Янгиликлар
Кенгайтирилган ҳайъат мажлиси
Хоразм вилоят адлия бошқармасида бошқарманинг 2016 йилнинг ўтган 9 ойи давомидаги фаолияти сарҳисобига бағишланган кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда вилоят адлия бошқармаси ходимлари, унинг тизимидаги давлат нотариал идоралари ва ФҲДЁ органлари ходимлари, шунингдек ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Мажлисда бошқарма томонидан 2016 йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар мухокама қилинди.
Мажлисда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли ахборотлар тингланди.
Қайд этилган ахборотларда бошқарма томонидан ушбу даврда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив хусусиятга эга бўлган 74 та қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, уларнинг 54 тасига расмий розилик берилган.
Адлия бошқармаси томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, шартномавий-ҳуқуқий интизомни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш борасида ўтказилган 79 та режа-тадбирлар давомида 25 мингдан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида адлия бошқармаси томонидан тегишли мансабдор шахслар номига 343 та тақдимнома ва 233 та огоҳномалар киритилиб, 300 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 14 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 6 та, давлат бошқаруви органларининг 21 та, назорат қилувчи органларнинг эса 26 та жами 53 та қонун ҳужжатларига зид равишда қабул қилинган қарорлари бекор қилинди.
Айбдор шахсларни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича судларга ва бошқа ваколатли органларга киритилган 117 та маъмурий баённомалар ва таклифлар асосида 110 нафар шахсларнинг маъмурий жавобгарлик масаласи ҳал этилди.
Тадбиркорлик субъектлари ва хорижий инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш ҳамда фуқаролар манфаатини кўзлаб, уларнинг бузилган ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тиклаш, моддий ва маънавий зарарларни ундириш тўғрисида судларга киритилган 1 млрд 458 млн 261 минг 400 сўмлик 402 та даъво аризалардан 281 таси бўйича 565 млн 671 минг 600 сўм миқдоридаги маблағлар ўз эгаларига қайтарилди.
Бошқарма томонидан 2016 йилнинг 9-ойи давомида жисмоний ва юридик шахсларнинг 428 та мурожаатлари (шундан 171 таси ариза, 257 таси шикоят) кўриб чиқилиб, 180 таси (шундан 98 та ариза, 82 та шикоят) қаноатлантирилди. Шунингдек, бошқармада мавжуд бўлган 1-008 рақамли “Ишонч телефон”ларига қилинган 26 та мурожаатларнинг 11 таси қаноатлантирилди. Қолган мурожаатлар ҳам белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, муаллифларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш мақсадида 2700 дан ортиқ ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
326 та нодавлат нотижорат ташкилотлари давлат рўйхатига олинди, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотларининг 212 таси ҳисобга қўйилди.
Давлат нотариал идоралари нотариуслари томонидан 159.194 та нотариал ҳаракат бажарилиб 12 млрд 426 млн 775 минг 049 сўм миқдорида давлат божи, 535 млн 625 минг 024 сўм миқдорида герб йиғими ундирилди, 598 млн 050 минг 712 сўмлик пуллик ҳуқуқий хизмат кўрсатилди.
ФҲДЁ органлари томонидан, ҳисобот даврида 44.829 та фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзиш қайд этилди.