Янгиликлар
КИЧИК БИЗНЕСГА КАТТА РАҒБАТ
Мамалакатимизда истиқлол йилларида хусусий мулк даҳлсизлигини ҳимоялаш, иқтисодиётда унинг ўрнини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини ва бизнес шароитини янада яхшилашга доир қонунлар узлуксиз такомиллашмоқда. 2015 йил 21 августда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун бу борадаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Хоразм вилоятида мазкур қонун мазмун-моҳияти, уни бир хилда қўллашни таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилиш - мамлакатни иқтисодий ривожлантиришнинг пойдевори” мавзусида конференция ўтказилди.
Тўғридан-тўғри мулоқот асосида ўтказилган ушбу тадбирда вилоятнинг ҳуқуқни муҳофаза этувчи, назорат қилувчи ва суд органлари, қатор бошқармалар ва идоралар, туман (шаҳар) ҳокимликлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад юқорида қайд этилган қонуннинг мазмун-моҳиятини, хусусан унинг мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, бошқарувнинг бозор механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришга қаратилганлигини, мамлакатда хусусий мулк ҳуқуқини ҳар тарафлама ҳимоя қилиш, хусусий мулкдорларга иқтисодий эркинлик бериш, улар фаолиятига ноқонуний аралашган мансабдор шахслар, шу жумладан назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун уларга жиноий жавобгарликкача бўлган ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга қаратилганлигини, бу эса ўз навбатида тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимояси давлат томонидан кафолатланганлигининг ёрқин ифодаси эканлигини кенг тарғиб этишдан иборатдир.
Хоразм вилоят адлия бошқармаси бошлиғи И.Сабиров, мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятининг кафолатли ҳимоясини таъминлашга қаратилган қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар узлуксиз такомиллашуви натижасида соҳа ривожи янги босқичга кўтарилгани, жаҳон иқтисодиётида инқирозли ҳодисалар ҳамон кузатилаётганлигига қарамасдан республикамизда иқтисодий ўсишнинг юқори сураътларда таминланаётганлиги, мамалакатимиз айни пайтларда дунё миқёсида жадал ривожланаётган давлатлар орасида бешинчи ўринда эканлиги, сўнги ўн бир йил давомида ялпи ички маҳсулотимизнинг ўсиш сўрати 8 фоиздан юқори бўлиб келаётганлиги, 2000 йилда 149 минг 300 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритган бўлса, 2014 йилга келиб уларнинг сони ярим миллиондан ошиб кетганлигини аниқ мисолларда таҳлил этди.
Ушбу қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан амалдаги 10 кодекс ва 33 қонунга тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, хусусий сектор фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, соҳага оид қонунчиликни янада либераллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани тўғрисида сўз юритилди.
Тадбир иштирокчилари фикрига кўра, мазкур қонун мамлакатимизда иқтисодиётни эркинлаштириш, бошқарувнинг бозор механизмларини жорий этиш, қулай ишбилармонлик муҳитини шакллантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаради.
Конференция фаол савол-жавоблар руҳида олиб борилди ҳамда тадбиркорлик субъектларини қизиқтирадиган муаммоли масалалар юзасидан мутахассисларнинг тегишли тушунтиришлари берилди.