Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг асосий бўғини ҳисобланиб, бугунги кунда мазкур соҳани жадаллик билан ривожлантириш, тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг сафини янада кенгайтириш ва рағбатлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ҳамда хотин-қизлар тадбиркорлигини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор билан ёндашиляпти. Юртбошимиз раҳнамолигида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ёшларимизнинг ўз бизнес лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишлари учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда.
Мамлакатимиз тижорат банклари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини қўллаб-қувватлаш мақсадида кредитлар ажратилаётганлиги ҳам фикримиз тасдиғидир.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқий таълим бошқармасининг 2016 йил 1 ярим йиллик иш режасига асосан адлия органлари ва муассасаларига давлат бошқаруви органлари ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликда бир қатор мавзуларда тарғибот тадбирларини ўтказиш вазифаси юклатилган. Коллеж битирувчиларини ўз бизнесларини ташкил этишга берилган имтиёзлар ҳусусида таълим муассасаларида тушунтириш ишларини олиб бориш ана шундай вазифалардан бири саналади.
Шу муносабат билан мазкур иш режа ижросини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг июнь ойида Янгибозор тумани Саноат касб-хунар коллежида семинар тадбири ўтказилди.
Унда туман ФҲДЁ бўлими мудири, туман Хотин-қизлар қўмитаси мутахассиси, “Оила” илмий амалий маркази туман бўлими ходими, “Камолот” ЁИҲ туман бўлими мутахассислари, маҳалла маслаҳатчилари коллежнинг ўқувчи ва ўқитувчилари иштирок этишди.
Семинарда тадбиркорларга яратилган имтиёз ва преференциялар, қонун ҳужжатларида хусусий сектор вакилларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган нормалар, солиқ, божхона ва рўйхатдан ўтказиш турлари бўйича имтиёзлар, молия-кредит масалаларидаги эркинлик ҳамда экспорт-импорт жараёнларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар хусусида фикр алмашилди.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман кенгаши томонидан туман Хотин-қизлар қўмитаси ватуман ФҲДЁ бўлими ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ёшлар томонидан ҳаётга татбиқ этилаётган истиқболли лойиҳаларни қўллаб қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Ушбу семинарда коллеж битирувчилари ўзларининг бир қатор истиқболли бизнес режалари билан иштирок қилишди. Бизнес режа муаллифлари йиғилганларга ўз лойиҳаларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш билан бир қаторда ўз тенгдошларига бир қатор фойдали малаҳатлар бердилар.