Bog'lanish

Telefon
(+998 62) 226-05-37

Elektron manzil
xorazm@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

11

Гиёҳвандликка қарши курашиш – долзарб вазифа


Урганч шаҳрида ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази билан Европа Иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур анжуманда вилоят ҳокимлиги, халқ таълими бошқармаси, олий таълим муассасалари мутасаддилари, Республика саломатлик ва тиббий статистика институти вилоят филиали, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши вакиллари, хорижлик мутахассислар иштирок этди.
Семинарда мамлакатимизда ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар самарасида муайян ижобий натижаларга эришилаётгани қайд этилди.
“Марказий Осиёда ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш” лойиҳаси минтақа давлатлари учун мўлжалланган. Уч йилдан ортиқ даврга мўлжалланган ушбу лойиҳа асосида Урганч шаҳрида гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Хоразм вилояти наркология диспансерида ушбу хасталикка чалинганларга тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш, бу борада зарур маслаҳат, тавсиялар бериш мақсадида "ишонч телефони" хизмати ташкил этилди. Гиёҳвандликка қарши курашиш чораларини амалга оширувчи ишчи гуруҳи фаолият кўрсатмоқда. Мазкур иллатнинг олдини олиш борасидаги тадбирларни самарали йўлга қўйиш мақсадида мунтазам равишда семинар-тренинглар ўтказилмоқда.
Гиёҳвандликка қарши курашиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар европалик мутахассисларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
– Лойиҳани амалга ошириш жараёнида бу ерда ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан вилоят ҳокимлиги, бир қатор муассаса ва ташкилотлар кўмагида катта ютуқларга эришилганини қайд этиш лозим, – дейди польшалик мутахассис Януш Зерославский. – Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши курашиш самарали йўлга қўйилган. Бу борада тўпланган тажриба лойиҳанинг Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ўтказилиши белгиланган навбатдаги босқичида ҳам юқори самара беради, деб ўйлайман.
Анжуманда ёшларни зарарли иллатлар таъсиридан асраш, улар ўртасида маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилаш, ҳушёрлик ва сезгирликни ошириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.