Янгиликлар
Имтиёз ва кафолатлар муҳокамаси
Маълумки, 2012 йил 10 апрел куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди.
Мазкур Фармон юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантиришга тўғридан-тўғри қўйилмалар киритаётган хорижий инвесторлар учун кулай инвестиция муҳитини яратиш, республика минтақаларига хорижий сармоялар ҳамда замонавий технологиялар жалб этилиши рағбатлантиришни кучайтириш, хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун кафолатлар ва имтиёзлар тизимини янада мустаҳкамлаш мақсадларини ўзида мужассам этган.
2012 йилнинг 25 май куни Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан мазкур Фармоннинг мазмун-моҳиятига бағишланган анжуман ташкил этилди. Унда тадбиркорлик субъектлари, қўшма корхоналар вакиллари, божхона, солиқ, банк муассасалари вакиллари иштирок этишди.
Мазкур тадбир республикамизда хорижий инвестициялар ва улар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламдаги имтиёзлар ва кафолатларни тушунтирилиши, соҳага алоқадор давлат органларининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини яхшилаш масалаларига бағишланди.
Таъкидланганидек, Республикамизнинг иқтисодий салоҳияти ва экспорт потенциалини мустаҳкамлашда хорижий инвестициялар имкониятидан кенгроқ фойдаланиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири саналади. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда кулай инвестициявий муҳит шакллантирилди, хорижий инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича қонунлар доирасида кенг кўламдаги имтиёзлар, афзалликлар ва кафолатлар тизими жорий этилди.