Янгиликлар
Адвокатура – ҳуқуқий ислоҳотларнинг ёрқин ифодаси
Мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари адвокатура институтининг тубдан мустаҳкамланиши, янада фаоллашуви, жиноят, фуқаролик ва хўжалик масалаларига оид тергов ҳамда судлов жараёнларида қонунийликни таъминлаш гаровига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2010 йил ноябрь ойида Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”га бағишланган маърузасида илгари сурилган ғоялар ушбу жараённи ривожлантиришнинг янги самарали босқичини бошлаб берди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан Урганчда ўтказилган семинарда адвокатура соҳасидаги долзарб масалаларнинг амалий-услубий жиҳатлари ҳамда уни Концепцияда баён этилган ғоялар, таклиф ва мулоҳазалар асосида ҳаётга тадбиқ этиш чоралари атрофлича муҳокама этилди. Мазкур анжуман Республика Адлия вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги адвокатура тузлималари ҳамда уларда ишловчи ходимларга амалий ҳамда услубий ёрдам кўрсатиш соҳасида уюштирилган тадбирларнинг мантиқий давоми бўлди.
Анжуманда сўнгги йилларда юртимизда ҳуқуқий ҳимоя тадбирларини янада кучайтириш, демократия тамойиллларни ёрқин намойиш этишга қаратилган жиддий ва салмоқли қадамлар ташланганлиги аниқ рақамлар, факт ва далиллар мисолида баён этилди. Тизимда олиб борилган ислоҳотлар туфайли лицензияли тарзда фаолият кўрсатувчи адвокатлар сони ҳозирга келиб 3600 нафарга етгани, уларнинг билим, тажриба ва малакаси ҳуқуқий ҳимоя тадбирларини демократия талаблари асосида, юқори савияда амалга ошириш гаровига айлангани алоҳида қайд этилди.
Бундай самалари ўсиш-ўзгаришларни Хоразм вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Ҳозир вилоят бўйича 100 дан зиёд малакали ва катта тажрибага эга бўлган адвокат ходимлар жами 55 та тузилмага уюшган ҳолда фаолият кўрсатаяптилар. Мавжуд 1 та адвокатлик ҳайъати ва унга уюшган 11 та фирма ҳамда 43 та ҳуқуқий бюронинг барчаси замонавий компьютер техникаси ва зарур алоқа жиҳозлари билан тўла таъминлаган. Интернет тизими соҳа фаолиятига тобора кенг ва тез кириб келаяпти.
Шуни алоҳида қайд этиш зарурки, тизим ислоҳотлари Президентимиз Концепциясида илгари сурилган демократик ғояларнинг ёрқин ва устивор йўналиши ҳисобланади. Бу йўналиш қонун устиворлиги ва ҳуқуқий муҳофазани янада мустаҳкамлаш, шахс ҳуқуқи ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини демократиялаш ҳамда либераллаштириш мақсадларини кўзда тутади. Айни пайтда мамлакатимизда жиноят, фуқаролик ҳамда хўжалик ишларини судларда кўриш жараёнида адвокат ва прокурорнинг ваколатларини тенглаштириш, одил судловнинг сифати ва тезкорлигини оширишга қаратилган чоралар изчил амалга оширилаяпти. “Адвокатура институтини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши бу борада ғоятда муҳим аҳамият касб этди. Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, ҳуқуқий ҳимоя жараёнлари асносида инсон эркинлиги, ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги бирқанча тадбирлар мазкур ҳужжат асосида ўз рўёбини топди. Ушбу қонунга мувофиқ ҳуқуқий ҳимоя ходимига жиноят ишини юритишга масъул бўлган давлат органлари ва мансабдор шахслардан мутлақо мустақил равишда тергов ва судлов жараёнининг барча босқичларида ўз ҳимоясидаги кишиларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқи берилгани эътиборга молик ҳол саналади. Қонунда адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш ёхуд унинг ўз ҳимоясидаги шахсга нисбатан муносабати ва позициясини ўзгартириш ва таъсир ўтказишга қаратилган ҳаракатлар учун жавобгарлик белгилангани тадбир иштирокчиларига атрофлича тушунтириб берилди.
Анжуманда адвокатура институтини янада такомиллаштирилиши муносабати билан юзага келаётган вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу масалада берилган саволларга адлия органлари ходимлари томонидан батафсил жавоблар берилди. Анжуман доирасида Республика Адлия вазирлигининг “Lex UZ on-line” қонунчилик ҳуқуқий ахборот тизими янгиликлари тақдимоти маросими ҳам уюштирилди.
Семинар машғулоти якуни бўйича юртимизда амалга оширилаётган адвокатура тизимидаги ислоҳотлар юзасидан зарур тавсиялар ишлаб чиқилди.