Соғлом оила, аҳил маҳалла, намунали мактаб

Келажагимиз эгаларининг маънан етук, жисмонан соғлом, юксак салоҳиятли, ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда камолга етишида оила – маҳалла – таълим муассасаси ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга.

Бу борада пойтахтимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Фарида Абдураҳимова ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

– Фарзандларимизни маърифатли ва маънавиятли қилиш, касб-ҳунар эгаллаб, жамиятга нафи тегадиган инсон бўлиб камол топишида ота-оналарга маҳалла ва таълим муассасаси энг яқин ёрдамчи ҳисобланади. Ёшларимиз маънавиятини шакллантиришда оиладаги муҳит, она тарбияси, оталар ўгити, кейинчалик маҳаллада, умумтаълим мактабларида, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртларида бериладиган таълим-тарбия муҳим ўрин тутади.

Истиқлол йиларида оила, хотин-қизлар, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилишга оид 50 дан ортиқ қонунлар, қонуности хужжатлари қабул қилиниб, бир неча халқаро конвенциялар ратификация қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 июндаги «Баркамол авлодни тарбиялашда оила институти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим ҳуқуқий асосдир. Мазкур қарор ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини кучайтириш, ўқув муассасаларида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини яхшилашда муҳим омил бўлаётир.

“Оила – маҳалла – таълим муассасаси” ҳамкорлиги концепциясининг жорий этилиши қисқа муддатда ўзининг ижобий натижаларини кўрсатди. Ушбу концепция навқирон авлодни турли ҳуқуқбузарликлар, экстремизм, гиёҳвандлик, “оммавий маданият” каби иллатлардан асраб-авайлаш, бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни касбга йўналтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Пойтахтимиздаги мавжуд беш юздан зиёд фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида “Оила – маҳалла – таълим муассасаси” жамоатчилик кенгашлари ташкил этилиб, улар ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулиятини кучайтириш, ўқувчиларнинг дарсларга қатнашишини ўрганиш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширмоқда. Маҳаллаларда қизларнинг одоб-ахлоқ мезонларига қатъий риоя этиши, тафаккурини бойитиш, салоҳиятини юзага чиқариш мақсадида тажрибали психологлар, ўқитувчи ва мураббийлар, онахонлар иштирокида турли тадбирлар, давра суҳбатлари, учрашувлар мунтазам ўтказилмоқда. Мақсад – эрта турмушнинг олдини олиш, қизларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни маълумотли, касб-ҳунарли қилиш, жамиятда муносиб ўринларини топишига кўмаклашишдир.

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таъкидлаганидек, қизларимиз тимсолида биз авваламбор бўлғуси оналарни, халқимиз, миллатимизнинг умиди ва таянчи ҳисобланган келажак авлодни дунёга келтириб, вояга етказадиган наслимиз давомчиларини кўрамиз. Қиз бола соғлом ва бахтли бўлса, у қурадиган оила ҳам, унинг меваси бўлмиш бола ҳам соғлом ва бахтли бўлади.

Мамлакатимизда қизларимизнинг замонавий касб-ҳунар ўрганиши, 12 йиллик мажбурий бепул таълимдан фойдаланиб, ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишлари учун барча шарт яратилган.

Пойтахтимизда бугунги кунда “Аёллар маслаҳат марказлари”нинг фаолият юритаётгани, у ерда хотин-қизларимизга ҳуқуқий, тиббий, психологик хизматлар кўрсатилаётгани ҳам маънавий соғлом оилалар камол топишида муҳим омил бўлмоқда.

Тошкент шаҳар ва туманлар хотин-қизлар қўмиталари қошида касб-ҳунар коллежларини битирган қизларнинг бандлигини таъминлаш бўйича штаблар ташкил этилган. Мазкур штаблар орқали қизларнинг ҳунар эгаллаганларидан кейин ўзлари танлаган йўналиш бўйича бандлигини таъминлаш, келгуси ҳаётда ўз ўрнини топишида амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Масалан, 2015-2016 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини битирган ўн икки мингдан зиёд қизнинг бандлигини таъминлашга кўмак берилди.

Афсуски, бугунги кунда ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм каби ёт ва бузғунчи ғоялар интернет орқали ёшларимиз онгига рахна солмоқда. Ана шундай иллатларнинг олдини олиш мақсадида бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни атрофлича таҳлил қила оладиган мутахассисларни жалб этган ҳолда ёшлар учун ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда.

Қиз боланинг тарбияси қанча эрта бошланса, шунча яхши. Мактабгача таълим муассасаларида ўтказилаётган “Зумрадойлар давраси” тўгараги жажжи қизалоқларни миллий урф-одат ва қадриятларимиз руҳида тарбиялаш, иболи, хаёли ва юксак маънавиятли қилиб вояга етказишга хизмат қилмоқда.

Умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда жорий этилган “Ораста қизлар” тўгараги уларнинг жисмонан соғлом, ҳар томонлама билимли ва юксак маънавиятли бўлиб вояга етиши, халқимизга хос одоб-ахлоқ мезонларини ўзлаштиришида муҳим аҳамият касб этаётир. Тўгаракларда қизларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг шахсий гигиена қоидаларига мунтазам амал қилиб боришини таъминлаш мақсадида шифокорлар, ҳуқуқшунослар, меҳнат фахрийлари иштирокида турли тадбирлар ўтказилмоқда.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигидаги ишлар кўлами янада кенгайди.

Яқинда Учтепа туманининг Журжоний маҳалласида маърифий тадбир ўтказилди. Коллежда таҳсил олаётган Ф. исмли қиз ота-онаси, айниқса, "тезроқ тўй қилинглар, кўзим очиқлигида неварамнинг келин бўлганини кўрай", деб шошилтираётган кекса бувиси ҳақида гапириб берди. Ф. таълим муассасасидаги фаол, ташаббускор, аълочи, жамоатчи қиз экан. 

У коллежни тамомлаб, олий ўқув юртига киришни орзу қилади. Тадбирдан сўнг психолог, шифокор, маҳалла кайвонилари биргалашиб, қизнинг ота-онаси ва бувиси билан учрашди, унинг хоҳишини тушунтиришди. Натижада яна битта эрта никоҳнинг олди олинди.

“Соғлом она ва бола йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда “Маҳалланинг энг ораста қизлари” танлови ўтказилди. Танловнинг маҳалла, туман ва шаҳар босқичларида ўн мингдан ортиқ қиз иштирок этиб, ўзларининг соғлом турмуш тарзи, 12 йиллик таълимнинг аҳамияти, қизларга хос ибо, кийиниш маданияти борасидаги билимлари ҳақида сўзлаб берди.

Ҳар соҳада фаол ва ташаббускор ўзбек қизлари Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов орзу қилганидек, “... ўзбек аёли маърифатли, маънавияти юқори, тафаккури теран, шу билан бирга, замонамизга хос барча ижобий хислатларни ўзида мужассамлаштирган оқила ва доно бўлиши керак. Чунки аёл жамиятнинг негизи ҳисобланган оилада фарзандлар тарбияси билан шуғулланиб қолмасдан, жамиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлмоғи лозим”, деган ўгитлари асосида камолга етмоқда.

Азима Қиёсов, ЎзА



Рўйҳатга қайтиш