Оила деганимизда кўз олдимизга ота-она, фарзандлар, бобо-бувилар ва бир хонадонда яшовчи бошқа шахслар келади. Оила катта-кичик бўлиши мумкин. Масалан, ота-она, фарзандлари, келинлари ва бир нечта набиралари, ёки ота-она ва битта фарзанд бўлиши мумкин. Оила-ватан ичра кичик ватандир.
Бизнинг мамлакатимизда оила-муқаддас даргоҳ, никоҳ эса бузилмас ришта сифатида қаралади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIV боби оилага бағишланган. 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат мухофазасида бўлиш ҳуқуқига эга” деб таъкидланган. Конституция белгилаган ижтимоий тузум билан оила ўртасида узвий боғланиш мавжуд.
Халқимиз янги оила барпо бўлар экан, уни икки ёшга, яъни янги эр-хотинларга ташлаб қўймайди. Янги оилага ота – оналар, қариндошлар, маҳалла, жойлардаги хотин-қизлар кўмиталари, “Оила” илмий-амалий маркази, шунингдек мутасадди ташкилотлар ҳам эътибор қаратади. Яъни бизнинг давлатимизда оила масаласига давлат сиёсати даражасида қаралиб келинмоқда.
Мустақиллигимизнинг илк кунлариданоқ оилага катта эътибор қаратилди. 1998 йил мамлакатимизда “Оила йили” деб эълон қилинди. Шу йили мамлакатимизда қурилаётган инсонпарвар демократик давлат вазифаларини бажаришга, умуминсоний ва миллий қадриятлар асосида оилаларнинг барқарорлигини таъминлаш тизимини барпо этишга қаратилган нормаларни ўзида акс эттирган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 2 февралда қабул қилган қарори билан Ўзбекистон Республикаси хотин-қизлар кўмитаси ҳузурида Республика “Оила” илмий-амалий маркази ташкил қилинди. Бундан асосий мақсад жамият тараққиётида маънавий баркамол ва жисмоний соғлом авлодни тарбиялашда оиланинг ўрни муҳим эканлигини ҳисобга олиб, оилага тааллуқли бой ва сермазмун миллий анъаналарни авайлаб асраш, уларни умумбашарий қадриятлар билан уйғунлаштириш, оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, оила аъзоларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш муаммоларини илмий ўрганишни ва фуқароларга бу масалаларда амалий ёрдам беришни мувофиқлаштиришдан иборат.
Ғарб мамлакатларида бўлаётган нохушликларга сабаб, шу мамлакатнинг маънавий таназзулга учрагани, миллий қадриятларига эътиборсизликлари, энг ачинарлиси, оилага муносабатнинг издан чиққанидир.
Энг аввало, оилада соғлом маънавий муҳит, оила аъзоларида ўзаро ҳурмат-эҳтиром руҳини яратиш, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятларимизни сақлаб қолиш, ёшларимиз онгига соғлом турмуш тарзини сингдириш асосий вазифамиз бўлиб қолиши лозим.
Режага асосан Боғот туман хотин-қизлар кўмитаси, “Оила” илмий-амалий маркази ходимлари билан ҳамкорликда Боғот тумани Иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида “Оила аъзоларининг ҳуқуқий билимини ошириш – оила барқарорлиги омили” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда тумандаги 3 та намунали оила вакиллари иштирок этиб, оиладаги ҳаётий тажрибаларини ёшларга сўзлаб, мустаҳкам, бахтли оила қуриш сирларидан сабоқ бердилар.
М.Матмуратова, Боғот туманидаги ФҲДЁ бўлими мудираси