Янгиликлар
Текширишлар – онлайн тизимда
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Хоразм вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан “Тадбиркорлик соҳасидаги ҳуқуқий ҳимоя ва имкониятларнинг янги босқичи – ҳаётимиз фаровонлигининг кафолати” мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирда Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика Кенгашининг Хоразм вилоят ҳудудий комиссияси вакиллари, вилоятдаги барча назорат қилувчи орган раҳбар ва текширувчи мансабдор шахслари, шунингдек бир гуруҳ тадбиркорлар иштирок этишди.
Республикамизда сўнгги йилларда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солишга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун ва қонун ости меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, уларнинг ишончли ҳимояси қонуний кафолатланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Мазкур Фармон билан тасдиқланган Дастур ижроси доирасида бир қатор қонун ҳужжатларига, шу жумладан 10 та кодекс ва 33 та қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга дахл қиладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар алоҳида 11 та норма билан тизимлаштирилди. Шу билан бир қаторда дастур ижроси доирасида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлиги жиноий жавобгарликка тортиш даражасига оширилди.
Булардан ташқари 2015 йилнинг 1 июлидан бошлаб режали текширишлар ўтказишнинг ягона тартиби ва даврийлиги жорий этилди. Мазкур тартибга кўра, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолияти бўйича барча текширувлар режали асосда тўрт йилда бир мартадан кўп бўлмаган, бошқа хўжалик субъектларини текшириш уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган ва фақат Ўзбекистон Республикаси Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика Кенгашининг қарори билан амалга оширилиши белгиланди.
Семинар иштирокчиларига мазкур соаҳада қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тушунтирилиб, уларнинг ижро этилиши аҳволи юзасидан атрофлича фикр алмашинди.
Шунингдек, тадбирда вилоят адлия бошқармаси масъул ходимлари томонидан иштирокчиларга текширувчи органлар фаолиятида қонунийлик, холислик ва ошкораликни таъминлаш, тадбиркорлик субъектлари бўлган юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятига ноқонуний равишда аралашувларга чек қўйиш мақсадида яратилган янги механизм - Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон тизими жорий этилганлиги қайд этиб ўтилди ва уни тўлдиришнинг слайд намойиши тақдим этилди.
Ушбу он-лайн тизими орқали тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш, улар фаолиятига ноқонуний аралашувларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш мумкин. Яъни, эндиликда адлия органлари томонидан ўтказиладиган ҳар бир текширишни бевосита назорат қилиш ва унинг қонунийлигини таъминлаш учун имконият яратилди.
Ушбу китобнинг электрон шаклига ёзув киритилган заҳотиёқ бу ҳақда адлия вазирлигига ахборот келиб тушади. Бу эса ўтказилаётган текширувнинг қонуний ёки ноқонунийлигини дарҳол аниқлаш ва уни бартараф этиш имконини беради.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Текширишларни рўйхатга олиш китобини тўлдирмаслик ёки уни тўлдиришдан бўйин товлаш, шунингдек эндиликда техник имконият мавжуд бўлгани ҳолда ушбу китобнинг электрон шаклини тўлдирмаслик ҳам текшириш тартибини бузиш деб ҳисобланади ва айбдор шахсларни жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Семинар давомида тадбир иштирокчиларига Текширишларни рўйхатга олиш китобининг электрон шаклини тўлдириш тартиби, ушбу он-лайн тизимининг аҳамияти тўғрисида батафсил маълумотлар берилди ва назорат қилувчи органлар мансабдор шахслари томонидан қонун ҳужжатларига қатъий амал қилиниши, шунингдек давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органлар томонидан ишларнинг лозим даражада бажарилиши қонунийликни таъминлашга, тадбиркорлик субъектларининг давлат органларига бўлган ишончини ортишига, шу билан бирга республикамиз иқтисодиётида уларнинг улуши янада ортишига хизмат қилиши алоҳида таъкидлаб ўтилди.