Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Буюк шоирга эҳтиром


Шу кунларда мамлакатимизда буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллудининг 572 йиллигига бағишланган маърифий тадбирлар, адабий кечалар, илмий анжуманлар, мушоиралар ўтказилмоқда. 1.JPG

Анъанага кўра, 9 февраль куни Алишер Навоий номи билан аталувчи Ўзбекистон Миллий боғида шоир таваллудининг 572 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 
Шу муносабат билан бу ерга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, турли вазирлик ва идоралар, ижодий уюшмалар мутасаддилари, маънавият тарғиботчилари, ўқитувчилар, маҳалла фаоллари, талаба-ёшлар йиғилди. 
Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов, филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Шуҳрат Сирожиддинов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Эшқобил Шукур ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида буюк аждодларимизнинг умрбоқий илмий-маърифий меросини ўрганиш борасида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар миллий адабиётимизни ривожлантириш, халқимиз, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади. 
Маънавият ва маърифатни юксалтириш, баркамол авлодни вояга етказиш, она тилимиз, миллий адабиётимиз равнақида улуғ шоир, мутафаккир Алишер Навоий ижодининг аҳамияти беқиёсдир. Мамлакатимизда Навоий меросини ўрганиш, асарларини нашр этиш, мазмун-моҳиятини кенг тарғиб ва ташвиқ қилиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан бу борадаги ишлар ҳар томонлама рағбатлантирилиб, шоир асарлари жамланган йигирма жилдлик ва ўн жилдлик тўпламлар халқимизга тақдим этилди. 
Ҳозирги глобаллашув даврида Алишер Навоийнинг инсоний баркамоллик, одоб-ахлоқ, беғубор ва покиза туйғулар улуғланган асарлари ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. Шу боис улуғ шоирнинг ижод намуналари жаҳон халқларининг кўплаб тилларига таржима қилиниб, олимлар, кенг жамоатчилик томонидан катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. 2.JPG
Шоир ўз асарларида улуғлаган юрт равнақи, ободлиги, осуда ва фаровон ҳаёт, жамиятдаги барқарорлик, ўзаро тотувлик ва аҳиллик, меҳр-оқибат муҳитини асраб-авайлашдек эзгу ғоялар Президентимиз томонидан эълон қилинган Обод турмуш йили мазмун-моҳияти билан ғоят ҳамоҳангдир. 
Тадбирда Алишер Навоий даҳосига бағишланган шеърлар ўқилди. 
Тадбир иштирокчилари Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйди. 
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов, Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов иштирок этди. 
* * * 
Шу куни пойтахтимиздаги Шоирлар хиёбонида Алишер Навоий таваллудига бағишланган мушоира бўлиб ўтди. Унда адабиёт ихлосмандлари, шоир ва ёзувчилар, навоийшунос олимлар, ўқитувчилар қатнашди. 
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, халқ шоири Сирожиддин Саййид, навоийшунос олим, академик Азиз Қаюмов, филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев ва бошқалар Навоийнинг ижодий мероси ёшларни ватанпарварлик, фидойилик, ҳалоллик, поклик каби фазилатлар руҳида тарбиялашдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётганини таъкидлади. 
Буюк шоир таваллуд санасига бағишланган адабий тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда.