Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Тадбиркорлик – барқарор даромад манбаи


Президентимиз Ислом Каримов 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ҳамда 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида аҳоли даромадлари таркибида тадбиркорлик фаолиятидан олинаётган даромад ҳажми барқарор ўсиб бораётганини алоҳида таъкидлади.

2012 йилда ушбу кўрсаткич 51 фоизни ташкил қилди. Одамлар даромадининг ярмидан кўпи тадбиркорлик, кичик ва хусусий бизнес ҳисобидан шаклланган. Бунда мамлакатимизда бизнесни юритиш билан боғлиқ барча жараёнларни либераллаштириш, соддалаштириш, арзонлаштириш ва уларнинг очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар муҳим омил бўлмоқда.

– Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун зарур ҳуқуқий кафолатлар яратилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Шокир Саидов. – Ушбу кафолотларни яхши билиш ва улардан самарали фойдаланиш бизнес ривожида муҳим ўрин тутади. Шу боис адлия идоралари томонидан тадбиркорларнинг ҳуқуқий билими ва маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай изчил ишлар самарасида тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданияти тобора юксалмоқда. Буни уларнинг ўз ҳуқуқлари ҳимоясига бўлган интилишидан, тегишли идораларга мурожаатларидан ҳам билиш мумкин. Хусусан, ўтган йилда адлия идораларига тадбиркорлик субъектларидан икки мингга яқин мурожаат тушган бўлса, уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган.

Мисол учун, Бухоро вилояти Когон шаҳрида фаолият кўрсатаётган “Мақсуд транс” масъулияти чекланган жамияти раҳбари О.Чориев адлия идорасига ёрдам сўраб мурожаат қилган. Сабаби, солиқ инспекцияси ходимлари жамиятда текшириш ўтказиб, тадбиркорга катта миқдорда молиявий жарима солган. Бу ҳолат адлия ходимлари томонидан ўрганилганда текшириш тегишли тартибга риоя этилмаган ҳолда ўтказилгани аниқланди. Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти хўжалик судига даъво аризаси киритилиб, солиқ инспекциясининг қарори бекор қилинди. Айбдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Адлия органларида “Ишонч телефони” ташкил этилгани тадбиркорларнинг тўғридан-тўғри мурожаат қилиш имкониятини янада кенгайтирди. Бу телефонларга бўлган ҳар бир мурожаат алоҳида назоратга олиниб, тегишли тартибда кўриб чиқилмоқда. Тадбиркорлар Адлия вазирлигининг интернет сайтидаги “Тадбиркор мурожаати” саҳифаси орқали ҳам ўзлари дуч келаётган муаммоларга тезкорлик билан ечим топмоқда.

Айни пайтда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказилаётган текширишларнинг қонунийлиги, уларга қўлланилаётган иқтисодий жазоларнинг ҳаққонийлиги ҳам изчил ўрганиб борилмоқда. Аниқланаётган ноқонуний ҳолатлар ўз вақтида бартараф этилмоқда. Масалан, Навоий вилояти Нурота тумани давлат санитария-эпидемиология назорати маркази бош врачи ёрдамчиси Ш.Мухторов томонидан Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи комиссиянинг рухсатисиз якка тартибдаги тадбиркор А.Хидиров фаолияти текширилган. Тадбиркорнинг адлия органига мурожаатидан кейин ҳуқуқбузарга нисбатан интизомий жазо чораси ҳамда жарима тайинланди.

Тегишли идораларга тақдимномалар киритиш, суд тартибида ҳимоя қилиш орқали тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тўла тикланаётир. 2012 йилда адлия органлари томонидан тегишли идораларга киритилган тақдимнома, огоҳнома ва кўрсатма натижасида 2,5 минг нафардан зиёд мансабдор шахс интизомий жавобгарликка тортилгани, шу жумладан, юз нафардан зиёди эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани бунинг далилидир.

Шу билан бирга, маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг тадбиркорликка оид ҳужжатлари инвентаризациядан ўтказилди. Натижада ушбу органларнинг мингдан ортиқ ноқонуний қарор, фармойиш, хат ва ҳужжатлари тадбиркорлар ҳуқуқларини чеклаётгани аниқланди. Уларнинг барчаси бекор қилиниб, бунда айбдор мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди.

Фаолият юритмаётган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини қайта тиклашга кўмаклашиш ҳам энг муҳим масалалардан. Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, вилоятлар, шаҳар ва туманлардаги соҳага оид муаммоларни ўрганиш ва уларни ҳал этиш чораларини кўриш бўйича доимий ишловчи Республика ишчи гуруҳи фаолият юритмоқда. Адлия вазирлиги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни мувофиқлаштириш ва белгиланган туманлар бўйича умумий масалаларнинг ижросини таъминлашга кўмаклашиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга ошираётир. Бу борада ўтказилган таҳлилларга кўра, уч мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектининг фаолиятини тиклаш мумкин, деб топилди ва кўпчилик тадбиркорларнинг фаолияти тикланди. Жумладан, Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги “Мурод Сардор сервис” хусусий корхонаси вақтида кредит ололмагани туфайли фаолиятини тўхтатган. Адлия ходимларининг амалий кўмаги натижасида хусусий корхонага кредит ажратилди ва у яна иш бошлади.

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги таъминланаётгани соҳа вакилларининг эркин ва барқарор фаолият юритишида муҳим омил бўлмоқда. Бу аҳоли даромадларини ошириш, бандликни таъминлаш, мамлакатимизни янада ривожлантиришга хизмат қилаётир.