Янгиликлар
Ташкилий ишлар муҳокамаси
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги “Ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига асосан, 2016 йил 1 январдан Республиканинг барча ҳудудларида “Ягона дарча” марказлари ташкил қилиниши белгиланган эди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва ҳудуддий адлия органлари зиммасига, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор вазирликлар ҳамда идоралар билан биргаликда давлат хизматларини кўрсатиш тартиби тўғрисида доимий равишда семинар машғулотлар ўтказиш вазифаси топширилган.
Шундан келиб чиқиб, вилоят адлия бошқармасида барча манқаатдор ташкилотлар, шунингдек, “Ягона дарча” марказлари ходимлари иштирокида навбатдаги семинар тадбири ўтказилди.
Тадбирда иштирокчилар “Ягона дарча” марказлари орқали давлат хизматларини кўрсатиш борасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек соҳа фаолиятини тартибга солиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Қарорини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида”ги билан тасдиқланган Низомнинг мазмун-моҳияти билан таништирилди.
Бундан ташқари, Савдо-саноат палатаси томонидан ишлаб чиқилган “Ягона дарча” марказлари биносида марказ жойлашганлигини кўрсатувчи ёзув, кириш пештахтаси, ахборот ва эълонлар стенди кўринишидаги лойиҳаларни Урганч шаҳар ва туманларда жойлашган “Ягона дарча” марказлари биносида ташкил қилиниши лозимлиги иштирокчиларга етказди.
Шунингдек, Урганч шаҳар ва туманларда ташкил қилинган “Ягона дарча” марказлари ва бошқа ҳамкор ташкилотлар ўртасида ахборот хавфсизлигини таъминлаш юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.