Янгиликлар
Гиёвандлик – XXI асрнинг глобал муаммоларидан бири
Янгибозор тумани Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида туман ФҲДЁ бўлими ва давлат нотариал идораси ходимлари томонидан Гиёвандлик – XXI асрнинг глобал муаммоларидан бири” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ўқувчиларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни соғлом турмуш тарзини кечиришга даъват этиш мақсадида тадбир туман ИИБ, туман Хотин-қизлар қўмитаси, туман “Маҳалла” жамоат фонди аъзолари ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўтказилган Анжуманда қайд этилганидек соғлом турмуш тарзини олиб бораётган киши билиб-билмай бу кўчага кириб қолса, ўзининг тинч, фаровон ва бахтли ҳаётини қора зулматга айлантириши айни ҳақиқат. Гиёванд киши нафақат ўзига, балки яқинларига ҳам тўхтовсиз азоб беради. Ундан туғилажак фарзандлар эса ота-онасининг хатоси оқибатида бир умрга мажруҳлик қисматига мубтало бўладилар. Зеро, фақат соғлом ота-онадангина соғлом зурриёд дунёга келади. Ҳеч бир инсон онадан гиёванд бўлиб дунёга келмайди.
Инсон ҳар доим ўз орзу-интилишлари, мақсад ва режалари йўлида ҳаракат қилади. Агар истаса, ҳар бир киши жамият ривожи йўлида улкан ишларни амалга ошириши мумкин. Бугун мамлакатимизда ёшларнинг таҳсил олиши, эркин касб танлаши, қизиқишлари, истеъдодини юзага чиқариши учун барча имкониятлар мавжуд. Фақатгина ўша шарт-шароитларни кўра билиш ва ундан оқилона фойдаланиш лозим. Бироқ бугун билиб-билмасдан эгри йўлларга кириб қолаётганлар ҳам, афсуски, орамизда йўқ эмас.Гиёвандлик кўчасига кириб қолиш кишиларда турли хилда кечади. Баъзилар тўқликка шўхлик қилса, бошқалар ўзи билмаган ҳолда алдовлар натижасида унинг қурбонига айланади. Ушбу иллатга ружу қўйганларнинг, айниқса, ёшларнинг бу ажал гирдобига тушиб қолишида кўпинча оиладаги муҳит ёки беэътиборлик сабаб бўлади. Ёшларнинг бўш вақтини бекор ўтказиши, ота-оналарнинг фарзандини ҳаддан ташқари эркалатиши ва улар тарбиясига бепарволиги юқорида келтирилган салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Фарзанднинг соғ-саломат дунёга келиши, униб-ўсиши, жамиятда ўз ўрнига эга бўлиши, энг аввало, оила бошлиқларига боғлиқ. Бу борада меҳрибон ота-оналар зиммасига катта масъулият юкланади. Демак, “Аср вабоси” деб аталувчи гиёвандликни олдини олиш, унга қарши курашишга фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар эмас, жамиятдаги ҳар бир инсон масъул. Мақсад эса, дунёни гиёвандлик балосидан сақлаш, инсоният саломатлигини асрашдир.
Давра суҳбатида сўзга чиққанлар ёшларни ушбу иллат домига тушиб қолмаслик учун доимо сергак бўлиш, фойдали машғулотлар билан шуғулланиш зарурлигини қайд этдилар.
Ўз навбатида ўқувчилар ҳам ушбу тадбирларни тўғри бахолаб, ёшларимизни асраш борасида давлатимиз томонидан амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатлар учун, ҳурматли Президентимиздан, қолаверса бу борада тинимсиз меҳнат қилаётган инсонлардан бехад миннатдор эканликларини билдиришди.
Тадбирда мавзуга доир бир қатор маърузалар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.