Янгиликлар
Тадбиркор - адлия ҳимоясида
Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан Боғот ва Янгибозор туманларда вилоят прокуратураси, вилоят Давлат солиқ бошқармаси, вилоят божхона бошқармаси, вилоят ички ишлар бошқармаси ва давлат хизматларини кўрсатувчи бошқа ташкилотлар ҳамда туман ҳокимликлари ва улар ҳузуридаги “ягона дарча” марказлари вакиллар жалб қилинган ҳолда фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида жойларда “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилди.
Хусусан, мазкур тадбирни ўтказиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ томонидан жорий йилнинг 10-11-ноябрь кунлари Боғот туман енгил саноат касб-ҳунар коллежи биносида, 15-16-ноябрь кунлари Янгибозор туман ҳокимлиги биносида “Очиқ эшиклар куни” тадбирлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда жами 200 нафардан ортиқ фуқаролар, 260 та тадбиркорлик субъекти, шу жумладан 4 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхона вакиллари иштирок этишди.
Мазкур тадбирларнинг бошланишидан олдин вилоят адлия бошқармаси Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўлими, Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими Юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш бўлими ходимлари, шунингдек тадбирга жалб қилинган бошқа ташкилот вакиллар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, тадбиркорлик ҳамда суд-ҳуқуқ ва бошқа соҳаларда олиб борилган ислоҳотлар туфайли сўнгги йилларда қабул қилинган қонунлар, амалдаги қонунларга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, уларнинг мазмун-моҳияти юзасидан маърузалар билан чиқишлар қилиб, тушунтириш ишлари олиб боришди, шунингдек берилган саволларга ишчи гуруҳ аъзолари томонидан атрофлича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
“Очиқ эшиклар куни” тадбирлари давомида Боғот туманидаги “Бахт ҳаракат меваси” МЧЖ раиси вазифасини бажарувчи Х.Худайбергановнинг жамиятга қарашли мева-сабзовот ҳамда полиз маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган яшиклар ишлаб чиқариш цехига юқори кучланишли электр энергияси етказилишида амалий ёрдам беришни сўраб қилган мурожаати бошқарма томонидан кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилди.
Боғот тумани Бешариқ қишлоғи Буюк Ипак йўли кўчасида яшовчи фуқаро К.Ражаббоеванинг туман ҳокимлиги томонидан унга 2014 йилда қоп ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида туманнинг Бешариқ қишлоғи ҳудудидан 1200 кв.метр ер майдони ажратиб берилганлигини, лекин айнан шу ер участкаси бошқа бир фуқарога ҳам ажратиш тўғрисида туман ҳокимининг қарори чиққанлиги сабабли бугунги кунга қадар ўз фаолиятини амалга ошира олмаётганлигини билдириб, ушбу масалани ижобий ҳал этишни сўраб қилган мурожаати бошқарма томонидан назоратга олинган ҳолда тааллуқлилиги бўйича туман ҳокимлигига юборилди ва ушбу масала ижобий ҳал этилиб, мурожаат муаллифига ўз фаолиятини йўлга қўйиш учун қурилиш ишларини бошлашига ҳеч қандай тўсиқ мавжуд эмаслиги тушунтирилди.
Шунингдек, шу қишлоқнинг “Эсамат” маҳалласида яшовчи фуқаро А.Худойбергановнинг туман ҳокими томонидан 2015 йил ноябрь ойида “тикувчилик фаолиятини амалга ошириш учун” 570 кв.метр ер участкаси ажратиб берилганлигини, лекин архитектура органлари томонидан ушбу ажратилган ер майдони ёнида бошқа бир шахсга унинг фаолиятига тўсқинлик қиладиган қилиб лойиҳа ҳужжатлари ишлаб берилганлиги норози бўлиб қилган мурожаати ҳам бошқарма томонидан назоратга олинган ҳолда вилоят архитектура ва қурилиш бош бошқармасига юборилиб, ижобий ҳал этилди ва мурожаат муаллифига қурилишни тасдиқланган лойиҳа ҳужжатлари бўйича бошлаши мумкинлиги юзасидан тушунтириш берилди.
Булардан ташқари, тадбирларда иштирок этган айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан қонунчилик механизмлари билан тартибга солинмаган бир қатор муаммоли масалалар юзасидан таклифлар келиб тушди. Бошқарма томонидан мазкур ҳолатлар бўйича ҳуқуқни қўллаш амалиёти таҳлил қилинган ҳолда кўриб чиқилди ва қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилди.