Янгиликлар
ҚАРИСИ БОР УЙ
Хива туман ва Хива шаҳар ФҲДЁ бўлимлари ходимлари ва бир гуруҳ ижод аҳли вакиллари томонидан Хива туманидаги “Саёт” маҳалласида истиқомат қилувчи 100 ёшдан ошган иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Ҳайитбой ота Абдуллаевнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида тадбир ўтказилди.
Қариси бор уйнинг париси бор, деганларидек “Саёт” маҳалласида истиқомат қилувчи Ҳайитбой ота Абдуллаев 103 ёшни қаршилади. Қутлуғ ёшли бобонинг дуоси олтинга қиёс. Абдулла ота 1912 йилда туғилган. Очарчилик даврини, уруш йилларининг ситамларини кўрган нуроний отахонни ҳаёт бешавқат синовлардан ўтказиб ёруғ кунларга етказди. Отахоннинг 7 нафар фарзанд ва элликдан ортиқ набира ва эваралари ҳозирда туманнинг бир қатор давлат ва бошқарув органларида фаолият юритиб келмоқдалар.
Абдулла ота мана шундай обод Ватанда яшаётгани, тинч ва бахтиёр кунлар учун доимо шукрона келтириб туради.
Кексаларни эъзозлашдек инсонпарварлик замирида улкан маъно-мазмун мужассам. Зеро, фарзандлар камоли — юрт қудратини, аёлларга муносабат — маданиятимиз даражасини, кексаларга ҳурмат ва эътибор эса, маънавиятимиз истиқболини белгилайди.
Абдулла бобога туман Пенсия жамғармаси, “Камолот” ЁИҲ туман бўлими ва туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимларининг эсдалик совғалари топширилди.
Зотан, насиҳатгуй нуронийлари бор элга қут-барака ёғилади, уларнинг дуолари билан элда тинчлик, юртда фаровонлик барқарор бўлади.