Янгиликлар
Натижалар ва камчиликлар таҳлили
Хоразм вилояти фаолларининг жорий йил биринчи ярмида вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 18 январдаги мажлисида белгилаб берилган 2013 йилги иқтисодий дастурнинг асосий устувор вазифалари ижросининг боришига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокими П.Бобожонов бошқарган йиғилишда Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни янада ривожлантириш, иқтисодиётни модернизациялаш, янги қувватларни ишга тушириш, мақсадли дастурлар ижросини таъминлаш, туризмни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида вилоятда салмоқли натижаларга эришилаётгани таъкидланди.
Ҳисобот даврида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот 9,7 фоиз, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 14,9, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 7,1, қурилиш ишлари ҳажми 13,1 фоиз ўсишига эришилди.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш натижасида вилоятда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш 8,1 фоиз, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми 13,4 фоиз, чакана товар айланмаси 11,2 фоиз, жами хизматлар ўсиши 17,5 фоизни ташкил этди.
Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 22 ноябрдаги 2013-2015 йилларда Хоразм вилояти саноати салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисидаги қарорига асосан жорий йилнинг ярмида 776 лойиҳа амалга оширилиб, 76,6 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритилди ва 4 минг 354 янги иш ўрни яратилди. Ҳудудий корхоналар томонидан 3,1 миллион доллар миқдорида экспорт ишлари амалга оширилиб, белгиланган режа 132,8 фоизга бажарилди.
Ўтган даврда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 148,9 миллиард сўмлик кредитлар ажратилди. Натижада, янги иш ўринлари 30,7 мингтага кўпайди.
Йиғилишда Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Обод турмуш йили” Давлат дастури ижроси юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Дастурда белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун барча манбалар ҳисобидан 271,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Йиғилишда 2013-2015 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида саноат, сервис, хизмат кўрсатиш ҳамда озиқ-овқат ишлаб чиқариш соҳаларини ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам чуқур таҳлил этилди.
Бу борада Янгиариқ, Хива, Гурлан, Қўшкўпир, Шовот туманлари ва Урганч шаҳрида белгиланган чора-тадбирлар ўз вақтида бажарилмаётгани аниқ мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва йилнинг иккинчи ярмида энг муҳим устувор вазифаларнинг амалга оширилишини таъминлашга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгиланди.