Янгиликлар
ИЖОДКОРЛАР ШАРАФЛАНДИ
Жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларга қонунларнинг мазмун-моҳиятини халқчил тарзда етказиш ва бу билан фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданиятини янада ошириш юзасидан адлия органлари олдига бир қатор вазифалар қўйилган бўлиб, ушбу вазифаларни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти каттадир.
Фуқаролик жамияти институтлари тизимида оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, уларни янада эркинлаштириш, нодавлат матбуот нашрлари фаолиятини жонлаштириш, жамиятимизда юз бераётган воқеаларни аҳолига очиқ, ошкора ва холис етказишни даврнинг, ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан ”Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” номли маърузасида энг устувор йўналишлардан бири – ахборот тизимини ислоҳ этиш, хусусан, мамлакатимизни сиёсий жиҳатдан модернизация қилиш жараёнида ҳал қилувчи роль ўйнайдиган ахборот-коммуникация технологиялари ва телевидение тизимида сўз эркинлигини таъминлаш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилди.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
Ҳозирги глобаллашув даврида оммавий ахборот воситалари инсоният ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб улгурганлиги ҳаммамизга аён.
Дарҳақиқат, инсон ва жамият ўртасидаги муҳим бир восита бўлган оммавий ахборот воситалари ҳамиша ҳаёт, юрт ва миллат кўзгуси бўлиб келган.
Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан 27-июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами муносабати билан матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда вилоят Матбуот ва ахборот бошқармаси, “Инсон ва қонун” ҳуқуқий газетасининг вилоятдаги мухбири, “Хоразм ҳақиқати” ва “Хорезмская правда” бирлашган газеталар таҳририяти ходимлари, шунингдек, Хоразм вилоят телерадиокампанияси ва хусусий телеканаллар мухбирлари, бошқа оммавий ахборот воситаларидан вакиллар ҳамда адлия бошқармаси ходимлари иштирок этди.
Матбуот анжуманида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда ўзининг ташаббускорлиги, сайъи-ҳаракатлари билан халқимизнинг ҳурматини ва эътиборини қозонган оммавий ахборот воситалари ҳодимлари ҳамда адлия органлари билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйган оммавий ахборот воситалари вакилларига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Матбуот анжуманида турли мулоҳаза ва таклифлар билдирилди, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Тадбир якунида маъсулиятли ва шарафли касбидаги қийинчиликларни енгиб ўтиб ҳар бир воқелик ва янгиликларни тезкор, холис ва замонавий ёндашувчанлик асосида халққа етказишда камарбаста бўлаётган ижодкорларга адлия бошқармасининг эсдалик совғалари топширилди.