Янгиликлар
ННТга эътибор кучаймоқда
Хоразм вилоят адлия бошқармаси томонидан Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институтида ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш” мавзуида семинар ташкил этилди.
Тегишли давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотларга яратилган шароит ва имтиёзлар, соҳага оид қонунчиликдаги сўнгги янгиликлар тўғрисида тушунтиришлар берилди.
Таъкидланганидек, республикамизда фуқаролик жамияти институтлари, хусусан нодавлат, нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада рағбатлантириш, кенг имкониятлар эшигини очиб беришга қаратилган бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, сўнгги йилларда ННТ, фуқаролик жамияти бошқа институтларининг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини янада ошириб бориш, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнида уларнинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, “Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилини изчиллик билан босқичма-босқич рўёбга чиқаришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шу ўринда учинчи сектор тизимини кенг ривожлантириш, уларни ташкил этиш ҳамда фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий механизмлар ҳамда тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва соддалаштириш бўйича қабул қилинган қонун ҳужжатлари қаторига Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришга кўмаклашиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорини мисол қилиб келтириш мумкин.
Семинар иштирокчилари сўнгги йилларда қабул қилинган “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонун давлат органларининг ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ, ҳудудий дастурларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш борасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратганини эътироф этдилар.
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонун эса давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олиш ҳуқуқининг кафолатларини таъминлаш, улар томонидан қабул қилинаётган қарорлар учун масъулиятини оширишни қонуний мустаҳкамлаб қўйилганига урғу берилди.
Қатнашчилар қонунчиликдаги кейинги янгиликлар, хусусан, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотларини тугатиш тартиби тўғрисидаги низом, Адлия вазири буйруғи билан тасдиқланган Нодавлат нотижорат ташкилотлари тадбирларини келишиш тартиби тўғрисидаги низом, нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан адлия органларига тақдим этиладиган ҳисобот шакллари билан таништирилди.
Семинарда соҳага оид қонунчиликни жойларда кенг тарғиб қилиш, ижросини таъминлаш бўйича амалий таклифлар ўртага ташланди. Турли мулоҳаза ва таклифлар билдирилди, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.