Янгиликлар
Маҳалла – жамиятнинг муҳим бўғини
Хоразм вилояти шаҳар ва туманларида маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари малакасини ошириш мақсадида ўқув-семинарлар ўтказилди.
Бугунги кунда Хоразм вилоятида 611 маҳалла фуқаролар йиғини фаолият кўрсатмоқда. Уларда фаолият олиб бораётган раислар (оқсоқоллар), масъул котиблар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар ва “Маҳалла посбони” жамоат тузилмаси раҳбарлари жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини фуқароларга етказиш, маҳаллаларда оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, халқимиз осойишталигини сақлаш ва турмуш фаровонлигини ошириш йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда.
Интерфаол усулда ўтказилган ўқув-машғулотларида давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси, Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч”, “Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида” китоблари ва Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизнинг янада эркин ва обод бўлишига эришиш – бизнинг бош мақсадимиздир” маърузасининг мазмун-моҳияти очиб берилди. Улардаги асосий ғоялар ва устувор вазифаларни фуқаролар йиғинлари ходимлари томонидан кенг жамоатчиликка етказиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
– Ўқув-семинарларда “Обод турмуш йили” Давлат дастури ижросини таъминлашда фуқаролар йиғинлари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида ҳам иштирокчиларга зарур тушунча ва тавсиялар берилди, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раисининг ўринбосари Анвар Худоёров. – Тизим фаолларининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий-маърифий билимларини янада ошириш мақсадида ташкил этилган машғулотларда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви ходимлари, вилоят меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, адлия, халқ таълими, иқтисодиёт, молия, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, давлат солиқ бошқармалари, прокуратура, хотин-қизлар қўмитаси, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти минтақавий бўлими ва бошқа бир қатор ташкилотларнинг малакали мутахассислари, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда амалий машғулотлар тарзида ўтказилган тадбирларда фуқаролар йиғинлари ходимлари ўзларини қизиқтирган барча саволга атрофлича жавоб олдилар.