Янгиликлар
Юридик хизмат истиқболлари
Урганч шаҳридаги ахборот ва компъютер технологиялари касб-ҳунар коллежида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг 2015 йил 20 ноябрдаги “Қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида ягона давлат сиёсатини таъминлаш ишларининг ҳолати, шунингдек қонуности ҳужжатларининг ўз вақтида қабул қилиниши масаласида давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларида юридик хизматнинг роли тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида семинар ташкил этилди.
Ушбу семинарда туман (шаҳар) ҳокимликлари, давлат бошқарув органларининг вилоят ҳудудий бўлинмаларининг раҳбарлари, кадрлар бўлими ҳамда юридик хизмат ходимлари иштирок этди.
Семинарда “Давлат органларида юридик хизмат фаолиятини янада такомиллаштириш ва ривожлантиришнинг долзарб масалалари-мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари”мавзусида маъруза тингланди.
Сўзга чиққанлар, бир қатор давлат бошқарув органларининг юридик хизмат ходимларининг атестациядан ўтмаётганлиги ва белгиланган тақсимотга асосан малака ошириш курсларида асоссиз қатнашмаётганлиги хусусида тўхталиб, малака ошириш билан боғлиқ барча муаммолар юридик хизмат фаолиятига доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга киритилган сўнги ўзгартириш ва қўшимчаларга асосан ўзининг қонуний ечимини топаётганлигини мисоллар билан тушунтириб ўтдилар.
Семинар давомида, Адлия вазирининг 2015 йил 25 декабрдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғининг мазмун-моҳияти вилоятда фаолият кўрсатаётган Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмати ходимлари эътиборига етказилди.
Мазкур буйруқ мазмун-моҳиятини тушунтириш баробарида қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш давомида нималарга этибор қаратиш лозимлиги, мазкур ҳужжатни тақдим қилаётган органларга қандай талаблар қўйилганлиги хусусида тўхталиб мазкур фаолиятга жиддий этибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.
Ўтказилган семинар якуни юзасидан давлат бошқаруви органлари, туман ва шаҳар ҳокимликларининг раҳбарият вакиллари, кадрлар бўлими ҳамда юридик хизмат ходимларига мазкур семинарда қайд қилинган долзарб вазифалар ҳамда муаммоларни ҳал этиш бўйича тегишли тавсиялар берилди ва бу юзасидан улар билан ҳамкорликни кучайтириш борасида амалга ошириладиган ишлар келишиб олинди.