Янгиликлар
Биринчи овоз-мен учун фахр
Янгибозор туманида биринчи марта овоз берувчи ёш сайловчилар иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Тадбирда участка сайлов комиссияси аъзолари, Янгибозор тумани ФҲДЁ бўлими мудираси, Янгибозор туманидаги касб-ҳунар коллежларининг сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган ўқувчилари иштирок этди.
Учрашувда жорий йилнинг 4 декабрида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқеа экани, ҳар бир фуқаро Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқидан фойдаланиб, ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этиши, Ватанимиз келажаги учун алоҳида аҳамиятга эгалиги таъкидланди.
Ёш сайловчилар “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги ва “Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунларнинг мазмун-моҳияти, фуқароларнинг сайлов қонунчилигида белгиланган конституциявий ҳуқуқлари билан таништирилди. Сайлов жараёнида фуқаролар ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиши учун шароит яратилиши, тенглик, ошкоралик ва адолатлилик тамойилларига қатъий амал қилинишига эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Янгибозор туманидан 54276 нафар сайловчи иштирок этиши кутилмоқда. Мазкур сайловчиларнинг 1994 нафарини биринчи марта овоз берувчилар ташкил этади. Тадбирда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасида участка сайлов комиссияси фаолияти, участка сайлов комиссияларининг асосий вазифалари хусусида маълумотлар берилди.
Тадбир давомида ёш сайловчиларга “Фуқаролар сайлов ҳуқуқининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 4-моддасида белгиланган куйидаги кафолатлар алоҳида тушунтирилди. Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар.
Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир фуқаро-сайловчи бир овозга эга. Ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган ҳамда бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга.
– Мен яқинда 18 ёшга тўлдим ва ўз ҳуқуқларимдан фойдаланган ҳолда сайловда биринчи марта иштирок этаман, Конституциямизнинг 117-моддасида белгилаб қўйилган ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш мен учун улкан шарафдир – дейди Жасурбек Матёқубов.
– Ҳар бир сайловчи бир овозга эга экани, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланганини биламан. Бугунги тадбирда сайлов қонунчилиги тўғрисидаги билимларим янада бойиди. Президент сайловида энг муносиб номзодга овоз бераман.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган 4 тала номзодлар ва уларнинг сайловолди дастурлари тўғрисида батафсил маълумот берилди.Тадбирда ёшларни қизиқтирган бошқа бир қатор саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.