Янгиликлар
“Lex.uz” тизмидан янада кенг кўламда фойдаланиш жорий этилмоқда
Маълумки, демократик-ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамиятни барпо этишнинг муҳим шартларидан бири аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини режалаштириш ва уни ижтимоий ҳаётда амалий қарор топтириш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 12 ноябрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги маърузасида “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришда аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муҳим аҳамият касб этиши алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Аҳолининг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини оширишда ҳуқуқий ахборотлардан тўсиқларсиз, тўла-тўкис фойдаланиш фуқаролик жамиятини ривожлантиришдаги муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тўғрисидаги низомда Адлия вазирлигининг вазифалари қаторида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини яратиш ва сақлашни ташкил қилиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг ундан белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлаш кўрсатиб ўтилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 5 августдаги 304-сонли “Қонун ҳужжатларини туркумлашни такомиллаштириш ва ҳуқуқий ахборотларни тарқатишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (ҚҲММБ) ташкил этилиб, мазкур базадан интернет тармоғининг “LEX.UZ” сайти орқали фойдаланиш имкониятлари жорий этилди. Бунда, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш марказининг мазкур базаси доимий равишда юритиш, янгилаб бориш ва маълумотлар базасини сақлаш, маълумотлар электрон базасидан белгиланган тартибда фойдаланишни таъминлаш борасидаги роли беқиёсдир.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 31 декабрдаги 340-сонли “Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан кенг фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар матнларидан кенг фойдаланишини таъминлаш, шунингдек ахборот-коммуникация технологияларининг замонавий воситаларидан фойдаланган ҳолда ҳуқуқий ахборотларни аҳоли эътиборига етказиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2010 йил 1 январдан бошлаб барча фойдаланувчиларнинг Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан текин фойдаланиши жорий этилди.
ҚҲММБда бугунги кунда 24 мингга яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. “XXI аср – ахборот асри” деб аталаётган ҳозирги кунда мамлакатимиз аҳолисининг ҚҲММБнинг чексиз имкониятлари, фойдаланиш қулайликларидан янада тўлиқроқ бохабар қилиш учун оммавий ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот ишларининг амалга оширилиши жуда мухимдир.
ҚҲММБига ўзбек ва рус тилларида 1990 йилдан то ҳозирги кунгача республикамизда қабул қилинган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари ҳамда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ва техник ҳужжатлари киритилган. Яқин келажакда мазкур тизимга маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорлари ҳамда суд ҳужжатларининг матнларини киритиш режалаштирилмоқда.
Ҳозирги кунда ҚҲММБ интернет тармоғи орқали норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бепул кенг кўламда фойдаланиш имконини берувчи мамлакатимиздаги ягона ахборот-ҳуқуқий тизим бўлиб ҳисобланади.
Мамлакатимизда ҚҲММБ фойдаланувчилари сонини янада ошириш, уларга қулайликлар яратиш мақсадида янги дизайндаги соддалаштирилган “Lex.uz” сайти 2012 йил 1 январдан фойдаланишга топширилди. Шунингдек, ҳозирги кунда ҚҲММБ дастурий таъминотининг янгиланиш ишлари амалга оширилиб, бундан буён “Lex.uz”дан фақатгина “Internet Explorer” эмас, балки “Opera”, “Safari”, “Mozila firefox” каби оммабоп интернет браузерлари орқали фойдаланиш имкониятини яратади.
Бундан ташқари, “Lex.uz”дан янада кенг кўламда фойдаланишни жорий этиш мақсадида унинг интернет мобил версияси яратилди.
Бундай ҳудудий ахборот қидириш дастурини яратилиши давлат органлари, мансабдор шахслари, фуқаролар ва юридик шахсларга, халқаро ва хорижий ташкилотларга Ўзбекистон қонунчилигидан бохабар бўлиш имконини яратади. Давлатимиз томонидан компьютерлаштириш ва ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш дастурининг муваффақиятли амалга оширилаётганлиги натижасида мамлакатимизнинг энг олис туман ва қишлоқлари аҳолиси ҳам интернет воситасида “Lex.uz”ҳуқуқий ахборот қидириш тизимидан фойдаланиш мумкин.