Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

13

Байрамга муносиб совға


1.jpgСуд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқаролар учун малакали юридик хизматни тўкис йўлга қўйишнинг кенг кўламли ислоҳотлари мазмун-моҳиятида демократик давлат ва фуқаролик жамияти қуришдек ғоя турибди. Бу мақсад йўлида мамлакатимиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари зиммасига инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, малакали юридик хизмат, уларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқларини таъминлаш, аҳолининг, айниқса ёшларнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурини юксалтириш каби муҳим вазифалар юкланган.

Нотариат ва ФҲДЁ органлари кундалик ҳуқуқий масалалар бўйича энг кўп мурожаат қилинадиган идоралар ҳисобланади. Адлия вазирлиги томонидан ушбу соҳаларни тартибга солиш ва фаолият самарадорлигини ошириб боришга қаратилган бир неча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, ФҲДЁ органлари ва давлат нотариал идораларининг моддий-техника базаларини мустаҳкамлаш бўйичаҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. 

1.jpgЖумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 13 мартдаги фармойишига асосан ҳар йили ФҲДЁ органларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, фуқароларнинг малакали юридик ёрдам олишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Давлат нотариал идораларининг моддий-техника базасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан, 2016 йилнинг ўзида ФҲДЁ органлари ва давлат нотариал идоралари биноларини тўлиқ қайта таъмирлаш, уларга янги бинолар қуриш учун вазирлик ҳамда ҳудудий адлия органлари ҳисобидан 37,5 млрд. сўмдан ортиқ маблағлар ажратилди. Жумладан, ФҲДЁ органлари ва давлат нотариал идораларига янги бинолар қуриш учун 33,2 млрд. сўмдан ортиқ, мавжуд биноларни тўлиқ қайта таъмирлаш учун 4,3 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. 2016 йил давомида республикамизнинг барча ҳудудларида ФҲДЁ органлари ва давлат нотариал идораларига 21 та янги бино қурилди ва фойдаланиш учун топширилди. Мавжуд 29 та бино тўлиқ қайтадан таъмирланди. Шунингдек, 13 та янги бино ФҲДЁ органлари ва давлат нотариал идораларига топширилиш арафасида.

1.jpgБу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш керакки Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг 2010-2016 йилларда “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимига кирувчи давлат нотариал идоралари ва ФҲДЁ органларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича изчил давом қилдириб келинаётган дастур”ларига мувофиқ 2016 йилда Хоразм вилоят адлия бошқармаси тизимидаги ФҲДЁ органлари ва давлат нотариал идоралари учун Боғот, Гурлан, Қўшкўпир, Урганч, Шовот ва Ҳазорасп туманларида янги бинолар қурилиб битказилди. Ушбу бинолар ФҲДЁ органлари томонидан ундирилаётган герб йиғими жамланадиган махсус хисоб рақами хисобидан ҳамда давлат нотариал идораларини сақлаш учун жамланадиган 15 фоизлик тушумлар махсус хисоб рақами хисобидан молиялаштирилган.

Бундан ташқари мазкур биноларнинг жихозлаш ишлари учун ФҲДЁ органлари томонидан ундирилаётган герб йиғими жамланадиган махсус хисоб рақами хисобидан 379.540.0 млн сўм ҳамда давлат нотариал идораларини сақлаш учун жамланадиган 15 фоизлик тушумлар махсус хисоб рақами хисобидан 154.870.0 млн сўм маблағлар ажратилган.

1.jpgМамлакатимизнинг барча вилоятларидаги каби Хоразмда ҳам амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган. Минтақада фуқароларга малакали юридик хизмат кўрсатиш сифати ҳам юксалиб бораяпти. Фойдаланишга топширилаётган биноларнинг айнан 6 таси Хоразм вохасида қад ростлаётганлиги вилоят аҳли учун ўзгача фахр-ифтихор бўлмоқда десак муболаға бўлмайди.

Жумладан, вилоятнинг Қўшкўпир ва Боғот туманларида ФҲДЁ бўлимларининг, шунингдек Хазорасп тумани давлат нотариал идорасинингянгидан бунёд этилган бинолари ушбу туманлар аҳолиси, айниқса оила қураётган ёшлар учун ажойиб совға бўлди. Мазкур иншоот барча замонавий технологиялар, тегишли анжомлар билан жиҳозланган. Ушбу кошонага оила қуриш учун илк қадамларини қўйган йигит-қизларнинг никоҳларини тантанали қайд этиш маросимларини ўтказиш учун ҳавас қилса арзигулик шароитлар яратилган. 

1.jpgРеспубликамизнинг энг чекка ҳудудларида ҳам қурилаётган бундай бинолар атрофга чирой бахш этиши билан бирга аҳолининг узоғини яқин, мушкулини осон қилмоқда. 

Мазкур бинолар миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари ҳамда ечимлари асосида бунёд этилган бўлиб, замон талабларига тўлиқ жавоб бермоқда. Бинолар атрофини ободонлаштириш ишларига ҳам эътибор қаратилмоқда.

ФҲДЁ органлари биноларида “Ёш оила қурувчилар мактаби” ўқув машғулотларини ўтказиш учун махсус хоналар, никоҳларни тантанали равишда қайд этиш заллари, келин ва куёвлар учун тайёргарлик кўришга мўлжалланган алоҳида хоналар ҳам мавжуд.

Амалга оширилаётган ишлар юртимиз ободлигига муносиб ҳисса бўлмоқда. Замонавий талаблар асосида бунёд этилган янги бинолар соҳадаги меҳнат унумдорлигини янада яхшилаш, шунингдек аҳолини малакали ва сифатли юридик хизматларга бўлган эҳтиёжини таъминлаш борасидаги ишларининг амалий ифодасидир.

Биноларнинг очилиш тантанасида сўзга чиққан Хоразм вилоят ҳокими Пўлат Раззоқович Бобожонов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Илгизар Матёқубович Сабиров, Адлия вазирлиги Ишлар бошқармаси бошлиғи Зайниддин Қудратович Тўлаганов ва бошқалар оиланинг нақадар муқаддаслигини яна бир бор эътироф этишиб, давлатимиз томонидан унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, айниқса ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва муҳофаза қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида гапирдилар.

1.jpgТаъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатининг мазмун-моҳияти ҳам ҳар томонлама етук навқирон авлодни камол топтириш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Зеро, оила соғлом экан - жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан - мамлакат барқарордир. Оила жамиятнинг асосий ижтимоий таянчидир. Ҳар бир оиланинг тотувлиги ва фаровонлиги, пировард натижада, жамият барқарорлигининг муҳим шартидир. 
Шунингдек, тадбир қатнашчилари эртамиз эгалари учун мамлакатимизда яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар уларнинг ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида камол топишларига замин яратаётганини қайд этдилар.

Янги иншоотларнинг очилиш тантаналари барча иштирокчиларда юртимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган эзгу амалларнинг узвий давоми сифатида чексиз шукроналик ва миннатдорлик ҳисларини уйғотди.

Шу куни ҳар иккала ФҲДЁ бўлимларида ёшларнинг никоҳлари тантанали қайд этилиб, уларга Никоҳ гувоҳномалари топширилди.