Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

15

Янги “Бахт уйлари”


1.jpg

Мамлакатимизда адлия органлари тизимидаги фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш бўлимлари ва давлат нотариал идоралари моддий техника базасини мустаҳкамлашга, уларнинг фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Биргина ўтган 2014 йилда ФҲДЁ органлари учун 20 дан зиёд замонавий иншоотлар қурилди ва тегишли тартибда жиҳозланди.

Мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги каби Хоразмда ҳам амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган. Минтақада фуқароларга малакали юридик хизмат кўрсатиш сифати ҳам юксалиб бораяпти.

1.jpg

Вилоятнинг Янгибозор ва Янгиариқ туманларида бунёд этилган ФҲДЁ бўлимларининг янги бинолари ушбу туманлар аҳолиси, айниқса оила қураётган ёшлар учун ажойиб совға бўлди. Хусусан, Янгибозор туманида қад ростлаган мазкур иншоот барча замонавий технологиялар, тегишли анжомлар билан жиҳозланган. Ушбу кошонага оила қуриш учун илк қадамларини қўйган йигит-қизларнинг никоҳларини тантанали қайд этиш маросимларини ўтказиш учун ҳавас қилса арзигулик шароитлар яратилган.

Ёшларни оилага тайёрлаш, уларнинг бу соҳадаги билимларини янада бойитиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш юзасидан тизимли асосда “Ёш оила қурувчилар мактаби”, “Оила Дорилфунуни” машғулотларини олиб бориш учун алоҳида маслаҳат хоналари ҳам ташкил этилган.

1.jpg

Янгибозор ҳамда Янгиариқ туманлари ФҲДЁ бўлимларининг янги бинолари замонавий ва миллий архитектура ечимлари уйғунлигида бунёд этилган бўлиб, уларни қуриш учун Ҳукуматимиз ва Адлия вазирлиги ўз вақтида зарур маблағлар билан таъминлаб турди.

Биноларнинг очилиш тантанасида сўзга чиққан Хоразм вилоят ҳокими П.Бобожонов, вилоят адлия бошқармаси бошлиғи И.Сабиров, адлия тизими фахрийси Р.Ражапов ва бошқалар оиланинг нақадар муқаддаслигини яна бир бор эътироф этишиб, давлатимиз томонидан унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, айниқса ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва муҳофаза қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар хусусида гапирдилар.

1.jpg

Таъкидлаш ўринлики, мамлакатимизда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатининг мазмун-моҳияти ҳам ҳар томонлама етук навқирон авлодни камол топтириш, ёш оилаларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлашдан иборатдир. Зеро, оила соғлом экан - жамият мустаҳкам, жамият мустаҳкам экан - мамлакат барқарордир. Оила жамиятнинг асосий ижтимоий таянчидир. Ҳар бир оиланинг тотувлиги ва фаровонлиги, пировард натижада, жамият барқарорлигининг муҳим шартидир.

Шунингдек, тадбир қатнашчилари эртамиз эгалари учун мамлакатимизда яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар уларнинг ватанга муҳаббат, юртга садоқат руҳида камол топишларига замин яратаётганини қайд этдилар.

Янги иншоотларнинг очилиш тантаналари барча иштирокчиларда юртимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган эзгу амалларнинг узвий давоми сифатида чексиз шукроналик ва миннатдорлик ҳисларини уйғотди.

Шу куни ҳар иккала ФҲДЁ бўлимларида ёшларнинг никоҳлари тантанали қайд этилиб, уларга Никоҳ гувоҳномалари топширилди.