Янгиликлар
Одам савдоси – аср муаммоси
Хоразм вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Урганч туман Саноат-Транспорт касб-ҳунар коллежида вояга етмаганлар ишлари бўйича туман комиссияси аъзолари томонидан “Одам савдоси-давр муаммоси” мавзусида тарғибот тадбири ўтказилди.
Тадбирда туман Хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ЁИҲ туман кенгаши, туман ФҲДЁ бўлими ходимлари, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими, шунингдек, ХДП туман кенгаши аъзолари қатнашдилар.
Сўзга чиқувчилар қайд этганларидек, юртимизда халқимиз тинчлиги, давлатимизнинг барқарорлигини кўролмаётган айрим ғаразгўй шахслар одамларнинг ишончини суистемол қилиб, алдаб чет элга ноқонуний олиб чиқиб, ғаразли ниятларда экспулатация қилиш билан боғлиқ жиноятлар содир этилади.
БМТ экспертларининг фикрига кўра, жиноий синдикатларнинг ҳар йили одам савдосидан олаётган даромадлари 5-7-млрд долларни ташкил қилаётганлиги таъкидланди. Бу дунёдаги асосий истеъмол товарлари сотилишидан келадиган умумий даромадга тенг келади. Худду шу маълумотларга қараганда, одам савдосидан жабрланганлар юз минглаб ва ҳатто милионлаб (айрим маълумотларга қараганда камида 700 минг ёки 2,7 млн) нафар бўлиб, уларнинг 80 фоизини аёллар ва болалар ташкил этаётганлиги билдирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддасида Одам савдоси жиноятига жавобгарлик масаласи белгиланганлиги, Республикамиз томонидан 2008 йил 17 апрелда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиқиб, “Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни асосида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси янги таҳрирда ўзгартирилганлиги йиғилганларга тушунтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддасида назарда тутилган одам савдоси жинояти тушунчасига таъриф берилар экан бу жиноят инсонларнинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига қарши қаратилган жиноятлардан бири эканлиги, Одам савдоси яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш, ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, хизмат мавқейидан фойдаланган хода, жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга ҳилоф равишда ушлаб турган ҳолда қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, шунингдек, жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда, киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш каби ҳаракатларни қамраб олувчи хавли қилмиш эканлиги аниқ мисолларда кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, сўзга чиқувчилар томонидан ҳақиқатдан ҳам ҳозирги вақтда билим олиш, касб-хунар ўрганиш учун ёшларимизга барча шароитлар яратилганлиги, ёш авлодни қатъий эътиқод қарашлар руҳида, менталитетимизга ёт бўлган зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат рухида тарбиялаш, ёшларда соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш ОИТС, гиёҳвандлик, кашандалик ва бошқа зарарли одатларга қарши курашиш, бўш вақтларини мазмунли ўтказиш кераклиги тўғрисида тушунтириш берилди.
Тадбир жонли мулоқот тарзида ўтди. Ўқувчи-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.