Янгиликлар
Биз-бир жамоа, биз-бир оиламиз
Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, “Келажак овози” ёшлар ташаббуслари маркази, “Аёллар кенгаши” жамоат бирлашмаси, “Ҳаёт учун” кўкрак бези саратони миллий уюшмаси, ҳамкорлигида Хоразм вилоятида ўтказилган ижтимоий акцияси ана шундай номланиб, унинг доирасида хайрли, эзгуликларга йўғрилган кенг кўламли тадбирлар амалга оширилди.
“Обод турмуш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 5 мартдаги мажлиси баёнига асосан ташкил этилган мазкур акция доирасида ёшларнинг профессионал ва шахсий билим-кўникмаларини ривожлантириш бўйича тренинглар, ахборот технологиялари тақдимоти ҳамда журналистика ва хорижий тилларни ўрганиш бўйича амалий маслаҳатлар, тавсиялар бериш, ўқув юртларини битирувчиларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш бўйича тадбирлар , хайрия югуриш марафони ва футбол шоуси, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг турли йўналишлардаги лойиҳаларини ҳаётга тадбиқ этишга қаратилган тадбирлар ўтказилди.
Ижтимоий акция давомида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди.
-Тадбир доирасида бўлиб ўтган “Дилемма” тренингида ёшларнинг тадбиркорликка оид баҳс-мунозараларида қатнашдим. Ўзимнинг янги ташаббус, таклифларим ёшларнинг қизғин мунозараси сабаб бўлди, дейди “Ўзбекистон кўкрак белгиси” соҳиби Тимур Жуманиёзов.
Кўкрак бези саратонини даволаш учун Фонд Форум томонидан мунтазам равишда амалий ишлар олиб борилаётир. Ҳар йили воҳалик аёллар бепул тиббий кўрикдан ўтказиляпти. “Ҳаёт учун!” ассоциацияси томонидан маслаҳат-кўриклар давом этмоқда.
2009-2012 йилларда республикамиз бўйича 27 мингдан зиёд аёл тиббий кўрикдан ўтказилди. Ассоцация беморларга дори-дармон етказиб беришдан ташқари шифокорларнинг малакасини ошириш билан шуғулланиб келмоқда.
Акция ниҳоясида Урганч шаҳри марказий ўйингоҳида ташкил этилган ўтказилган “Ҳаёт учун!” хайрия футбол-шоуси ва гала-концерти ўн мингдан зиёд ташаббускор ёшлар ва саҳоватпеша инсонлар томонидан қўллаб-қувватланди. Таниқли ва истеъдодли санъаткорларнинг чиқишлари тадбирга ўзгача кўтаринкилик бахш этди. Ўтказилган “Биз-бир жамоа, биз-бир оиламиз” акцияси воҳалик ёшларнинг чинакам байрамига айланди.