Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

Ёш ҳуқуқшунослар: ғолиблар аниқланди


“Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш” Миллий Дастури асосида, мамлакатимиздаги юридик соҳага ихтисослашган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг эркин фикрлаш ва нутқ маданиятини ўстириш, улар орасида иқтидорли ўқувчиларни аниқлаш ва рағбатлантириш ҳамда “Обод турмуш йили”га бағишлаб, Адлия вазирлиги томонидан “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда “Микрокредитбанк” ОАТБ ҳамкорлигида “Ёш ҳуқуқшунослар” кўрик танловининг Республика босқичи ўтказилди.

Таъкидлаш керакки, мустақилликнинг илк кунлариданоқ давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва бевосита раҳбарлигида вояга етмаганлар ва ёшлар тарбияси, уларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш борасидаги ислоҳотларни ҳаётимизнинг бошқа соҳалари билан ўзаро чамбарчас боғланган, тизимли, босқичма-босқич амалга ошириладиган миллий дастури белгилаб олинди. Ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кафолатловчи қонунчилик асосларини яратиш ва ривожлантириш, ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ зарур институционал тузилмаларни яратиш, ёшлар ҳуқуқий тарбиясини, соғлиғини сақлаш, соғлом авлодни тарбиялаш, ёшларга давлат томонидан ғамхўрликни кучайтириш каби йўналишларда Ўзбекистон тажрибаси халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилди.

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади - ёшлар иқтидорини жамият манфаатлари йўлида тўла рўёбга чиқиши учун ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, ташкилий жиҳатдан шарт-шароит яратиш ҳамда кафолатлашга қаратилди. Эътироф этиш керакки, бугунги авлод амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларини, янги ижтимоий муносабатларни англаш, уларга мослашиш ва жамият тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга интилади. Бу, ўз навбатида, ҳуқуқий маданиятни шакллантиришнинг янги усул, шакл ва воситаларини ишлаб чиқишни тақозо этади. Шу жиҳатдан мазкур танлов ёшлар фаоллигини ошириш, иқтидорли ёшларни танлаш ва рағбатлантиришда алоҳида аҳамият касб этади. Ташкилотчилар томонидан икки йилда бир марта ўтказилиши белгиланган кўрик танлов ҳар йилгидан янгича йўналишда, ёшларнинг бевосита талаб ва таклифлари, уларнинг интилишларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилди ва бойитилди.

Танловнинг саралаш босқичида мамлакатимиздаги ҳуқуқшуносликка ихтисослашган ўрта-махсус касб-ҳунар таълими ўқувчилари фаол иштирок этдилар. Саралаш босқичда ғолиб деб топилган 7 та коллеж жамоалари республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдилар. Унинг саралаш босқичи ҳам жойларда ёшларнинг фаоллигида ташкил этилди. Ўз билим ва иқтидорини тўлиқ намоён этиб, барча шартларда ғолиб бўлган билимдонлар жамоаси Республика танловида иштирок этиш ҳуқуқни қўлга киритдилар.

Танлов “Таништирув” деб номланган шартдан бошланиб, унда гуруҳлар ўз иштирокчиларини ва таълим олаётган масканини ёшларга хос қарашлар билан таништириш, сўнгги йиллардамамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ўзларининг ҳуқуқий билимлари асосида баён этиш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни янада юксалтиришга қаратилган таклифларни саҳналаштирилган кўринишлар ва кўргазмали қуроллар орқали намойиш этиш имконига эга бўлишди.

Беллашунинг кейинги шартларида ёшлар мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари йўналишидаги билимларини ўзаро синовдан ўтказишган бўлсалар, якуний шартда, жамоалар ташкилий қўмита томонидан берилган ҳуқуқий мавзулар асосидаги саҳнавий кўринишларини йиғилганларга намойиш этишди.

Шундай қилиб, қизиқарли ва ёшларнинг ҳуқуқий билимлар тадбирига айланган танловда ёшлик шижоати ва дўстлик ришталари ғолиб бўлди. Ҳакамлар ҳайъатининг қарорига асосан, барча шартларда бор билим ва иқтидорини намойиш этган Тошкент юридик коллежи жамоаси биринчи ўрин ҳамда I–даражали диплом, Наманган юридик коллежи жамоаси иккинчи ўрин, II-даражали диплом, Фарғона ҳуқуқшунослик коллежи жамоаси учинчи ўрин ва III-даражали дипом ҳамда ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари билан тақдирландилар.