Янгиликлар
Сайлов ва ёшлар
Урганч давлат университети маданият саройида “Сайловларда ёшларнинг иштироки” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда УрДУ ректори Б.Абдуллаев “Сайлов кампанияси ва унда ёшлар фаол иштирокининг аҳамияти” мавзусида, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ҳудудий бўлинмаси раҳбари И.Абдуллаев “Сайлов жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни”, Урганч шаҳар ФҲДЁ бўлими мудири Н.Қуранбоева “Ўзбекистон Республикаси Президент сайловини ўтказишнинг ҳуқуқий асослари, қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартиришлар ҳақида” мавзусида, Камолот ЁИҲ Хоразм вилоят Кенгаши раиси ўринбосари
С.Полвонов “Камолот ЁИҲ Хоразм вилоят Кенгаши томонидан ёшларнинг сайловларда фаол иштирокини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар” мавзусида ёшларнинг ҳуқуқий онги ва тафаккурларини янада юксалтириш, демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида фаол иштирокини таъминлаш, уларнинг сайлов жараёнлари юзасидан билимларини ошириш бўйича маъруза қилдилар.
Анжуманда таъкидлаганидек истиқлол йилларида мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ва фуқаролар тотувлиги мустаҳкамланиб, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ҳамда аҳолининг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш борасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшларнинг сиёсий жараёнлардаги фаоллиги, ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини янада оширишга қаратилган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мамлакатимизда мустақил демократик тараққиёт йўли танланган кундан бошлаб умумэътироф этилган халқаро стандартлар ва юксак демократик талабларга ҳар томонлама жавоб берадиган сайлов тизими яратилди. Шунингдек, мазкур сиёсий жараёнла ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси шаклланди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117- моддасида “Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар”, деб таъкидланган. Бу модда фуқароларнинг, жумладан ёшларнинг фаол сайлаш ҳуқуқини белгилайди. Шунга асосан бошқа қонунларда ҳам мазкур тартиб ўз аксини топган бўлиб, хусусан “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасида, “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонунларнинг 2-моддаларида Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгалиги белгиланган.
Айнан ушбу нормаларга асосан бугунги кунда ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини ошириш, айниқса уларнинг сайлов маданиятини шакллантириш, овоз бериш жараёнида онгли равишда фаол қатнашиш, номзодларнинг сайловолди дастурларини қунт билан ўрганиш бўйича ёшларга зарур тавсиялар бериб борилмоқда.