– "Оилага кириш" йўналишида маҳалла фуқаролар йиғини масъуллари, фаоллар, имом-хатиблар иштирокида ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ўрганилиб, уларга тегишли ёрдам кўрсатилди, – дейди Ҳазорасп тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулнора Матмуродова. – Депутатлар, таниқли ижодкорлар, катта ҳаётий тажрибага эга обрўли кишилар иштирокида ёшлар маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи таҳдидларга қарши кураш масалаларига бағишланган учрашувлар ўтказилди, фикр алмашилди.

Қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиника шифокорлари, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат гуруҳ иштирокида “Саломатлик” йўналишида аниқ манзилли, муддатли ва тизимли иш олиб бориш намунаси кўрсатиб берилмоқда. Мазкур йўналишда ўтказилаётган тадбирларда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида “Болалар ва ўсмирлар”, “Хонадон ва экология”, “Аёллар ва қизлар” ва “Ўқув муассасалари” каби тадбирлар ўтказилади.

Ёшларни оилага тайёрлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида “Ораста қизлар” давраси аъзолари томонидан “Остонаси гулзор хонадон – фариштали хонадон” мавзусида тадбирлар ўтказилмоқда. Турар жойлардаги ободонлаштириш ва санитария ҳолатини яхшилаш мақсадида “Энг намунали кўча”, “Энг намунали хонадон”, “Энг саранжом хонадон соҳибаси” танловлари ташкил этилмоқда.

– "Энг саранжом хонадон соҳибаси" танловида қатнашганимдан хурсандман. Оиламизни ҳамиша тоза ва озода сақлашимиз лозим, – дейди шовотлик Сурайё Назарова. – Зеро, саранжом-сариштали хонадонда қут-барака, тотувлик бўлади.

"Таълим ва тарбия", “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси” каби йўналишларда ўтказилган тадбирларда маҳалла фаоллари, “Камолот” ЁИҲ, “Нуроний” жамғармаси ва Хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, профилактика инспекторлари, мактаб, касб-ҳунар коллежи мураббий ва психологларидан ташкил топган гуруҳ 12 йиллик узлуксиз таълим тизимига ёшларни тўлиқ қамраб олиш, ота-онанинг фарзанди олдидаги масъулияти масаласи юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини амалга оширмоқда.

“Бандлик” сектори бўйича вилоятнинг барча туманларида бўш иш ўринлари ярамаркалари ташкил этилган. Мазкур ярмаркаларда тижорат банклари томонидан ўз бизнесини йўлга қўймоқчи бўлган ёшларга тегишли тавсиялар берилмоқда.

Форум тадбирлари давом этмоқда.Â