Янгиликлар
ТАРҒИБОТДА ТАЪСИРЧАНЛИК
Хоразм вилоят ҳокимлиги Маънавият ва маърифат марказида вилоятдаги кўплаб мактаб, академик лицей, ўрта-махсус касб-ҳунар коллежлари, олий таълим муассасалари, давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органлари, фуқаролик жамияти институтлари, корхона, муассаса ва ташкилотларнинг маънавий-маърифий, шунингдек, ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасига масъул ходимлари иштирокида ўқув семинари бўлиб ўтди.
Семинар “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2016 йил 17 февралдаги Жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онгини, ҳуқуқий маданиятини оширишга ва қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган давлат органлари, жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқий тарғибот ва маърифат соҳасидаги фаолиятини самарали мувофиқлаштиришни амалга ошириш, ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича ишларни услубий жиҳатдан таъминланишини ташкил этиш, давлат бошқаруви органлари масъул ходимларининг масъулияти ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш, мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш бўйича ҳудудий ўқув семинарларини ўтказиш” мақсадида қабул қилинган буйруғи ижроси доирасида ташкил этилди.
Семинарда “Аҳолини ҳуқуқий ахборотлар билан таъминлаш” ҳамда “Аҳоли ўртасида ҳуқуқий билимларнинг кенг тарғибот ташвиқот қилинишини ташкил этиш масалалари”, шунингдек “Ҳуқуқий тарғибот соҳасида давлат бошқаруви органлари, шунингдек жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг келишилган фаолият юритишларини таъминлаш” мавзулрида маърузалар тингланди.
Мазкур ўқув семинарида айниқса республика даражасида ҳуқуқий тарғибот ва маърифат ишларини ташкиллаштиришда деярли муаммоларга дуч келинмаётганлиги, шу мақсадга қаратилган республика давлат бошқаруви органлари ва жамоат бирлашмалари ҳамкорлигида меморандимлар, чора-тадбирлар дастурлари имзоланган бўлиб, улар ижроси доирасида кўплаб ишлар амалга оширилаётганлиги аммо бу борада ҳудудий давлат бошқаруви органлари ва жамоат бирлашмалари ўртасида чора-тадбирлар режалари, дастурлар ишлаб чиқилмаётганлиги қайд этилди.
Шундан келиб чиқиб давлат бошқаруви органлари ва жамоат бирлашмаларининг жойлардаги бўлимларида ўзининг функция ва йўналишларидан келиб чиқиб, алоҳида тарғибот гурухлари шакллантирилиши кераклиги, соҳанинг етук мутахассислари иштирокида аҳоли учун тарғибот тадбирларини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва улар асосида тадбирлар ўтказилиши кераклиги таъкидланди.
Шунингдек, “Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича давлат органлари ишларини мувофиқлаштириш бўйича идоралараро кенгаш тўғрисидаги Низом”нинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб, мазкур Низомга асосан давлат бошқаруви органлари ва жамоат бирлашмалари ва адлия органлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисидаги масалалар батафсил ёритиб берилди
Ўқув семинари давомида ҳуқуқий тарғибот ишларини мувофиқлаштиришда давлат органлари, жамоат бирлашмалари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан йўл қўйилаётган айрим камчиликлар хусусида тўхталиниб, уларга зарурий тушунтиришлар ва тавсиялар бериб ўтилди.
Ўқув-семинар йиғилганларнинг қизғин саволлари ва таклифларига бой руҳда ўтди.