“Ақли расо ҳар қайси инсон яхши англайди-ки, бу ёруғ дунёда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Фарзанд бор экан, одамзод ҳамиша эзгу орзу ва интилишлар билан яшайди”.
Ислом КАРИМОВ
Маънавий ва жисмоний баркамол фарзанд оила мустаҳкамлиги ва бардавомлиги, жамият мустахкамлиги ва маънавий етуклигининг гаровидир. Сохибқирон бобомиз Амир Темур ҳам ўғил уйлантиришни, келин танлашни, фарзанд тарбиясини давлат сиёсати даражасига кўтарганлиги ҳам бежиз эмас. Давлатнинг кудрати-соғлом фикрли, билимли, ахлоқ-одобли, халқ, миллат, ватан тақдири учун жонини тикадиган инсонлар қўлида. Бундай инсонлар илк бор оилада тарбияланадилар. Шундай экан фарзанд нафақат оила чироғи, эртаси, балки ватан келажаги, унинг таянчи ва суянчи ҳамдир. Чунки ҳар бир ўзбек оиласи борки ўз хонадонида туғилган чақалоқни юрт хизматига ярайдиган, эртага юртга, халққа фойдаси тегадиган инсон бўлиб етишишини, халқ ифтихори бўлишини, президентимизнинг ишончини оқлаб у кутган инсон бўлиб етишишини хохлайди. Оиладаги тарбияни шунга қараб қуради. Мустақиллик йилларида соғлом фарзандларнинг дунёга келиши, уларнинг соғлом турмуш тарзида улғайиши ва камол топиши, билимли бўлиши мухтарам юртбошимиз раҳнамолигида давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Бу ўринда биргина Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сонли Соғлом оилани шакллантириш, ирсиятга боғлиқ ва туғма касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида”ги низомни тасдиқлаш ҳақида” Қарорини айтиб ўтишнинг ўзигина бу борадаги давлат сиёсатининг аҳамиятини яққол исботлайди.
Мазкур қарор давлат томонидан соғлом фарзандларни дунёга келишини таъминлаш, уларни баркамол авлод қилиб тарбиялаш борасидаги энг катта эътибор десак адашмаймиз.
Албатда давлатимизнинг бу борадаги оқилона сиёсатини, Президентимиз ғамхўрлигини менимча хеч нарса билан ўлчаб, таққослаб бўлмайди.
Никоҳланувчи шахсларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш сифатини яхшилаш, улар орасида ирсий ва туғма касалликларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш; маҳаллаларда, ўқув муассасаларида, корхона ва ташкилотларда, аҳоли ўртасида, айниқса, аёллар ва никоҳга кираётган ёшлар ўртасида доимий равишда тушунтириш ишлари олиб бориш; соғлом турмуш тарзини шакллантириш; соғлом оила қуриш, соғлом фарзандларни дунёга келтириш ва тарбиялаш; хомиладор аёллар ва болалар парваришига оила жавобгарлигини ошириш, бола парвариши бўйича ота-оналар билимларини ошириш, шунингдек юқоридаги қарорнинг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли ўртасида тарғиб қилиш каби масалалар ана шулар жумласидандир.
Бу каби тадбирлар туман хотин-қизлар кўмитаси, туман тиббиёт бирлашмаси, маҳалла фуқаролар йиғинлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати туман бўлими ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари муҳтарам юртбошимизнинг 2016 йилни “Соғлом она ва бола” йили деб эълон қилиниши ва бу борада 88 банддан иборат давлат Дастурининг қабул қилиниши оилада, жамиятда соғлом фарзандларни дунёга келтириш, оналар соғлигини сақлаш бўйича давлат томонидан кўрсатилаётган ғамхўрликнинг чўққиси десак адашмаган бўламиз. Бунинг исботи сифатида биргина ушбу Дастурнинг ижроси юзасидан 2016 йилда Дастурни амалга оширишга 7483,3 млрд сўм ва эквивалентда 194 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилишининг кўзда тутилиши ушбу дастурнинг аҳамияти ва кўламини белгилаб беради.
Бироқ, таассуф-ки, бугунги кунда оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг қадрига етмаётган, фарзандлари тақдирига бефарқ қараётган, уларнинг соғлиги, маънавий камолоти, келажаги хусусида қайғуришни истамаётган, қисқача айтганда, оиласи ва яқинлари тақдирига лоқайд муносабатта бўлаётганлар ҳам йўқ эмас.
Мисолларга мурожаат қилайлик. Жорий йилнинг дастлабки 6 ойи мобайнида туман ФҲДЁ бўлимида 26 та ажрим ҳолати қайд эдилди. Ана шуларнинг 4 таси фарзандсизлик туфайли, қолган 22 таси эса турли сабабларга кўра никоҳларини суд қарори асосида ажратган фарзандли оилалардир.
Ана шу даврда суд қарорига асосан 9 та ҳолатда оталикни белгилаш қайд этилганлигини қандай изоҳлаш мумкин?!
Таъкидлаш жоиз-ки, ёшларнинг ўз вақтида ўрталаридаги никоҳларини қонуний равишда қайд эттирмасликлари, йигитларимизнинг ёш келинчакларни ёхуд фарзандларини кексалар қарамоғида қолдириб, ишлаш баҳонасида узоқ муддатга бошқа давлатларга кетиб қолаётганликлари, ёки енгил-елпи ҳаёт кечиришни одат қилиб олганликлари каби омиллар юқоридагидек салбий ҳолатларга сабаб бўлмоқда.
Ф.Абдуллаева, Хива шаҳар ФҲДЁ бўлими мудираси