Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

“Бир дарча” марказлари


1.jpgЎзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида “Бир дарча” марказлари фаолиятини намунали йўлга қўйиш юзасидан амалий семинар ўтказилди.

Мазкур тадбир Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 15 май куни қабул қилинган “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатувчи ва назорат органлари мутасаддилари, хусусий сектор вакиллари ҳамда туман ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари ходимлари бир даврага тўпланган анжуманда юқоридаги Фармоннинг мазмун-моҳияти, унинг ижросини таъминлаш юзасидан изчил амалга оширилаётган ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар хусусидаги маълумотлар қатнашчилар эътиборига ҳавола этилди.

Семинарда таъкидланганидек, мазкур фармонга мувофиқ тасдиқланган комплекс Дастурда давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, аризачиларнинг хизмат кўрсатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш кўрсатилган. Эндиликда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш “Бир дарча” марказлари ташкил этилиши назарда тутилмоқда.

Дастурга кўра тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига олиш ва ҳисобга қўйиш Ўзбекистон Республикаси интерфаол давлат хизматлари Ягона порталига интеграция қилинган интернет тармоғида автоматлаштирилган тизим орқали 24 соат узлуксиз амалга оширилади.

Фармон билан Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва бошқа, шу масалага масъул ташкилотларга шу кунга қадар “бир дарча” давлат хизматларини кўрсатаётган турли идораларни тўлиқ хатловдан ўтказиш, намунавий таъсис, давлат хизматларига топшириладиган, жумладан рухсат берувчи ҳужжатларни бериш тартибини ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган. Шунингдек, бундан буён тадбиркор ўзи учун барча давлат хизматларини айнан шу марказлар орқали олиши белгиланмоқда.

Айни вақтда кичик бизнес субъектлари учун юмалоқ муҳрга эга бўлиш, тадбиркорлар томонидан тузилган шартномаларга ҳуқуқий хизматлар хулосасининг, лицензия ва рухсатномалар олиш учун рўйхатдан ўтганлик тўғрисида гувоҳноманинг талаб этилиши бекор қилинади.

Шу билан бирга, фармонда тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатига ўтказишдан тушаётган давлат божининг жаъми суммаси туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари даромадига, 2016 йилнинг 1 январидан эса «Бир дарча» марказларини молиялаштириш манбаи сифатида уларнинг ҳисобига ўтказилиши кўрсатилган. Йиғилган маблағлар фақат ушбу марказлар моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини рағбатлантириш мақсадларига йўналтирилади.

1.jpgСеминарда Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекцияси томонидан “бир дарча” тамойили асосида хизмат кўрсатиш амалиёти ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, рўйхатдан ўтказиш, ваколатли органларда ва хизмат кўрсатиш ташкилотларида объектларни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилиш, бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, турар жой биноларини нотурар жой тоифасига ўтказиш, рухсат берувчи ҳужжатларни, шу жумладан муҳандислик коммуникацияларига уланиш (газ, энергия, сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти, телефон алоқаси) учун техник шартларни расмийлаштириш каби масалалар батафсил ёритилди.

Учрашувда мутахассислар семинар иштирокчиларини қизиқтирган, муҳокама этилган мавзуга оид барча саволлар бўйича тушунтириш бердилар.