Янгиликлар
Тараққиёт омиллари
Урганч шаҳрида Хоразм вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шакаржон Хўжаниёзованинг ОАВ вакиллари билан мутбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоятда фаолият олиб бораётган босма ва электрон оммавий ахборот воситалари ходимлари, республика ОАВларининг Хоразм вилоятидаги мухбирлари, идоралар, корхона ва бирлашмаларнинг матбуот котиблари иштирок этдилар.
Ш.Хўжаниёзова вилоятда амалга оширилаётган ижтимоий – иқтисодий ислоҳотлар, уларнинг натижалари ва “Хоразм вилоятини ижтимоий – иқтисодий ривожлантириш стратегияси”га кўра келгусида амалга оширилиши кўзда тутилаётган тадбирлар ҳақида гапириб берди.
Матбуот анжуманида Президентимиз И.А.Каримов ташаббуси ва раҳнамолигида ишлаб чиқилган ва дунёда “ўзбек модели” сифатида тан олинган чуқур, пухта ўйланган стратегия боис жаҳонда ҳамон давом этаётган иқтисодий инқирозга қарамасдан мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминлаб келинаётганлиги;
Жаҳон иқтисодий Форуми маълумотларига кўра Ўзбекистон ўсиш кўрсаткичлари бўйича дунёда энг тез ривожланаётган беш мамлакат қаторидан ўрин олган. Мамлакатимиз иқтисодиёти кейинги 11 йил давомида, жумладан, 2015 йилда ҳам ўртача 8 фоиздан ортиқ ўсиш суръатларига эга бўлганлиги қайд этилди.
Мамлакатимиз ҳудудларини барқарор ривожлантиришга, хусусан, Хоразм халқ хўжалигининг турли тармоқларини ривожлантиришга қаратилган давлат дастурларининг муваффақиятли амалга оширилиши боис вилоятда ҳам чуқур ислоҳот, янгиланишлар кенг кўламда давом этаётганлиги;
Натижада саноат, қурилиш, сайёҳлик, қишлоқ хўжалиги соҳасида кескин ўзгаришлар кўзга ташланаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Ўтган йил молиялаштиришнинг барча манбаалари ҳисобидан вилоятда 1 трлн. 400 млрд. сўмлик капитал маблағлар ўзлаштирилган. Унинг 117 миллиарди хорижий инвестициялар ҳисобига тўғри келган.
Ташқи савдо айланмаси 266,1 млн. долларни ташкил қилиб, шундан экспорт ҳажми 159,0 млн. долларни (умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмида 59,7%), импорт ҳажми 107,1млн. долларга(40,3%) тенг бўлган.
Энг асосийси вилоят узоқни кўзлаган режалар билан яшамоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамкорлигида “Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияси” ишлаб чиқилган. Бу ҳужжатда вилоят халқ хўжалигининг барча тармоқларини 2030 йилгача бўлган даврдаги ривожлантириш стратегияси белгилаб берилган.
Вилоятни узоқ муддатли ривожлантиришнинг тўртта асосий йўналишлари белгиланган: Жумладан;
- Ҳудудлар рақобат устунликларини ошириш мақсадида ишлаб чиқариш ва ресурс салохиятидан самарали фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқаришнинг ўсиш нуқталарини аниқлаш;
- Қўшимча қийматнинг занжирсимон боғлиқлиги асосида узвий боғланган соҳалар ва ёрдамчи ишлаб чиқаришларни истиқболли лойиҳалар асосида ривожлантириш;
- Маҳаллий ташаббускорликни фаоллаштириш мақсадида Ўзбекистоннинг бошқа худудлари афзалликларидан фойдаланган ҳолда, минтақалараро лойиҳаларни амалга ошириш;
- Орқада қолаётган ҳудудларнинг ўсишда қувиб етишини таъминлаш мақсадида ҳудудлараро лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш.
Юқоридагиларни амалга ошириш натижасида вилоятда 2030 йилга қадар саноатнинг ўртача йиллик ўсиш даражаси 14,5 фоизни ташкил этиб, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,5 баробарга ошиши, ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улуши эса 21 фоизни ташкил қилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг қуйидаги учта асосий стратегик йўналиши белгиланган: Жумладан;
1. Хизматлар соҳасини диверсификация қилиш ва янги турларини яратиш;
2. Анъанавий хизмат турларини ривожлантириш;
3. Саноат корхоналарида аутсорсинг хизматларини ташкил этиш;
4. Янги автотранспорт корхоналарини вилоятнинг ҳамма ҳудудларида, айниқса Боғот, Хонқа, Янгиариқ ва Янгибозор туманларида ташкил этиш зарурати мавжуд.
Истиқболда вилоятда юк айланмаси 4,5 баробарга ўсиши муносабати билан уларни сақлаш ва саралаш хизматларини ҳам ривожлантиришни талаб этади. Хозирги вақтда минтақада транспорт логистика маркази мавжуд эмаслигини хисобга олсак, келгусида уни ташкил этиш бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади.
Минтақада йилига 800 минг тоннадан ортиқ турли ҳил мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари, 100 минг тоннага яқин гуруч етиштирилади. Хозирги вақтда етиштирилган мева, сабзавот ва полиз маҳсулотларининг бор- йўғи 7 фоизга яқини вилоятда қайта ишланяпти, холос. Бу маҳсулотларни қайта ишлаш, айниқса экспорт ҳажмларини ошириш куннинг долзарб вазифаси бўлиб қолмоқда.
Савдо ва умумий овқатланиш тармоқларини ривожлантиришда улгуржи савдо хизмати муҳим ўрин тутади. Келажакда Хазорасп, Боғот, Хонқа, Урганч, Шовот, Гурлан ва Қўшкўпир туманлари ҳамда Урганч шаҳрида йирик саноат мажмуаларининг ташкил этилиши туфайли бу масаланинг минтақа ривожланишидаги аҳамияти янада ортади. Шуларни инобатга олган ҳолда улгуржи савдо объектларини Ҳазорасп, Хонқа, Урганч, Шовот, Гурлан ва Хива туманлари, Урганч шаҳрида ташкил этиш.
Юқорида келтирилган тадбирларнинг муваффақиятли амалга оширилиши натижасида 2020 йилга бориб хизматлар ҳажмини 3,1 баробар, 2030 йилга келиб эса 16,3 баробар ошириш имкони мавжуд. Натижада хизматларнинг ЯҲМ даги улуши мутаносиб равишда 45 ва 50 фоизни ташкил этади.
Ижтимоий – иқтисодий ривожлантириш стратегиясини муваффақиятли амалга ошириш Хоразм вилояти иқтисодиёти тараққиётини янги даражага олиб чиқиб, аҳолиси турмуш фаровонлиги таъминлайди.