Янгиликлар
Муддатидан олдин овоз бериш
Маълумки бугунЖорий йилнинг 4 декабрида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик ишлари қизғин тарзда олиб борилмоқда. Айниқса бу борада аҳолининг сайловда онгли равишда ва фаол қатнашишларини таъминлаш, уларнинг сиёсий маданиятини, айниқса сайлов маданиятини ошириш мақсадида кенг кўламли тарғибот ва тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.
Муддатидан олдин овоз бериш – сайлов куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган ва сайлов учатскасига кела олмайдиган сайловчининг муддатидан олдинроқ овоз бериш имкониятини таъминлашга қаратилган институт тушунилади.
Сайлов куни айрим фуқаролар маълум бир узрли сабабларга кўра ўз уйларида бўла олмасликлари мумкин. Масалан, меҳнат таътили, хизмат сафари ёки ўқув фаолиятининг тартиби, давлат ва жамоат мажбуриятларини бажариш, сайловчи саломатлигининг ҳолати ва бошқа ҳолатлар. Шундай ҳолларда сайлов қонунчилиги мазкур фуқароларнинг ҳам сайловда ўз овозлари билан иштирок этиш, яъни сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш имкониятини ҳуқуқий тартибга солади. Бу дегани сайлов куни ўз сайлов участкаси ҳудудида бўлиш имкониятига эга бўлмаган фуқаролар сайлов кунидан олдин, яъни муддатидан олдин тегишли сайлов участкасига бориб, ўзлари маъқул деб топган номзодга ўз овозларини бериб, шу йўл орқали сайловда иштирок этишлари мумкин.
Бошқача айтган, муддатидан олдин овоз бериш сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш ва участка сайлов комиссиясига келиш имкониятига эга бўлмаган сайловчига муддатидан олдин овоз бериш имкониятини яратади.
Сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришларини кафолатловчи қонунчилик нормалари ҳақида тўхталадиган бўлсак, албатта, сайлов қонунчилигида сайловчиларнинг муддатидан олдин овоз беришларини кафолатловчи қатор нормалар мавжуд. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 31-моддасида, “Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга”, деб мустаҳкамлаб қўйилган.
Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланади ва сайловга бир кун қолганида тугалланади. Муддатидан олдин овоз беришни ўтказиш вақти округ сайлов комиссияси томонидан белгиланади ва сайловчиларнинг, кузатувчиларнинг, оммавий ахборот воситалари вакилларининг эътиборига етказилади. Бу ҳақда округ сайлов комиссиялари вақтини кўрсатган ҳолда қарор чиқаради ва ОАВларида қарорни эълон қилади.
Муддатдан олдин овоз бериш сайлов варақаси орқали амалга оширилади.
Сайлов варақасида уни тўлдириш тартиби тўғрисида тушунтириш бўлиши керак. Сайлов варақалари давлат тилида, шунингдек округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан сайлов округининг кўпчилик аҳолиси сўзлашадиган тилларда нашр этилади.
Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов куни яшаш жойида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида ўз яшаш жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини олади.
Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида участка сайлов комиссиясининг камида икки нафар аъзоси ҳозирлигида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди.
Умуман олганда мамлакатимизнинг сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатлари аксарият ривожланган демократик давлатларда бўлгани сингари сайловлардан сайловларгача бўлган даврларда тобора такомиллаштирилиб, ривожлантирилиб борилмоқда. Бу эса Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги демократик ислоҳотларнинг самарадорлигига эришиш йўлида муҳим аҳамиятга эга.