Янгиликлар
Кенгайтирилган ҳайъат мажлиси
Хоразм вилоят адлия бошқармасида бошқарманинг 2016 йил 1 ярим йиллиги давомидаги фаолияти сарҳисобига бағишланган кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда вилоят адлия бошқармаси ходимлари, унинг тизимидаги давлат нотариал идоралари ва ФҲДЁ органлари ходимлари, шунингдек ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Мажлисда бошқарма томонидан 2016 йилнинг 1 ярим йиллиги давомида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва йўл қўйилган камчиликлар мухокама қилинди.
Қайд этилган ахборотларда бошқарма томонидан ушбу даврда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига 21 та қонун ва қонун ости ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифлар тақдим этилди.
Адлия бошқармаси томонидан 71 та (шундан 28 таси мурожаат асосида) ўтказилган назорат тадбирлари натижасида 206 та ташкилотларда аниқланган 9201 та қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш чоралари кўрилди.
Шартнома интизомини мустаҳкамлаш бўйича олиб борилган назорат тадбирлари бўйича киритилган 8 та тақдимнома натижасига кўра 730 млн. сўмдан ортиқ пул маблағлари ўз эгаларига қайтарилди.
Фаолиятини тиклаш мумкин бўлган 76 та тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган учрашувлар ҳамда кўрсатилган амалий ёрдам натижасида 57 та тадбиркорлик субъектининг фаолияти тикланиб, уларда 102 дан ортиқ иш ўринлари яратилди.
17 та хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналарнинг 10 тасида мониторинглар ўтказилиб улар фаолиятида учраши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш чоралари кўрилди.
Мажлис давомида, шунингдек, “Ягона дарча” марказларининг фаолияти бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Мажлисда бошқарманинг ички тартиб-қоидалари, ходимларнинг меҳнат ва ижро интизоми билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.