Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

25

Ҳарбий хизматчилар бошқа фуқаролар билан бир хил сайлов ҳуқуқига эга


Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 96, 117-моддалари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.1.jpg

Шу муносабат билан Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган мазкур сиёсий тадбирга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Асосий тадбирлар дастури изчил амалга оширилаяпти. Бу йўналишда адлия органлари томонидан ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Урганч шаҳридаги 9-сон давлат нотариал идораси нотариуси И.Рахмонова томонидан Урганч шаҳридаги ҳарбий қисмларнинг бирида ҳарбий қисм маъмурияти билан ҳамкорликда “Ҳарбий хизматчиларнинг сайловда иштирок этиш кафолатлари” мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарда ҳарбий хизматчиларга “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонун, “Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти юзасидан тушунтиришлар берилди. Ҳуқуқий демократик давлат ҳамда очиқ фуқаролик жамиятини барпо этиш халқ ҳокимиятчилиги конституциявий тамойилларини рўёбга чиқариш, демократик сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш учун зарур шароит яратиш билан узвий боғлиқдир.

Сайлов – ҳар бир давлатнинг демократия ғояларига содиқлиги тимсолидир. Фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини теран англаши мустақил давлат тараққиётини янада жадаллаштиришга ёрдам беради. Аҳолининг ва айниқса, ёш сайловчиларнинг (жумладан жорий йилда биринчи марта сайловда овоз бераётган сайловчиларнинг) ҳуқуқий маданиятини шакллантириш уларнинг жамият ва давлат ишларида фаол иштирок этишида муҳим омил ҳисобланади. 

Демократик ҳуқуқий давлатнинг шаклланиш шароитида сайлов институти халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишнинг реал механизми ҳисобланади. Бу Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қоидаларида ҳам ўз ифодасини топган. Чунончи, мазкур муҳим халқаро ҳужжатнинг 21-моддасида халқ иродаси ҳукумат ҳокимиятининг асоси бўлиши, бу ирода даврий ва сохталаштирилмаган, ялпи ва тенг сайлов ҳуқуқидан, яширин овоз бериш йўли билан ёки овоз бериш эркинлигини таъминлайдиган бошқа тенг қийматли шакллар воситасида ўтказиладиган сайловларда ўз аксини топиши лозимлиги белгилаб қўйилган. Бундай норма 1966 йилги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда ҳам акс этган.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида фуқароларнинг сайлаш ҳамда сайланишга доир конституциявий ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида сайловга юксак демократик даражада тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишнинг ҳуқуқий кафолатлари яратилди. Жорий йилги Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ мувофиқ ҳолда, жамиятни ислоҳ қилиш ва демократлаштириш янада чуқурлашган, ижтимоий фаоллик ўсган, фуқароларнинг масъулияти ҳамда ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ислоҳотларга, сиёсий партиялар, фуқаролик жамияти институтларига талабчанлиги ошган бир шароитда бўлиб ўтади.

Шу ўринда қайд этиш керакки, Ўзбекистон сайлов қонунчилиги халқаро сайлов стандартларига тўлиқ жавоб беради ҳамда улар билан уйғун ривожланиб бормоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки гохи холларда айрим фуқаролар томонидан харбий хизматчиларнинг сайловда қатнашиш ёки қатнашмаслик каби саволлари қулоққа чалинади албатда. 

Тенг сайлов ҳуқуқи тамойилига кўра, Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси бир овозга эга. Аёл ва эркаклар бир хил сайлов ҳуқуқига эга, ҳарбий хизматчилар бошқа фуқаролар билан бир хил сайлов ҳуқуқидан фойдаланади. Сайловда ҳеч ким ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ҳамда мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ҳамда хусусиятига қараб устуворликка эга бўлмайди.

1.jpgҲарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчи-сайловчиларнинг, шунингдек ҳарбий хизматчилар оила аъзолари ва бошқа сайловчиларнинг, агар улар ҳарбий қисмлар жойлашган ерда истиқомат қилсалар, рўйхатлари ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этган маълумотлар асосида тузилади.

Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар ўзларининг яшаш жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритиладилар. 

Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи тамойилига кўра, фуқаролар сайловда ўз хоҳиш-иродасини бевосита ифода этади. Овоз бериш жараёнида сайловчилар шахсий қараш ва фикрларидан келиб чиқиб, ўз танловини амалга оширади. Бунда агар фуқаро сайлов вақтида хорижда бўлса, у Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида тузиладиган сайлов участкасида овоз бериши мумкин. Қолаверса, Ўзбекистон сайлов қонунчилигида муддатидан олдин овоз бериш қоидаси кўзда тутилган. Сайлов куни касаллиги ёки бошқа сабабларга кўра, ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Сайловчи соғлиғи ёмонлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра, сайлов участкасига кела олмаган ҳолларда участка сайлов комиссияси сайловчилар турган жойда овоз беришни ташкил этиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиздаги демократик сайлов қонунчилиги тизимининг асоси саналади. Асосий Қонунимизнинг 7-моддасига кўра, халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир. Сайлов жараёнининг демократик принциплари “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги, “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги ва бошқа қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаб қўйилган.