Янгиликлар
Конституция-демократик жамият қуришнинг ҳуқуқий пойдевори
2016 йил 7 декабрь куни университет Маданият саройида “Конституция-демократик жамият қуришнинг ҳуқуқий пойдевори” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда Урганч давлат университети ректори Б.Абдуллаев“Ўзбекистонда сайлов тизимининг конституциявий асослари” мавзусида, вилоят Адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ф.Эшназаров “Конституцияга киритилган ўзгариш ва қўшимчалар тўғрисида”, “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” кафедраси мудири У.Шерипов “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши”, “Миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими” кафедраси ўқитувчиси У.Ҳажиев “Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларининг конституциявий асослари” мавзусида маъруза қилдилар.
Анжуманда Конституциянинг 32 ва 78-моддаларига киритилган ўзгартиришлар халқ ҳокимиятчилиги принципини янада ривожлантиришга қаратилганлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, Конституциямиз “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи” эканлиги мустаҳкамланган бўлиб, халқ ҳокимиятининг манбаи сифатида “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар” деб кўрсатилган. Бундай иштирок этиш ўзини-ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади” деб белгиланган. Янги таҳрирда эса, шу моддага: “шунингдек, давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади”, деб тўлдирилди.
Шунингдек, шу моддага янги абзац киритилиб, “Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади”, деган норма қўшилди. Айни пайтдаги вазифа жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонунни ишлаб чиқиб, уни қабул қилиш лозимлигини кўрсатади.
Жамоатчилик назоратини амалга ошириш нодавлат ташкилотлари ва фуқароларнинг ташаббуси билан амалга оширилган демократик институт бўлиб, янги норма жамоатчилик назоратини таъминлашнинг яхлит тизимини шакллантиришга қаратилгандир.
Демократиянинг энг асосий институтларидан бири ҳисобланмиш жамоатчилик назорати сиёсий партиялар орқали, уларнинг парламентдаги фракциялари орқали амалга оширилиши эса бу парламент назоратининг кўринишидир.
Конституциянинг 78- яъни, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ва Сенатининг биргаликдаги ваколатлари моддаси 21-бандига “парламент назорати ваколатларини амалга ошириш киритилди.
Энг аввало, жамоатчилик назорати институти, парламент назорати ҳам, Конституциявий институтга айланди. Ҳозирги амалиётга кўра, парламентимиз парламент назоратининг қуйидаги турларини, яъни парламент сўрови, назорат таҳлил фаолияти орқали парламент эшитуви, омбудсман институти орқали инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини давлат идоралари томонидан ҳимояланишини назорат қилиш орқали йиллик молиявий бюджетни тасдиқлаш ва ҳукуматнинг ҳисоботларини эшитиш орқали амалга оширади.
Парламент назорати ҳар қандай давлатда вакиллик органининг қонун чиқариш ваколатидан кам бўлмаган энг асосий функцияси ҳисобланади.
Бизнинг конституциямизга киритилган бугунги ўзгаришлар Ўзбекистон Конституциясининг тартибга солиш предметини кенгайтиришга қаратилган эмас. Асосий Қонунимизда кўзда тутилган мавжуд моддаларнинг барчаси: халқ ҳокимиятчилиги, парламент ваколатларини янада аниқроқ акс эттириш, Вазирлар Маҳкамасининг масъулиятини ошириш, маҳаллий ҳокимиятлар, аниқроқ айтадиган бўлсак, ҳокимларнинг ўз маҳаллий кенгашлари олдида ҳисобот бериш қоидаларининг мустаҳкамланиши, сайлов ўтказишнинг асосий принципларини конституцияда мустаҳкамланиши Асосий Қонунимизни мазмунан бойитади ва тўлдиради ҳамда у мамлакатимизда амалга ошираётган демократик ҳуқуқий давлатни ривожлантириш эҳтиёжларига ва истиқболларига тўлиқ мувофиқ келади.