Янгиликлар
Қонун ижодкорлиги фаолиятнинг муҳим йўналиши
Адлия вазирлиги ташаббуси билан Хоразм вилоятида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг қонун ижодкорлиги, қабул қилинган қонунларни ижрочилар ва аҳолига етказиш, шунингдек уларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш бўйича ишларни ташкиллаштириш юзасидан ўрни ва масъулиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ушбу масалага масъул мансабдор шахслари, Адлия вазирлиги ва ҳудудий адлия бошқармалари ходимлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳамда давлат бошқаруви ҳудудий органларининг юридик хизмати ходимлари иштирок этдилар.
Мазкур йўналишдаги мавжуд хато ва камчиликларни бартараф этиш ва бу йўналишда намунавий тизим ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш хамда унда бир қатор тадбирларни амалга ошириш масаласи бўлиб ўтган семинарнинг асосий мавзуси бўлди.
Бугунги кунда жамиятни демократлаштириш ва янгилаш, мамлакатни ислоҳ қилиш ҳамда модернизациялаш жараёнида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Зеро, қонунларнинг халқчил, хаётий бўлиши уларнинг ижроси таъминланиши кўп жихатдан жойлардаги махаллий давлат ҳокимияти органларининг халқнинг ичига кириб бориши, мавжуд муаммоларни аниқлаши ва уларни бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга таклифлар тайёрлаши ва киритишига боғлиқ.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган ушбу талаб ва вазифалар Ҳукуматнинг ҳар йилги тасдиқланадиган қонун ижодкорлиги дастурини шакллантиришда ва унинг ижросини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Барчамизга маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 5 августдаги 227-сон қарорига мувофиқ Ҳукуматнинг ҳар йилги қонун ижодкорлиги дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унинг мониторингини олиб бориш вазифаси Адлия вазирлигига юклатилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг асосий вазифаларидан бири ҳам норма ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини, давлат ва жамият қурилиши соҳасида қонунийликни таъминлашга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш ҳисобланади. Бу йўналишда вазирлик томонидан тизимли равишда изчил фаолият олиб борилмоқда.
Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2011 йилдан ҳозирги кунга қадар умумий 5 та Ҳукуматнинг қонун ижодкорлиги дастурлари тасдиқланган бўлса, уларда умумий 93 та қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган. Ҳозирда ушбу қонун лойиҳаларидан 40 дан ортиғиқабул қилинган бўлиб, қолган қонун лойиҳалари турли босқичларда кўриб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан ҳар йилги Ҳукуматнинг қонун ижодкорлиги дастурини шакллантириш ва унинг ижросини таъминлаш аҳволи мунтазам таҳлил қилиб борилади. Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқувчи аксарият ташкилотлар томонидан бу йўналишда тизимли равишда камчиликларга йўл қўйилиб келинмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан бу борада ўтказилган ўрганишлар натижасида ҳам маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятида кўплаб камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда.
Хусусан, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ишлари самарали ташкил этилмаганлиги, қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унга оид зарур таҳлилий материалларни тайёрлаш ишлари режалаштириш йўли билан амалга оширилмаганлиги ҳолатлари мавжуд. Оқибатда ишлар тизимли равишда ташкил этилмай келинмоқда. Бу ҳолат ташкилотларда ижро интизоми ва масъулиятнинг пасайишига олиб келмоқда, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда эса белгиланган муддатлар бузилмоқда.
Тадбирда бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, ҳукуматнинг қонун ижодкорлиги дастурига киритиш учун таклифларни шакллантириш, қабул қилинган қонун ҳужжатларининг ижросини ташкил этиш, уларнинг мазмун-моҳиятини аҳоли ва ижрочиларга етказиш, шунингдек қонунийликни мустаҳкамлашда юридик хизматнинг ролини ошириш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўриш мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.
Тадбир давомида белгиланган вазифаларни амалга оширишда аҳолининг ва ижрочиларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини уларга етказишда маърифий тарғиботнинг таъсирчан усулларидан фойдаланиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.