Янгиликлар
Имтиёзлар - тадбиркор учун мадад
Айни кунларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби Хоразм вилоятида ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган ва шу йилнинг 5 октябрь куни матбуотда эълон қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони катта қизиқиш билан ўқиб-ўрганиляпти.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2016 йил 5 октябрь куни қабул қилинган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон мамлакатимизда келгусида хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланишида, инвестициявий жозибадорликни таъминлашда навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Давра суҳбатида юқоридаги Фармоннинг мазмун-моҳияти, унинг тадбиркорлар фаолиятининг янада юксалишидаги аҳамияти, шунингдек, ушбу Фармонда белгиланган вазифалар ҳусусида фикр алмашинилди.
Фармонда учта муҳим йўналиш белгилаб берилган бўлиб, булар – тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришни таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан янада яхшилашдан иборатдир.
Мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суд, Адлия вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ҳамда бошқа манфаатдорт вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда фуқаролар ва тадбиркорларнинг, энг аввало, давлат органларига бўлган ишончини мустаҳкамлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, шунингдек, коррупция тусидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактика қилишга қаратилган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тегишли тартибда киритиш;
Шунингдек, жиноят тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ нормаларини янада либераллаштириш бўйича таклифларни;
қонун ҳужжатларига, энг аввало, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашга, тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишга ва уларнинг фаолияти тўхтатиб қўйилишига йўл қўймасликка қаратилган, қўзғатилган жиноят ишлари бўйича молия-хўжалик фаолияти текширувларини (тафтишларни) тайинлаш, ўтказиш ва уларнинг муддатини узайтиришнинг аниқ процессуал тартиби белгиланишини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни белгиланган тартибда киритиш вазифалари юклатилганлиги алоҳида қайд этилди.
Фармон билан давлат органларига алоҳида вазифаларни назарда тутувчи 42 та банддан иборат чора-тадбирлар Дастури тасдиқланди. Дастурга асосан адлия органларига тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга қаратилган 4 та қонун лойиҳасини тайёрлаш ва Вазирлар Маҳкамаси орқали Олий Мажлисга киритиш вазифаси юклатилди. Булар – “Давлат хусусий шериклиги тўғрисида”, “Давлат харидлари тўғрисида”, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларидир.
Шунингдек, назорат қилувчи органларнинг тадбиркорга маъмурий жазо қўллаш бўйича ваколатларини судга ўтказиш, “Ягона дарча” орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари турини кенгайтириш, жиноят қонунчилигини тадбиркорларга нисбатан либераллаштириш бўйича таклиф киритиш вазифалари белгилаб берилди.
Мазкур Фармонда айнан шуни кўришимиз мумкинки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, улар фаолиятига давлат органлари аралашувини тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.
Эндиликда давлат органларига айбдор ходимларга нисбатан нафақат интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликнинг энг қатъий чораларини қўллаш, балки тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарни бевосита ушбу ходимлардан ундирилишини таъминлаш мажбурияти ҳам юклатилади.
Ушбу чора-тадбирлар ноқонуний текширишларни ташкил этишга ва уларни ўтказишга, айниқса, давлат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари оқибатида тадбиркорлик субъектларининг фаолияти асоссиз тўхтатилишига ва уларга зарар етказилишига йўл қўймасликка йўналтирилган.
Ҳозирги кунда тегишли манфаатдор давлат органлари томонидан мазкур Комплекс чора-тадбирлар дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга киришилган.
Келгусида амалиётга жорий этилиши кўзда тутилаётган бундай қулайлик ва шароитлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлар, шунингдек барча тадбиркорлик субъектлари учун ўз фаолиятини эркин амалга ошириш ва уларнинг ривожланишига катта маънавий куч ва далда бўлиши, бизнесни юритиш ва инвестициявий жозибадорлик, мамлакатимизнинг халқаро рейтинги ҳамда аҳоли фаровонлигининг янада ошишига хизмат қилади.
Давра суҳбати давомида қатнашчилар ўзларини қизиқтирган кўплаб масалалар юзасидан фикр алмашдилар.